Ўзбекистон | 09:49 / 18.02.2024
41964
2 дақиқада ўқилади

Жиззахдаги оилавий боғчада қаровсиз қолган бола ариққа тушиб кетиб, вафот этди

У қаровсиз қолиб, кўчага чиқиб кетгани айтилмоқда.

Фото: Kun.uz

15 феврал куни Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги маҳаллаларнинг бирида жойлашган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси назоратсиз қолиши оқибатида кўчага чиқиб кетиб, вафот этди. Бу ҳақда Мактабгача таълим агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Агентлик «Газета.uz» сўровига жавобан аниқлик киритишича, ўша куни тарбиячилар болаларни қаровсиз қолдиргани ортидан кўчага 2–3 нафар бола чиқиб кетган. Улардан бири кўчадаги ариққа тушиб кетган ва вафот этган.

«Ҳозирда мазкур оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини тугатиш юзасидан акт қилинмоқда», дейди агентлик матбуот хизмати раҳбари Мовлуда Асқархўжаева.

Жиззах вилояти прокуратураси ҳам воқеа бўйича муносабат билдирди, унга кўра, ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда.

«Вафот этган бола боғчага ноқонуний тартибда қатнаган»

Мактабгача таълим агентлигининг қайд этишича, мазкур оилавий мактабгача таълим ташкилоти 2020 йил 3 декабрда ташкил топган. 2023 йил апрел ойигача 25 нафар болани қабул қиладиган қувватда фаолият олиб борган. МТТ билан апрель ойида янги тузилган битимда эса қувват 18 ўрин деб белгиланган.

Таълимни бошқариш ахборот тизими — «Болалар боғчаси»га кўра, 15 феврал ҳолатига болалар сони 18 нафарни ташкил этиши кўрсатилган. Аммо вафот этган бола Б.П. ташкилотга қатновчи болалар рўйхатига киритилмаган, яъни ноқонуний тартибда қатнаган.

Мавзуга оид