Ўзбекистон | 18:14 / 07.03.2024
14976
2 дақиқада ўқилади

Хайрулло Бозоров «Ёшлар кўли» бўйича қарорини бекор қилди

Фарғона вилояти ҳокимининг ғайриқонуний қарори Фарғона шаҳридаги «Ёшлар кўли» Спорт вазирлиги ихтиёрига ўтказилиши ортидан бекор бўлмоқда. Унгача кўл ва унинг 2,2 гектарлик ҳудуди 24 кунлик фирмага уй қуриш учун бериб юборилганди.

Фото: Kun.uz

Фарғона вилояти ҳокимининг Фарғона шаҳри марказидаги «Ёшлар кўли» ҳудудини меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ҳамда кўп қаватли турар жой биноларини қуриш учун 24 кунлик фирмага доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан бириктириб бериш ҳақидаги қарори бекор қилинди.  

Хайрулло Бозоров 7 март куни ўз қарорини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳужжатда келтирилишича, Фарғона шаҳри марказидаги «Ёшлар кўли» бириктириб берилган «Unays building» МЧЖ 4 март куни ҳокимликка хат билан мурожаат қилиб, чет эллик инвесторлар томонидан молиялаштириш ўз вақтида амалга оширилмаётганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz олдинроқ Хайрулло Бозоровнинг қарорига кўра Фарғона шаҳри марказидаги «Ёшлар кўли» меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ҳамда кўп қаватли турар жой бинолари қуриш учун ташкил этилганига 24 кун бўлган Unays building МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириб берилгани юзасидан суриштирув эълон қилганди

Суриштирувдан сўнг Фарғона вилояти ҳокимининг қарори ижтимоий тармоқларда эътирозларга сабаб бўлди ҳамда фаоллар «Ёшлар кўли» фарғоналикларга қайтарилиши кераклиги ҳақида ёзишди.

Мазкур ҳолатдан сўнг Давактив агентлиги томонидан ўрганиш ўтказилиб, «Ёшлар кўли»нинг доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириб берилишида бир қатор қонун талаблари бузилганини аниқлади ҳамда кўл Спорт вазирлигига қайтарилишини маълум қилди.

Мавзуга оид