Жаҳон | 10:52 / 26.02.2024
6475
2 дақиқада ўқилади

Урушнинг икки йиллиги Россия телеканаллари мавзусига айланмади

Федерал каналларнинг Россия ҳужуми икки йиллигини ёритишдан бош тортиши Россия жамиятидаги кайфият ўзгариши ва Украина билан музокаралар бошланиши тарафдорлари кўпайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб ёзади «Агентство».

Фото: Yevhen Titov/AP/picture alliance

Россиянинг Украинадаги кенг кўламли уруши бошланганининг икки йиллиги Россия федерал каналлари эътиборини жалб қилмади. Бу ҳақда 25 феврал, якшанба куни «Агентство» маълум қилди

24 феврал оқшомида урушнинг икки йиллиги на эълонларда, на «Россия 1» ва «Биринчи канал» якуний кўрсатувлари сюжетларида эслатилмаган. НТВ телеканалининг кундузги хабарларида ҳам Украинага ҳужум икки йиллиги ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

«Агентство» таъкидлашича, уруш икки йиллиги ҳақидаги ягона эслатма «Время» дастурида кўрсатилган муаллиф Михаил Леонтевнинг «Однако» рукнидаги шарҳида келтирилган. «Украина махсус ҳарбий операция бошланганининг икки йиллигини унча янги бўлмаган осётр балиқлари билан кутиб олмоқда», - деди тарғиботчи Ғарб сиёсатчилари Киевга ташрифларини шарҳлар экан. 

Социологлар: Аксарият россияликлар Украина билан музокаралар тарафдори 

Нашрнинг қайд этишича, федерал каналлар Россия ҳужуми икки йиллигини ёритишдан бош тортиши Россия жамиятидаги кайфият ўзгариши ва Украина билан музокаралар бошланиши тарафдорлари кўпайишига боғлиқ бўлиши мумкин. 

2023 йил ноябр ойида Russian Field мустақил социологик компанияси Украинадаги уруш бўйича сўров натижаларини эълон қилди. Тадқиқотга кўра, россияликларнинг Украина билан тинчлик музокаралари тарафдори бўлган улуши (48 фоиз) уруш бошланганидан бери биринчи марта жанговар ҳаракатларни давом эттириш тарафдорлари улушидан (39 фоиз) ошиб кетган. 

«Левада-Центр» томонидан феврал ойи бошида эълон қилинган сўров натижаларига кўра, декабр-январда россияликларнинг ярмидан кўпи (52 фоиз) тинчлик музокаралари бошланишини қўллаб-қувватлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид