Ўзбекистон | 20:54 / 01.03.2024
8268
4 дақиқада ўқилади

“2023 йилда 49 нафар судянинг судялик ваколати муддатидан олдин тугатилди” – Судялар олий кенгаши

Уларнинг 17 нафари судялик қасамёдини, 8 нафари судялар одоб-ахлоқ кодекси талабларини бузган. Судялар олий кенгашининг 2023 йилдаги фаолияти бўйича ўтказилган матбуот анжуманида билдирилишича, судялик ваколати тугатилган судялар орасида пора билан қўлга тушиб, жиноий иш қўзғатилганлари ҳам бор.   

2023 йилда 49 нафар судянинг судялик ваколати муддатидан олдин тугатилган. Бу ҳақда АОКАда Судялар олий кенгашининг 2023 йилдаги фаолияти сарҳисоби бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Матбуот анжуманида Kun.uz журналисти ўтган йилда нечта судя жиноий жавобгарликка тортилгани ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари томонидан Ўзбекистонда пора билан ушланган судялар кўрган ишларни қайта кўриш таклифига қандай қаралиши ҳақидаги савол билан юзланди.

“2023 йилда турли факторлар билан 49 нафар судянинг судялик ваколати муддатидан олдин тугатилган: 22 нафари ўзи ариза ёзган, 17 нафари судялик қасамёдини ҳамда 8 нафари судялар одоб-ахлоқ кодекси талабларини бузган, баъзилар вафот этган. Судяларнинг бундай хатти-ҳаракатлари хизмат текшируви орқали аниқланади ва малака ҳайъатлари хулосасига кўра чора кўрилади.

2023 йилда жиноятлар ишлари бўйича Яшнобод туман суди судяси Жиноят кодексининг 210-модда 1-қисми билан жавобгарликка тортилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди судяларига нисбатан ишда улар жиноий жавобгарликка тортилишдан олдин хизмат текширувлар натижасига кўра муддатдан олдин вазифасидан озод қилинган. Иш фаолиятлари ўрганилгач, тергов органи орқали айблов хулосалари юборилган ва Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри суди томонидан тегишли жазо тайинланган.

Судяларнинг ўзи пора таклиф қилувчиларни ушлаб бераётган ҳолатлар ҳам бор. Уларни ҳам ОАВда ёритиш керак, жамоатчилик билсин”, дея таъкидлаган Судялар олий кенгаши раиси ўринбосари Алишер Жалилов.

Шунингдек, Алишер Жалилов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари томонидан берилган Ўзбекистонда пора билан ушланган судялар кўрган ишларни қайта кўриш таклифини изоҳлар экан, қонунчиликда бундай тартиб йўқлигини билдирган. 

“Судя қабул қилган қарорларнинг адолатлилиги юқори инстанция суди томонидан кўрилади. Қонунда пора билан тушган судялар ишларини қайта кўриш тартиби йўқ. Жиноят процессуал кодекси тартиби бўйича иш кетяпти, бошқа тартиб, тамойил йўқ.

2023 йилда 2 млн 114 мингта суд қарори қабул қилинган. Шундан 2,8 фоизига шикоят билдирилган. Кўпчилик фуқаролар, юридик шахслар қабул қилинган қарорларни қонуний деб ҳисоблашган. Масаланинг шу томонига ҳам эътибор бериш керак», деган Судялар олий кенгаши раиси ўринбосари.  

Матбуот анжуманида кенгашнинг 2023 йилдаги фаолиятига доир рақамлар ҳам келтириб ўтилди.

Қайд этилишича, Кенгаш томонидан 2023 йилда судяларни тайинлаш, вакант лавозимларни тўлдириш бўйича ўтказилган очиқ танловлар натижасида 541 та тайинловлар амалга оширилган. Шундан 142 нафар судя ушбу лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига, 111 нафари ўн йиллик муддатга, 5 нафари муддатсиз даврга, 283 нафари ваколати муддатига қайта тайинланган. 

Айни пайтда тизимда 1409 нафар судя фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 453 нафари судялик лавозимида бўлишнинг беш йиллик муддатига, 903 нафари ўн йиллик муддатга, 51 нафари муддатсиз даврга тайинланган.

Мавзуга оид