Иқтисодиёт | 13:50 / 20.02.2024
9017
2 дақиқада ўқилади

Малайзия Тошкент – Самарқанд пулли автомобил йўлини қуришда иштирок этиши мумкин

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг YTL Corporation BHD корпорацияси таркибидаги YTL Construction компанияси ижрочи директори Азми Абдул Азиз билан учрашди.

Фото: «Дунё» АА

"Дунё" хабарига кўра, Малайзия томони компания тўғрисида тақдимот ўтказиб, амалга оширилаётган лойиҳаларга тўхталиб ўтди. Хусусан, АҚШнинг NVIDIA компанияси билан Малайзияда қиймати 4,3 миллиард доллар бўлган сунъий интеллект булути ва суперкомпютер инфратузилмасини яратиш ҳамда маълумотлар маркази ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Британияда компанияга тегишли бўлган Wessex Water - сув таъминоти ва оқава сув хизматларини кўрсатувчи корхона муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.

Учрашув давомида хориж томони билан ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди ва компания вакилларига мамлакатда амалга оширилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой ва Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темирйўли ҳамда Тошкент–Самарқанд пулли автомобил йўлини қуриш лойиҳалари доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди.

Азми Абдул Азиз ушбу лойиҳаларни амалга ошириш шартлари бўйича музокараларга тайёр эканлигини маълум қилиб, Малайзия компанияси мамлакатда иссиқлик электр станцияларини қуриш ва маълумотлар марказини (Data Center) ташкил этиш бўйича имкониятларни ўрганишга қизиқиш билдирди.

Учрашув якуни бўйича юқорида келтирилган лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ўрганиш мақсадида хориж томони ҳамда мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва ташкилотлари вакиллари ўртасида онлайн учрашув ўтказишга келишилди.

Мавзуга оид