Бири “испан”, бошқаси “француз”га айланган КГБ ходимлари – совет жосуслари хорижда яширинча қандай ишлаганди?
“Капиталистик Ғарб”га қарши турган советлар ўз вақтида дунё бўйлаб жуда йирик жосуслик тармоқларини ташкил этган. Айрим жосуслар бошқа исм-шариф билан маҳаллий миллат вакилига айланиб, ўзи ишлаган давлатда узоқ йиллар яшаган. Улар орасида ўша давлат мукофотларини олган жосусларгача бор. Бундай жосусларнинг фаолияти сир сақланган бўлиб, яқинда ФСБ улардан бир гуруҳини махфийликдан чиқарди.
СССР иккинчи жаҳон урушидан сўнг Ғарб дунёсига рақобатчи қутб сифатида майдонга чиқади. Сталин ўлими арафасида НКВД таркибидан алоҳида ташкилотга айлантирилган КГБ кўп ўтмай алоҳида бўлади ва бутун дунё бўйлаб жосуслик тармоқларини ташкил этади.
КГБ учун ишлаган жосусларнинг бир қисми фош бўлади, бошқалари Ғарбга қочиб кетади. Муваффақиятли ишлаган жосусларнинг исм-шарифи ҳанузгача сир тутиб келинади.
2020 йилда Россия ташқи разведка хизмати ўзининг 100 йиллиги муносабати билан биринчи марта “махсус резерв”га киритилган ва маълумотлари сир сақланган етти нафар таниқли совет ва рус жосусларининг исм-шарифларини ошкор қилди.
Уларнинг барчаси йиллар давомида ўта махфий тарзда СССР ва Россиянинг хорижий ваколатхоналари билан ҳеч қандай алоқа ўрнатмаган ҳолда ишлаган. Бундай шахслар “нолегал жосуслар” деб аталади.
“Нолегал жосус” ким? Ўз миллати, давлати ва исм-шарифини яшириб, бутунлай бошқа исм, ўзга миллат ва давлат вакили сифатида яшаган жосуслар “нолегал жосуслар” мақомида бўлишган.
Бир сўз билан айтганда бошқа “нолегал жосуслар” бошқа ном остига яширинадиган одамлар. Улар бирида америкалик, бошқасида францияликка айланишади.
“Шундай пайтларда сиз батамом бошқа одамга айланишингиз ва қайси миллат вакили бўлсангиз, уларнинг маданиятини, тилини, урф-одатларини мукаммал билишингиз керак”, деган эди КГБ жосусларидан бири Геворк Вартанян ўз интервюларидан бирида.
Айнан Вартанян ва унинг рафиқаси Гоар 1943 йилда Теҳронда немис жосуслик хизматлари томонидан Гитлерга қарши коалиция тузган давлатлар раҳбарлари – Сталин, Рузвелт ва Черчиллга уюштирилган суиқасднинг олдини олишга ёрдам беришган.
Вақт ўтиши билан “нолегал жосус” образи совет маданий ҳаётига ҳам кириб боради ва у ҳақда асарлар ёзилади, филмлар ишланади. “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” ёки “Разведкачининг жасорати” каби филмларни эсланг. Бу филмлар қаҳрамонлари ўйлаб топилган ва ҳаётда ҳеч қачон ундай бўлмаган.
“Нолегал жосуслар” ўз номидан воз кечиши, дўстлари ва яқинларини йўқотишга чидаши лозим эди. Бундан ташқари, улар ҳаёти ва ўлими яқинлари учун батамом сир бўлиб қолишини тушуниши керак эди. Қуйида россияликлар махфийликдан чиқарган жосуслар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Евгений Ким
Евгений Ким 1932 йилда Кореяда туғилган ва кейинчалик оиласи билан СССРга кўчиб ўтган. У рус, япон, корейс, инглиз ва испан тилларини билган ва 1962 йилдан КГБ Биринчи бош бошқармасининг тезкор ходими бўлган.
1966 йилда КГБ Кимни “жосуслик вазияти мураккаб бўлган” Осиё давлатларидан бирига жўнатади. Бу мамлакат номи ҳанузгача сир тутилади (Жанубий Корея деб тахмин қилинади).
Бегона давлатга етиб борган Ким энг аввал ҳамкасблари томонидан тошлар тагига яширилган деҳқон кийими ва ҳужжатларни олади. У ана шу камтарона кийим билан бутунлай ўзга бир инсон қиёфасига кириш учун 15 йилдан ортиқ вақт сарфлайди.
Ким борган давлатида юқори мавқега эга амалдор даражасигача кўтарила олади ва шундан сўнг СССРга қимматли махфий маълумотларни узатишни бошлайди.
Узоқ йиллар хорижда яшаган Ким Москвада қолган рафиқаси ва ўғли билан бир неча марта учрашишга муваффақ бўлади. КГБ уларнинг Ким ишлаётган давлатга саёҳатга боришларини ташкиллаштиради.
Кимнинг хотини славянча кўринишда бўлгани учун учрашувлар ҳар икки томонга хавф туғдириши мумкин эди. Бироқ ҳаммаси режадагидай амалга ошади.
Кунларнинг бирида Кимнинг ўсмир ёшдаги ўғли чўкиб кетади. У раҳбарларидан рухсат олиб, Москвага бир кунга келиб кетади. Ўшанда у ўғлининг дафн маросимини ўтказибоқ ортга қайтганди.
Ким Осиё давлатида 1989 йилгача ишлайди ва у ерда ўзи яратган жосуслик тармоғини назорат қилади. Сўнг ортга қайтади. 1998 йилда Москвада Кимни машина уриб юборади ва у ҳалок бўлади.
Виталий ва Людмила Нуйкин
Виталий Нуйкин хотини Людмила билан КГБдаги хизматини 1960 йилда бошлайди. Улар 1986 йилгача дунёнинг 18 та давлатида муваффақиятли ишлайди.
Людмила Нуйкинанинг сўзларига кўра, у жосусликни эри туфайли танлайди ва КГБ ходимига айланди. Эр-хотин КГБда иш бошлаганда уларнинг тўрт ёшли Юра исмли ўғли бор эди.
Виталий ва Людмила хорижга кетишдан аввал уни бувиси тарбиясига топширади. Юра ва бошқа қариндошлар ҳам эр-хотин Нуйкинларнинг жосуслигини билмас, уларни дипломат деб билишарди.
“Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” филми экранларга чиққанда қариндошлар Виталий ва Людмиланинг Ташқи ишлар вазирлигидаги хизмати унчалик оддий иш эмаслигини англайди.
Нуйкинлар хорижий давлатда ишлаб юрганида ўғил фарзандли бўлади. Шунда Мосвадан “Бола ҳеч қачон сизларнинг СССРдан эканингизни билмаслиги керак. Унинг олдида рус тилида гаплашманг” деган буйруқ келади.
Шундан сўнг эр-хотин ёлғиз бўлганларида ҳам рус тилида гаплашишни тўхтатиб, тўлиқ француз тилида сўзлашишга ўтади (ўша пайтда улар Францияда эр-хотин француз бўлиб ишлаётганди).
Виталий ва Людмила учун асосий тўсиқ тил билан боғлиқ ноқулайлик эмасди. Ғарбдаги турмуш тарзи билан СССРдаги турмуш тарзида жуда катта тафовут бор эди ва эр-хотиннинг бунга кўникиши қийин бўлади.
Бир марта харид қилиб юришганда Людмила супермаркетдаги сифатли ҳожатхона қоғозини кўриб кўзи қувнаб кетади ва ундан бир нечта ўрамини олиб аравачага солмоқчи бўлади.
Ўша пайтларда СССРда ҳожатхона қоғози жуда камёб маҳсулот эди. Аёл жуда сифатли тайёрланган ҳожатхона қоғозини кўргач ўзини тута олмайди. Шу пайтда эри унинг қўлини қатттиқ сиқади. Бирданига аёлнинг ҳуши жойига келади ва ҳожатхона қоғозларини жойига қўйиб, бошқалардай битта ўрамини олади.
Бошқа сафар Виталий аэропортга борганида собиқ синфдошига дуч келиб қолади. У ўзини бегоналардай тутиб ўтиб кетмоқчи бўлади. Бироқ Виталийни таниб қолган синфдоши кутиш залида унга қараб отилади.
Ўшанда Виталий синфдошидан қутулиш учун француз тилида унга ўзини бошқа биров билан адаштираётганини уқтиришига тўғри келади.
1985 йилда КГБ зобити Олег Гордиевский Британияга қочиб кетади ва хорижда ишлаб келаётган жуда кўплаб КГБ жосусларини МИ-5 га ошкор қилади. Ошкор бўлганлар орасида Виталий Нуйкин ва унинг хотини Людмила ҳам бор эди.
КГБ зобитининг Британияга қочиб кетиши Виталий ва Людмила учун аянчли тугаши мумкин эди. Гордиевский МИ-5 га хорижда ишлаётган КГБ жосуслари рўйхатини топширганда эр-хотинлар Москвада таътилда эди. Ана шу ҳолат уларни қўлга тушишдан асраб қолади.
Шундан сўнг КГБ Виталий ва Людмилани Францияга жўнатмайди ва улар ҳақидаги маълумотларни махфийлаштиради. Гордиевский туфайли КГБнинг Ғарбий Европада йирик жосуслик тармоғини ташкил этиш режаси барбод бўлади.
Михаил Весенков
Махфийлаштирилган жосуслардан яна бири Михаил Васенков эди. 1942 йилда туғилган Михаил Васенков 1970-йилларнинг бошларида КГБга ишга киради.
Ўқишни тугатганда у испан ва инглиз тилларини мукаммал биларди. Шу сабабли КГБда Васенковни жанубий америкаликка айлантиришади ва Испанияга юборишади.
1975 йилда Васенков Испанияда сиёсий алоқаларга ва махфий маълумотларга эга бўлган шахслардан иборат жосуслик тармоғини яратиб, уни бошқара бошлайди.
Васенковнинг ташқи кўриниши жанубий америкаликларга ўхшаб кетарди. Шу сабабли у Испанияда Уругвай фуқароси Хуан Хосе Лазаро ниқоби остида яшайди.
1976 йилда Васенков Перуга кўчиб ўтади. Ўшанда Перуни америкаликлар қўллаган ҳарбийлар эгаллаб олгани учун совет разведкаси бу мамлакатга катта қизиқиш билдирганди.
Васенков Перуда бўлганида у испан тилининг маҳаллий лаҳжасини қунт билан ўрганади ва фотографликка қизиқиб қолади. Кейинчалик “Хуан Лазаро” профессионал фотографга айланади ва ҳатто фотосуратларини сота бошлайди.
Бошқа томондан фотографлик Васенков учун зўр ниқоб эди. У бўйнига фотоаппаратни илиб Перу бўйлаб юрар экан, ҳеч ким ундан шубҳа қилмасди. Васенков ўзини тўхтатган полиция ходимларига ёки ҳарбийларга профессионал фотографлигини, фотосуратларни сотиб тирикчилик қилишини айтар ва шу йўл билан вазиятдан осон чиқиб кетарди.
Перуда уч йил яшагач, Васенков бу мамлакат фуқаросига айланади ва паспорт олади. Сўнг маҳаллий журналист Вики Пелаэс билан ишқий муносабатларни бошлайди.
Орадан бир неча йил ўтгач, Васенков ва Вики Пелаэс турмуш қуришади. Бу пайтга келиб Васенков Викига ўзини ошкор қилган ва аёлни ҳам КГБ фойдасига ишлашга кўндирган эди.
Кейинчалик эр-хотин АҚШга ўтказилади. Васенков у ерда Перу фуқароси сифатида яшайди ва жосуслик билан шуғулланади. КГБ полковниги АҚШда докторлик диссертациясини ёқлайди. Сўнг Манҳеттен университети профессорига айланади ва лекциялар ўқийди. Васенков АҚШда узоқ йиллар қолиб кетади.
2010 йилда Россия ташқи разведка хизмати полковниги Александр Потеев Америкага қочиб кетади. Потеев АҚШга етиб боргач ўзидаги барча маълумотларни МРБга ошкор қилади.
Унинг маълумотларига асосланиб Америкада фаолият олиб бораётган Россия ташқи разведка хизматининг тўққиз нафар ходими қўлга олинади. Улар орасида Михаил Васенков ҳам бор эди. МРБ уни 2010 йил 27 июн куни ҳибсга олади.
Аввалига Васенков ўзини овсарликка солади. Бироқ МРБ ходимлари унинг олдига Потеев томонидан тақдим этилган шахсий маълумотлар жамланмасини қўйгач барчасини тан олади.
Кўп ўтмай Россия ва АҚШ ҳибсга олинган жосусларни ўзаро алмашади. Жараён Австрия пойтахти Вена шаҳрида бўлиб ўтади. Шу тариқа Васенков ва унинг хотини Россияга қайтиб келади.
Кейинчалик у хотини билан Перуга кўчиб кетади ва 2022 йилда 79 ёшида вафот этади.
Виталий ва Тамара Нетикса
Виталий Нетикса 1946 йилда туғилган ва КГБга хизматга 1970-йиллар бошида хотини Тамара Нетикса билан бирга келганди. 1972 йилда эр-хотинни КГБнинг нолегал разведка билан шуғулланувчи “С” бўлимига ишга ўтказишади.
Виталий ва Тамара испан тилини ўргана бошлайди. Уларга КГБнинг испаниялик ходими Африка де лас Эрас Гавилан исм-шарифли аёл устозлик қилади.
Африка Виталий ва Тамарага испан тилининг Лотин Америкасида кенг тарқалган бир нечта лаҳжасини мукаммал ўргатади.
Олти йил давом этган таълимдан сўнг 1978 йилда Виталий ва Тамара Лотин Америкасидаги давлатлардан бирига ишга юборилади. Улар испан миллати вакилларига айланишганди.
Эр-хотин хорижда 20 йил ишлашади ва 1998 йилда Россияга қайтишади. Виталийни Россия ташқи разведка хизмати марказий аппаратига ишга олишади.
Виталий ва Тамара хорижда ишлаб юришганда бир ўғил ва бир қиз фарзандли бўлишган. Ҳозир улар Россияда яшашади.
Виталий 2011 йилда нафақага чиқади ва ўша йили сентябрда вафот этади. Тамара Нетикса эса 2014 йилда 64 ёшида нафақага чиқади.
Юрий Шевченко
Юрий Шевченко 1963 йилда КГБга ишга кирганида 23 ёшда эди. Россия ташқи разведка хизмати очиқлаган маълумотларга кўра Шевченко 1969 йилдан буён разведка муаммоларини ҳал қилиш учун мунтазам равишда чет элга хизмат сафарларига борган, қимматли манбалар билан ишлаган, хорижликларни жосусликка жалб қилишда қатнашган.
Шевченко 2001 йилгача ташқи разведка хизматида ишлаган ва ўз фаолияти давомида жуда кўп турли қимматли маълумотларни қўлга киритган.
2020 йил ноябрда 80 ёшли Шевченко Москвада вафот этади. Унгача у ёш жосусларга дарс ўтади ва лекциялар ўқийди.
Владимир Лохов
Полковник Владимир Лохов Гуржистонда, Жанубий Осетияда туғилган. У 1953 йилда Озарбойжон Давлат университетининг юридик факултетини тугатади.
У 1957 йилда КГБнинг ташқи разведка учун масъул бўлган биринчи бош бошқармасига ишга киради ва махсус захирадаги ходимлар сафига қўшилади.
Лохов 1962 йилнинг августигача махсус шароитларда ишлашни ўрганади. Сўнг хорижга хизматга юборилади ва Осиё, Европа ҳамда Шарқнинг ўнлаб мамлакатларида махсус топшириқларни бажаради.
1963 йил август ойида Лохов Осиё давлатларидан бирида тадбиркор ниқоби остида қонуний рўйхатдан ўтишга муваффақ бўлади.
1965 йил ноябр ойида Лохов ўзи ишлаётган давлатда қимматли ва ишончли жосус билан алоқа ўрнатади ва унинг ёрдамида жосуслик тармоғини яратади.
1973 йилда Лохов СССРга қайтиб келади ва КГБ биринчи бош бошқармасида ишлай бошлайди. Кейинчалик 1979 йилда унга бош бошқармадаги “С” бўлими бошлиғи вазифасини топширишади. У 1991 йилгача шу вазифада ишлайди ва нафақага чиқади. Лохов 2002 йилда вафот этади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
19:39 / 21.11.2024
СССР тарихидаги энг йирик ўғрилик: қатл этилган амакиваччалар
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
14:21 / 20.10.2024
АҚШга қочган дипломат: океан ортидан сиёсий бошпана сўраган совет амалдори
16:15 / 17.10.2024