Ўзбекистон | 08:25 / 24.01.2024
5654
6 дақиқада ўқилади

“Шарқ” нашриёти бинолари бузилмайди, тарихий қиёфаси сақлаб қолинади – масъуллар

Маданий мерос агентлигига кўра, “Шарқ” нашриёти бинолари жуда ташландиқ ҳолатга келган, шу сабабли ҳам уларни маданий мерос миллий рўйхатидан чиқариш ва уларни хусусийлаштириш асосли. Бу борада мутахассислардан экспертиза хулосалари олинган, аммо жамоатчиликка эълон қилинмаган. Давлат активларини бошқариш агентлиги эса хусусийлаштириладиган бинолар бузилмаслигини, жараён аукцион орқали кечишини ваъда қилмоқда.

Пойтахтда яна бир тарихий иншоот хусусийлаштирилади. Гап Тошкент шаҳар Буюк Турон кўчаси 41-уйда жойлашган “Шарқ” нашриёт-матбаа корхонаси бинолари ҳақида кетмоқда.

XX асрда бунёд этилган бу иншоот Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқарилди. Миллий рўйхатга ўзгартириш эса Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги қарори билан киритилди. Мазкур тарихий бинолар нима сабаб миллий рўйхатдан чиқарилди? Энди бу бинонинг тақдири нима бўлади? Жойлар бузиладими ёки қолади? Масъуллар журналистларнинг бу борадаги саволларига жавоб беришди.

Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдукаримовнинг айтишича, 3 гектардан ошиқ ҳудудни эгаллаган айрим бинолар маданий мерос сифатида аҳамиятсиз, уларнинг рўйхатдан чиқарилиши мақсадга мувофиқ бўлган.

Ҳаммаси бизнинг мутахассисларимиз, бундан ташқари олимларимиз билан чиқиб ўрганилди. Ҳақиқатан бу ерда тарихий аҳамиятга эга бўлган объектлар борлиги эътироф этилди. Айнан Буюк Турон кўчаси 41 объектнинг рўйхатдан чиқарилишига сабаб бир неча гектар жойда бир нечта бино [бор]. Асосан ишлаб чиқариш бинолари турибди. Шу сабабли бу яхлит комплекс сифатида бўлганлиги учун буни чиқариб туриб, чап тарафда бино [УзА] турибди, А биноси рўйхатга киритилмаган бўлса ҳам(энди ўша вақтда рўйхатга киритилмай қолган), биз буни хусусийлаштирилгандан кейин ҳам қонун бўйича маданий мерос объектлари рўйхатига киритишга ваколатимиз бор.

Ҳамма биноларни рўйхатга киритамиз, шу билан бирга, музей биноси, Вазирлар Маҳкамаси биноси ҳам рўйхатга киритилмай қолган. Биз бу биноларни модернизм бинолари сифатида рўйхатга киритишга қарор лойиҳасини тайёрлаяпмиз, уни ҳам эълон қилиб кўрсатамиз”, – деди Абдукаримов.

Унинг қўшимча қилишича, барча модернизм биноларини, шу жумладан, ЎзА ҳам бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича ЮНЕСКОга хат юборилади. Бугунги кунда маданий мерос сифатидаги 8 минг 200дан ортиқ объект мавжуд, яна 300дан зиёдини миллий рўйхатга қайта киритиш чоралари кўрилаётгани таъкидланди.

Анча аввалроқ агентликнинг ўзи тарихий биноларнинг хусусийлаштирилишига қарши бўла туриб, энди бу жараённи қўллаб-қувватлаши қизиқ. Шу саволга жавобан Баҳодир Абдукаримов биноларнинг аҳволи жуда ёмон эканини айтди.

Кириб аҳволини кўрсангизлар, жуда яхши эмас. Жуда ташландиқ ва йиғлагулик ҳолатда. Бунга давлатнинг жуда катта маблағи сарфланади. Эртага инвестор бўла туриб, буни аксинча чиройли қилиб, ҳаммаёғини таъмирласа яхши эмасми?

[Бу биноларнинг] тарихий қиёфаси сақлаб қолинади”,– дея ваъда қилди Маданий мерос агентлиги директори.

Аммо агентлик раҳбари юқорида ҳудуддаги биноларнинг илмий экспертизадан ўтказилгани ва шу асос билан миллий рўйхатдан чиқарилди деб айтаётган хулосавий ҳужжати жамоатчиликка очиқлангани йўқ.

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқовга кўра, объектларнинг хусусийлаштирилиши учун аукцион эълон қилиб бўлинган. Ҳозирда талабгорларнинг таклифлари кўриб чиқилаётгани маълум қилинди.

Мана шу биноларга қўйилган сотиш шартлари, хусусийлаштириш шартлари сақлаб қолинади. Ҳали хусусийлаштирилгани йўқ, фақат жараён бошланди. Жараён натижаси бўйича тузиладиган шартномага юқорида айтилган шартлар [бинонинг асл тарихий ҳолатини сақлаб қолиш] ёзиб қўйилади. Шу шартнома бузиш, хусусийлаштириш шартини бузиш ҳисобланади ва шартнома амалга ошмаган саналади.

[Ҳудудда] асосан ишлаб чиқариш бинолари жойлашган. ЎзА биноси энг катта бино. Бу биноларнинг бузилишига йўл қўйилмайди, реконструкция қилинадиган бўлса, Маданий мерос агентлиги билан келишилади”,– деди Ортиқов.

Масъулнинг қайд этишича, ЎзА биноси таъмирталаб аҳволга келиб қолган, уни реконструкция қилиш учун жуда катта маблағ керак. Шу сабаб Матбуотчилар кўчаси 32-уйдаги(Матбуот уйи) объект қайта таъмирланиб, ЎзА ва “Матбуот уйи”даги ходимлар учун ягона мажмуа қилиб берилади.

“Шарқ” нашриёт-матбаа АКни хусусийлаштиришдан тушган маблағлар эса уларга техник жиҳозлар олиб берилишига сарфланиши ва бюджетга йўналтирилиши маълум қилинди.

Аслида Давлат активларини бошқариш агентлиги 2023 йил 20 сентябрида “Шарқ” нашриёт-матбаа корхонаси бинолари ва ЎзА биносини аукционга қўйиб юборганди. Бу ўз ўрнида жамоатчилик, фаолларнинг кескин норозилигини келтириб чиқарганди.

Бу орада Маданий мерос агентлиги ҳар икки бино Ўзбекистон моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилганини эслатиб, уларни аукциондан олиб ташлаш бўйича огоҳлантириш берганди.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади,
Тасвирчи Жавоҳир Ғайратов,
Монтаж устаси Асрор Алмуродов.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид