Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Шайтанат олами” — Қозондаги “Ҳади Тақташ” жиноий гуруҳи қандай йўқ қилинганди?
Сўнгги пайтларда Россияда суратга олинган “Слова пацана” сериали кўпчиликнинг оғзига тушди. Сериалда 1980-йилларда Қозон шаҳрида фаолият юритган жиноий гуруҳлар ҳақида ҳикоя қилинади. Ўша пайтда улар орасида энг машҳури “Ҳади Тақташ” жиноий гуруҳи бўлган. “Слова пацана” сериали шу гуруҳнинг собиқ аъзоси томонидан ёзилган асар асосида суратга олинган.
1993 йил сентябрда Қозон шаҳрида яшовчи уч нафар шахс Илсур Валеев, Рустем Бареев ва Владимир Диденко иш юзасидан Москва шаҳрига боради ва бедарак йўқолади.
Кўп ўтмай уларни қидириб Қозондан Александр Кабалнов, Булат Куваков ва Сергей Аксанов ҳам Москвага боради. Бироқ бу учовлон ҳам дараксиз кетади.
1994 йил январ ойида Москва яқинидаги Чермянка дарёси коллекторини тозалаш пайтида иккита жасад топилади. Экспертиза жасадлар Александр Кабалнов, Булат Куваковга тегишли эканини маълум қилади.
Шундан сўнг Москва милицияси Қозондан келиб Москвада йўқолган олти нафар шахснинг барчаси ўлдириб юборилганини тахмин қилади. Қолган тўрт кишининг жасади кейин ҳам топилмайди.
Советлар даврида мамлакатда жиноятчилик авж олгани, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ва яширинча фоҳишабозликлар урчигани яшириларди. Бу салбий иллатлар айниқса СССРнинг Европа қисмидаги шаҳарларда авж олганди.
Одамларга “СССРда одамлар бахтли ва фаровон яшаяпти, гиёҳвандлик, жиноятчилик умуман йўқ” деб уқтириларди. Масалан, 1980-йиллар бошида жиноий гуруҳлардан бири кўплаб уруш фахрийларини ўлдириб, қимматбаҳо орден ва медалларини олиб кетганда бу иш ҳам оммадан яширилади.
Ёки Чингиз Айтматовнинг 1980-йил ўрталарида чоп этилган “Қиёмат” романини эслайлик. Асар қаҳрамони вилоятдаги бош газетада мухбир бўлиб ишлайди ва Қозоғистон чўлларида ўсиб турган ёввойи наша СССРнинг турли ҳудудларига қандай тарқатилаётгани ҳақида мақола қилмоқчи бўлади.
Йигитни Қозоғистонга юборган газета бош муҳаррири у ёзиб борган мақолани чоп этишни хоҳламайди. Чунки ўша пайтларда СССРда гиёҳвандлик авж олаётгани ва ёшлар орасида нашавандлар кўпайиб бораётгани зўр бериб яшириларди.
Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек кун келиб СССРда оммадан яширилган барча ишлар ошкор бўлди. Шу жумладан, 1980-йилларда СССРда тузилган жиноий гуруҳлар фаолияти ҳам.
Москвада бедарак йўқолганларга келсак, кўп ўтмай, ўлдирилган деб тахмин қилинган олти нафар қозонлик Татаристонда анча оммалашган “Ҳади Тақташ” (русчада “Хади Такташ”) деб номланган жиноий гуруҳ аъзолари экани ойдинлашади.
“Ҳади Тақташ” СССР давридаги энг машҳур ва аёвсиз тарзда ишлаган жиноий гуруҳ бўлган. Бу гуруҳ нафақат бошқа гуруҳлар билан “жанг” олиб борган, балки “Ҳади Тақташ”нинг ичида ҳам доимо келишмовчиликлар бўлиб турган.
Яқинда Россиялик киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Слова пацана” сериали анча муҳокамаларга сабаб бўлди. Сериал Роберт Гараевнинг “Йигит сўзи. 1970–2010-йилларда Татаристондаги жиноятлар” китоби асосида суратга олинган.
Китоб муаллифи ҳам бир пайтлар “Ҳади Тақташ” гуруҳи аъзоси бўлган. Бу гуруҳнинг сўнгги аъзолари 2010-йиллардан сўнг жазога тортилган.
“Ҳади Тақташ” жиноий гуруҳи ҳақида
“Ҳади Тақташ” жиноий гуруҳи 1980-йиллар бошида Қозон шаҳрида ташкил этилган. Гуруҳга бундай деб ном қўйилишига сабаб, уни илк бор шаҳарнинг Ҳади Тақташ кўчасида яшовчи ўсмирлар тузганди.
Маълумот учун, Ҳади Тақташ таниқли татар шоири Муҳамметҳади Хайрулла ўғли Тақташевнинг тахаллуси бўлган. Ушбу шоир 1920–30-йилларда фаолият кўрсатган. Ҳади Тақташ 1915-1919 ва 1921–1922-йилларда Бухоро ва Тошкент шаҳарларида ҳам яшаган. 1918 йилда унинг “Туркистон саҳроларида” деб номланган биринчи шеъри “Улуғ Туркистон” газетасида чоп этилган. Шоир 1931 йилда Қозонда касаллик туфайли оламдан ўтган.
Гуруҳни ўсмир ёшдаги йигитлар тузган, аввалига бошқа кўча ва мавзелардаги болалар билан жанжаллашиб юришган. Ўша пайтда Қозонда бундай гуруҳлар жуда кўп бўлиб, ўсмирлар ўз гуруҳларига яшаётган кўчалари ёки мавзеларининг номини қўйишарди.
Бир сўз билан айтганда, СССРда оммавий тарзда жиноий тўдаларнинг ташкил этилиши илк марта Қозонда бошланган. Сўнг мамлакатнинг бошқа шаҳарларига кўчган. Кўп ўтмай безори тўдалар уюшган жиноий гуруҳларга айланган.
1980-йилларнинг иккинчи ярмига келиб гуруҳ аъзолари улғаяди. Шу пайтларда гуруҳ кенгаяди ва унга кўплаб янги аъзолар қабул қилинади.
1986 йилда совет милицияси Қозондаги жиноий гуруҳларни тўлиқ рўйхатга олганда уларнинг сони 50 дан ошиқлиги ва 3,5 мингдан ошиқ аъзолари борлиги маълум бўлган. Айрим газеталар ва комсомол ташкилотлари жиноий гуруҳлар сони 65-100 та атрофида эканини ёзган.
“Слова пацана” китоби муаллифи Роберт Нареев 1980-йилларда Қозонда 150 га яқин жиноий гуруҳлар борлигини маълум қилган. Айтганча, Гареевнинг ўзи ҳам бир пайтлар Қозондаги жиноий гуруҳлардан бирининг аъзоси бўлган.
СССР парчаланишга яқинлашар экан, 1980-йиллар иккинчи ярмидан бошлаб совет иттифоқидаги вазият оғирлаша бошлайди. Мамлакатда иқтисодий инқироз кучайгани сари жиноят олами кучайиб боради.
1991 йилда СССР парчаланиб кетгач вазият буткул издан чиқади. Энди турли жиноий гуруҳлар яккаҳокимлик учун аввалига ўз ҳамшаҳарларини аёвсиз маҳв этишади. Сўнг шаҳарлараро жанглар бўлади.
Оқибатда Россиядаги жиноий гуруҳларнинг энг зўрлари Москвада жойлашади. Ҳудудлардагилар уларга бўйсунади. Ўз навбатида ҳудудлардаги гуруҳлар бошқа кичик гуруҳлар устидан ўз ҳукмини юрғизади. Жиноят олами шу тариқа ўз салтанатини ташкил этади.
Ўша пайтда “Ҳади Тақташ” жиноий гуруҳи “эскилар” ва “янгилар”дан иборат эди. “Эскилар” сафига 1980-йиллар бошида гуруҳни ташкил этганлар кирса, 1990 йил атрофида гуруҳга қабул қилинган ёшлар “янгилар” эди.
1990-йиллар бошларида “янгилар” “эскилар”га бўйсунмасликларини эълон қилади, “Ҳади Тақташ” жиноий гуруҳи иккига бўлиниб қолади. Сўнг улар ўртасида кескин рақобат бошланади.
Ўша пайтда эскиларга “Рафа” лақабли Рауф Шарафутдинов, янгиларга эса Анвар Халилулин бошчилик қилган. Янгилар Горбачёв бошлаган иқтисодий ислоҳотлар туфайли турли корхоналарни эгаллай бошлайди ва бизнес билан актив шуғулланади. Эскилар эса чорасиз қолади.
1992 йил 4 ноябрда янгилар лидери Анвар Халилулин отиб ўлдирилади. Гуруҳ аъзолари ҳам қараб турмайди ва 1993 йил январда эскилар раҳбари Рауф Шарафутдиновни Москвада ўлдириб кетишади.
Бундан ташқари, эскиларнинг яна олти нафар аъзоси Москвада изсиз ғойиб бўлади. Кейинроқ уларнинг икки нафари жасади дарёдан топилади, қолган тўрт нафари бедарак кетади. Уларнинг барчаси эскилардан бўлиб, янгилар томонидан ўлдирилганди.
Шу тариқа, янгилар ҳукмронликни ўз қўлларига олади. Николай Гусев гуруҳ раҳбари бўлади ва ўзига “Раджа” лақабли Радик Галиакберовни ўринбосар қилиб тайинлайди. Кўп ўтмай Гусев Испанияга кўчиб кетади ва гуруҳ раҳбарлиги Радикка қолади.
Радик энг биринчи ишни гуруҳдаги қолган-қутган эскиларни йўқотишдан бошлайди. Сўнг бирин-кетин Қозондаги барча ташкилотлар назоратга олинади. “Ҳақ тўлайдиганлар” орасида иккита қабристон ҳам бор эди.
Гарчи гуруҳда яккаҳокимлик ўрнатилиши унча узоқ давом этмайди. Кўп ўтмай “Ҳади Тақташ” аъзолари уч гуруҳга бўлинади ва бир-бирини қиришда давом этади.
Масалан, 1995 йилда гуруҳнинг актив аъзоларидан бири Эдуард Хайруллин ўлдириб кетилади. Орадан йиллар ўтиб, 2016 йилда уни ўша пайтда гуруҳнинг бошқа бир аъзоси “Форик” лақабли Фарит Мунипов ўлдиргани ошкор бўлади.
Гуруҳнинг тугатилиши
Гуруҳ учга бўлингандан сўнг одам ўлдириш жинояти кескин кўпаяди. Охир-оқибат россия ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари “Ҳади Тақташ” жиноий гуруҳини йўқ қилишга қарор қилади.
1999 йилда “Ҳади Тақташ”нинг учта гуруҳи раҳбарлари ва бошқа аъзолари олдинма-кейин ҳибсга олинади. Жумладан гуруҳнинг аосий раҳбари Радик Галиакберов, унга бўйсунмай келаётган “Марсик” лақабли Марс Гизатуллин ушланади. Раис Галикеевга қидирув эълон қилинади.
Кўп ўтмай Қозондаги яна жиноий гуруҳ раҳбари ўлдирилади. Қотилни ушлашганда у “Ҳади Тақташ” аъзоси бўлиб чиқади ва қотилликни Радик буюрганини айтади.
1999 йил охиригача “Ҳади Тақташ”нинг асосий фигуралари бўлган Галиакберов, Сичёв, Гребенников, Ситнов ва бошқалар қамоқда эди. Ҳибсдан озод қилинган Марс Гизатуллин 2000 йилда ўлдирилганди.
“Ҳади Тақташ” аъзолари тергов қилинар экан, гуруҳнинг очиқликдаги аъзолари Татаристон ҳукуматига ултиматум қўяди: Радик Галиакберов озод қилиниши керак, акс ҳолда республика раҳбари Минтимер Шаймиевга суиқасд уюштирилади.
Тергов тугагандан сўнг “Ҳади Тақташ” аъзоларига тегишли жиноят ишлари Татаристон олий судида кўрила бошланади ва жараён бир йил кетади.
2002 йил январда суд ҳукми эълон қилинади. Унга кўра:
- Радик Галиакберов ва Фахрутдинов – умрбод қамоқ жазосига;
- Гребенников ва Сичёв – 24 йилга;
- Зайнутдинов ва Ситнов – 22 йилга;
- Широков – 15 йилга;
- Лоншчаков – 12 йилга;
- Ҳакимов – 8 йилга;
- Комлев – 7 йилга;
- Валиуллин – 6 йилга озодликдан маҳрум этилади.
Суд ҳукми эълон қилингандан сўнг барча жиноятчилар апелляция беришади. Улар пул ва куч эвазига озод бўламиз деб ўйлашади. Ҳатто Радик ўзини суд залидан озод қилишларини айтиб мақтанишга ҳам улгуради.
Бироқ 2003 йил 4 феврал куни ўтказилган апелляция судида барча ҳукмлар ўзгаришсиз қолдирилади. Шундан сўнг барча судланувчилар турли қамоқхоналарга юборилади. Раик Галиакберов ва Ринат Фахрутдинов Оренбургда жойлашган “Қора делфин” номли колонияга юборилади.
Жиноятчилар кейин ҳам яна бир неча бор апелляция беришади, бироқ ҳукмлар ўзгартиришсиз қолдирилади. Шу тариқа “Ҳади Тақташ” гуруҳи йўқ қилинади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
23:21 / 22.05.2025
“Путинга ёқиш учун айтилган гаплар” — экспертлар Кобяковнинг баёноти ҳақида
17:09 / 21.05.2025
Путиннинг маслаҳатчиси СССР ҳуқуқий жиҳатдан ҳамон мавжуд эканини айтди
14:22 / 09.05.2025
Мафкуралар кураши: 9 май аслида қандай кун?
21:19 / 03.05.2025