Ўзбекистон | 14:52 / 16.02.2024
17242
2 дақиқада ўқилади

«Номзодлар учун асосий талаб – тил билиш» — президент хориждан ўзбекистонлик ишчиларга буюртма борлиги ҳақида

Германия, Канада, Корея ва Япония каби давлатлардан ўзбекистонлик ишчиларга буюртма бор. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан ўтказилаётган йиғилишда маълум қилди.

«Германия, Канада, Корея, Япониядан ишчиларга буюртма бор, номзодлар учун асосий талаб, бу – тил билиш. Лекин Андижонда чет тилини яхши биладиган 1,5 мингга яқин ёшлар бор, холос.

Шу муносабат билан хориждаги иш берувчилар талаби асосида 5 минг ёшларни давлат ва хусусий марказларда касб ва тилга ўқитиш, 1 минг нафар ўрта тиббиёт ходимини Германияга мақсадли тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди», дейилади хабарда.

Иқтисодиёт ва молия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликларига чет тили сертификати олган ёшларга ўқиш харажатини 50 фоизгача қоплашни йўлга қўйиш, немис ва француз тили бўйича Б-2 сертификатини олган ҳар бир ўқувчи учун хусусий ўқув марказларини субсидиялаш тартибини жорий этиш топширилди.

Рақамлаштириш вазирлигига вилоят IT экспортини 50 миллион долларга етказиб, камида 1 минг нафар дастурчига халқаро бозорга чиқишга кўмаклашиш вазифаси қўйилди.

  • Бундан олдинроқ, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Германия ўзбекистонликлар учун 50 минг бўш иш ўрни таклиф қилаётганини хабар қилганди.
  • Бундан ташқари, Жанубий Корея ўзбекистонликлар учун 37 мингта бўш иш ўрни таклиф қилмоқда. Шунингдек, ўзбекистонликларга Канадада ишлаш имкони яратилиши мумкин, Япониянинг йирик савдо тармоғи Ўзбекистондан ишчи кучи жалб этишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид