Жаҳон | 19:05 / 23.02.2024
8121
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ўқувчиларга дарс вақтида телефондан фойдаланиш тақиқланди 

Шунингдек, болалар хавфсизлиги учун таълим муассасаларида деразаларни ҳимоя қулфлари билан таъминлаш каби янги меъёрлар қабул қилинди. 

Фото: Getty Images

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига таълим, тарбия ва болалар хавфсизлиги масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунини имзолади, деб хабар берди Оқўрда матбуот хизмати. 

Kazinform маълумотига кўра, қонун билан таълим жараёнида мобил телефонлардан фойдаланишга чеклов жорий этилди. 

Бундан ташқари, қонунда биринчи синфга тест синовларисиз қабул қилишни таъминлаш, болалар боғчаларига ягона навбатни таъминлаш, диний маълумотлар тарқалишининг олдини олиш ва таълим муассасаларида ўз жонига қасд қилишга чақиришни бартараф этиш каби нормалар киритилган. 

Шунингдек, болалар хавфсизлиги учун таълим муассасаларида деразаларни ҳимоя қулфлари билан таъминлаш, янги кичик туманларда кўп хонадонли уй-жойлар қурилиши жараёнида биноларнинг лойиҳа ҳужжатларига ижтимоий аҳамиятга эга бўлган таълим ва соғлиқни сақлаш объектларининг мажбурий бўлиши тўғрисидаги нормалар ҳам киритилган. 

Янги талаб уч сменали мактаблар муаммосини ҳал этиш, сифатли таълим бериш, аҳолига осон ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш имконини бериши таъкидланмоқда.

Мавзуга оид