Жаҳон | 00:02 / 26.01.2024
7123
2 дақиқада ўқилади

Япониянинг SLIM модули Ойга қўниш вақтида ағдарилиб кетди

Ҳозир модул ҳаракатсиз ва қуёш панеллари зарур энергияни олмаяпти.

Фото: JAXA

Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги (JAXA) томонидан эълон қилинган суратларга кўра, SLIM модули икки двигателидан бирининг носозлиги туфайли, Ойга қўнаётганда ағдарилиб кетган. Ҳозир модул ҳаракатсиз ва қуёш панеллари зарур энергияни олмаяпти.

«Асосий двигател носозлиги сабаблари ҳозир ўрганилмоқда, жумладан, двигателга ташқи таъсирлар ҳам кўриб чиқилмоқда», дейилади агентлик хабарида.

JAXA маълумотларига кўра, SLIM модули дастлаб қўниши керак бўлган жойдан 55 метр шарқда Ой юзасига етиб борган. Шунга қарамай, SLIM мақсадга эришгани айтилмоқда: унинг асосий қўниш нуқтасидан 100 метрга оғиб кетиши аввалдан ҳисобга олинган.

Агентлик қўнгандан сўнг модул томонидан олинган биринчи фотосуратларни ҳам эълон қилди. Фотосуратда тадқиқот учун қимматли бўлган бир нечта тош бўлаклари кўрсатилган.

Япониянинг SLIM модули 7 сентябр куни H-IIA MHI ракетаси ёрдамида XRISM (X-ray Imaging and Spectroscopy Mission) сунъий йўлдоши билан бирга Танегасима космодромидан учирилган эди.

20 январ куни эса Ойга муваффақиятли қўнгани эълон қилинди. Миссия доирасида қурилма махсус камера ёрдамида Ойнинг картерлари ва топографиясини ўрганиши керак. Хусусан, SLIM ой юзасидаги тошлардаги темир миқдорини ўлчайди.

Япония ўз модулини Ой юзасига қўндирган бешинчи давлатга айланди. Бундан олдин СССР, АҚШ, Хитой ва Ҳиндистон шундай ютуққа эришган эди.

Мавзуга оид