Нуқтайи назар | 13:28 / 06.02.2024
79674
3 дақиқада ўқилади

Муҳофаза қилинган саноат униб чиқмайди

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов жамоатчилик орасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бойиса, улар халқни бойитади деган хато тушунча борлигини айтади. У нима учун бу фикр хатолигини маҳалладаги новвой мисолида тушунтириб берди.

Фото: Econlib

Жамоатчилик ҳам баъзида хато фикрларни ўйлайди. Ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларимизни ўстирсак, улар бойиб бизни бойитади деб ўйлашади. Бу – мантиқий хатолик. Агар улар муҳофаза қилинса, самарадор бўлишига рағбатлар етарли бўлмайди. Чунки улар билади: уларнинг асосий рақобатбардошлиги савдога чекловлар оширилишида, кўпроқ рақобат қилишда эмас.

Японияда ишлаб чиқарилган телевизор билан солиштирадиган бўлсак, япониялик ишлаб чиқарувчилар биладики, қанча арзон ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқарса, шунча кўп сота олади. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар “бизда 10 минг, 50 минг киши ишлаяпти” деб, ҳукумат ва жамоатчиликни қўрқита олса, шунчалик божларни кўтара оламиз деб ўйлашади.

Уларнинг самарасизлиги сабаби – муҳофаза қилинганида. Муҳофаза қилинмаганида балки самарадор бўлиб қолиши мумкин эди. Лекин бу муҳитда самарадор бўлиш учун рағбат етмаяпти. Ўзимиз билмаган ҳолда уларнинг самарасиз бўлишини кафолатлаяпмиз. Балки ўзбекистонлик техника ишлаб чиқарувчилар, агар биз уларни бунақа ҳимоя қилмаганимизда, кейинги Sony бўлиши мумкин эди.

Дейлик, сизнинг маҳаллангизда новвойхона бор, маҳалла атрофини кимдир ўраб олиб, “шу маҳаллада фақат шу новвой нон сотишга ҳақли, бошқа маҳаллалардан келган нонга 50 фоизлик бож” деса, сизнинг маҳаллангиз новвойи энди чиройлироқ, иссиқроқ, ширинроқ нон ишлаб чиқариш билан эмас, ўша божни ҳимоя қилиш билан кўпроқ шуғулланади.

Агар маҳалла ташқарисидаги нонлар яхши бўлиб кетса ҳам, новвой маҳалла комиссияси билан яхшилаб гаплашиб, бошқа маҳаллалардан келган нонларга бож қўллаш керак, иккита нондан кўп олиб кириш мумкин эмас, каби шартлар билан муҳофаза қилади. Натижада ҳеч қачон самарага чиқмайди.

Агар бошқа маҳаллалардан нон олиб келишга чеклов бўлмаса, маҳалладаги новвойлар нонни енгил қилиб қўйса ёки таъмини ўхшата олмаса, одамлар бошқа маҳаллалардан нон олиб келишини билиб, ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам давлатнинг сунъий муҳофазаси – ўсиб чиқаётган саноатни ўлдириш воситаларидан бири. Муҳофаза қилинган саноат униб чиқмайди. Чунки уларнинг рағбатлари ўша муҳофазани ушлаб туришдан иборат бўлади, самарани оширишдан эмас. Иқтисодий тушуми лоббизм даражасига боғлиқ бўлади.

  • Юқоридаги фикрлар Беҳзод Ҳошимовнинг Kun.uz'га берган интервюсидан “Нуқтаи назар” рукни учун ажратиб олинди.

Мавзуга оид