Жаҳон | 17:26 / 09.03.2024
26254
14 дақиқада ўқилади

Кечиккан Ҳиндистондан шу йўлдаги Ўзбекистон учун сабоқлар (2-қисм, Мумбай)

Мумбай – аҳолиси 20 миллиондан ошадиган, автоуловлари ҳам бир неча миллион, аксар ҳинд миллионерлари яшайдиган, қашшоқлари сони ҳам миллиондан ошадиган кам сонли дунё шаҳарларидан бири, атроф-муҳитга миллионлаб тонна чиқинди чиқарадиган мегаполис. Kun.uz'нинг Ҳиндистон экологияси бўйича мустақил ўрганишлари Деҳлидан кейин, яна бир ҳавоси ифлосланган шаҳар – Мумбайда давом этади.

Хариталардаги Ҳиндистон

Ҳинд океани билан ярим қуршаб олинган Ҳинд яриморолидаги Ҳиндистоннинг аксар қисми харитадан қараганда ям-яшил кўринади. Бомбей ҳам худди шундай табиат ранги тусида.

Энди дунёнинг экологик харитасидан бу яриморолга назар солсак, аҳвол бунинг тескариси. Мумбай ҳавоси бузилган дунё шаҳарларидек қип-қизил рангга бўялган. Бу тус эса яшаш учун хавфли даражага ишора.

Мумбай денгизнинг у қирғоғидаги Дубай, Абу-Даби каби шаҳарлардан деярли фарқ қилмайдиган, улардан қолишмайдиган даражада ривожланган ва порт шаҳар эканлиги фойдасига пул айланмаси анча катта.

Британия Ҳиндистони давридан қолган салобатли архитектура асарларидан ҳозирги замонавий осмонўпар биноларгача ҳар бир детал мукаммал уйғунлик касб этади. Деҳлига нисбатан анча тартибли шаҳар барча заруратлар учун имкониятлар макони, фақат тоза ҳаво масаласида истиснолар кўп.

Харобадаги Дҳарави

Сабабларни изларканмиз, Мумбайдаги экологик мувозанатнинг бузилишида ҳиссадорлардан бири бўлган мавзу ичидаги катта бир мавзудан гапни бошламасак бўлмайди – Дҳарави...

Шаҳар четидаги харобалар жойлашган Дҳарави турар жой даҳаси дунёнинг қашшоқлари энг кўп яшайдиган ва одамлар энг зич жойлашган ҳудудларидан бири – 200 гектардан сал ошадиган кичик ҳудудда тахминан 1 млн одам яшайди. Уйлар асосан 1 хонали бўлиб, ўртача 15 квадрат метрли хонадонларда бешдан ўн беш кишигача одамлар истиқомат қилади.

Оқова тизимига уланмаган умумий фойдаланувдаги ҳожатхоналар сув ҳавзалари қирғоқлари ва очиқ майдонларда қурилган. Канализация вазифасини бажараётган каналдаги оқова сувларининг юрмаслиги, камига бу сувлар устидаги ярим метргача ташланган чиқиндилардан чиқадиган заҳар экология учун катта бир хатар. Қиш кўрмайдиган Мумбай учун эса бу газлар ҳудудда узлуксиз равишда ўз-ўзидан ишлаб чиқарилаверади.

Зич жойлашган аҳоли овқат пишириш ва бошқа мақсадлар учун керосин, кўмир ёки ўтиндан фойдаланади. Антисанитар ҳолат мисли кўрилмаган даражада юқорилиги ва одамларнинг бир-бирига ўта яқин жойлашуви турли юқумли касалликларнинг ҳам тез тарқалишига сабаб бўлади.

Дҳаравиликлар асосан жуда кам маошлар эвазига шу мавзедаги кичик-кичик, ҳатто бир хонали фабрикаларда тикувчилик, кулолчилик, корхоналарда тери маҳсулотлари ишлаб чиқариш ёки чиқиндини қайта ишлаш билан шуғулланишади. Бу турдаги фаолиятларнинг кўплиги туфайли ҳам атмосферада катта ҳажмда ифлослантирувчи тутун ва газ эмиссиялари келиб чиқади. Ҳавонинг хавфлилик даражаси ошаверади.

Гапирай десангиз, Британия мустамлакачилиги томонидан 1884 йилда тери заводлари ва камбағал аҳолининг Мумбай марказидан ҳайдаб чиқарилиши эвазига Дҳарави харобаларининг пайдо бўлгани, темирйўл ёқасида жойлашган қулайлик ортидан бошқа штатлардан ҳам ишчиларнинг мавзега келиб жойлашиб қолишгани, мустақил Ҳиндистон даврида ҳам ҳалигача бу ҳудуддаги инфратузилма ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ва одамларнинг ўзлари имкон қадар ўзлари учун шароит қилиб келишаётгани катта бир тарих.

Шуни ҳам айтиш керакки, Дҳарави фаол норасмий иқтисодиётга эга бўлиб, бу ерда катта маблағ айланади. Тадбиркорлик авжида. Ҳиндистондаги энг саводли қашшоқлар дея айтиладиган дҳаравиликларнинг саводхонлик даражаси 69 фоиз. Ишбилармонлиги эса шу даражадаки, ушбу харобалардаги оғир шароитларда ишлаб чиқариладиган “Дҳарави” номидаги тери маҳсулотлари бутун дунё бўйлаб экспорт қилинади ва машҳур номдор бренд сифатида нархлари ҳам арзон эмас.

Даҳа кино саноати учун жонли суратга олиш майдони ҳам. Дастур аввалида айтилган “Харобадан чиққан миллионер” филмидан ташқари сўнгги 50 йилда Дҳарави харобаларида 20 дан ортиқ машҳур кинофилмлар суратга олинган.

Экоинқирознинг бошқа сабаблари

Мумбай ҳавоси ифлосланишининг ҳиссадорлари турли манбаларда турлича келтирилади. Ҳаводан зарар кўраётган жамоатчилик, кўмир энергиясига таянган энергетик ҳукумат ва “давлат ҳамма айбни менинг машиналаримга юклаяпти” деб норози бўлаётган транспорт лоббилари ўртасидаги тушунмовчиликлар туфайли якуний ва аниқ рақамлар топиш мушкул.

Масалан, “Hindustan Times”нинг ёзишича, 2019 йилда Мумбайдаги умумий эмиссиясининг 72 фоизи учун қарийб 17 млн тонна карбонад ангидрид гази билан энергия сектори жавобгар бўлган. Мегаполисда истеъмол қилинадиган барча электр энергиясининг 95 фоизи тўлиқ кўмирга асосланганлигини ҳисобга олсак, экология бузилишидаги бундай заҳарланишдан ажабланмаса ҳам бўлади. Бунда улушдорлар сифатида 55 фоиздан ортиқ уй-жой хўжаликлари, 45 фоиздан ортиқ тижорат ва институционал манбалар ҳамда 4 фоиздан кўпроқ саноат сектори айбланади.

Бундан кейин 4,5 млн тонна эмиссия билан транспорт сектори шаҳарнинг заҳарланишига 20 фоиз ҳисса қўшган. Бу доирада 45 фоиз авиация, 44 фоиз транспорт воситалари, 9 фоиз темирйўллар ва 2 фоиз сув йўллари сабабчи деб кўрсатилади.

8 фоизни ташкил қилган чиқинди сектори эса деярли 2 миллион тонна карбонад ангидрид чиқарган.

Яна бир омил борки, хаёлимизга ҳам келмаган бу сабаб ортидан ҳам экологик зарарланиш статистикаси юритилар экан. Бу шовқин ифлосланиши. Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталамиз.

Тирбандликдан заҳарланиш

Шаҳар тез суръатлар билан кенгайиб бораётгани, жамоат транспортининг шунга мутаносиб ташкил этилмаётгани сабабли транспорт воситасига эга бўлиш нафақат мақом белгиси, балки заруратга айланган. Давлат транспорт вазирлигинининг статистик маълумотларига кўра, Мумбайда ҳар бир км йўлга 430 та машина тўғри келади ва бу миқдор 600 тага етиши ҳам мумкин.

Сўнгги йилларда шаҳар автомобиллари сони каррасига ошган ва Мумбай йўлларининг 85 фоизини эгаллаган. Аммо бу даврда автоуловларга мос равишда қўшимча йўллар қурилмасдан, умумий узунлик 2 минг кмлигича қолиб кетган. Натижада Мумбай Ҳиндистондаги энг автомобиллари зич, тирбанд шаҳарга айланган. Биз юқорида тилга олган транспорт лоббилари эса бу рақамларни “давлатнинг ўз айбини хаспўшлаши” деб ҳисоблайди.

Метро қурилишими ёки экология?

Тирбандликни ечиш ва экологик вазиятни ўнглашда жамоат транспортларига устунлик бериш ечимлардан бири ҳисобланади. Шу сабабли кўлами кенгайиб бораётган Мумбай шаҳридаги метро йўлининг тўртинчи тармоғи қурилиши жадал суръатда давом этяпти. Маълумотларига кўра, ўтган 2023 йилда Мумбайда 6000 га яқин қурилиш майдонлари мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти шаҳарнинг транспорт тармоғини янгилаш зарурати билан боғлиқ.

Шаҳарсозлик норма қоидаларига амал қилинганда жамоатчилик бу мавзуни кўтаришмасди, балки. Охири йўқ бу қурилишлардан ҳавога кўтарилаётган чанг, ёғоч қипиғи, цемент, қум ва бошқалардан азият чекаётган халқ кўзига метро кўринармиди, тўғрими?

Чиқиндидан ифлосланиш

Ҳиндистон шаҳарлари йилига 100 миллион тоннадан ортиқ қаттиқ маиший чиқиндилар ҳосил қилади. Шаҳарлардаги чиқиндилар 40 фоизгача йиғилмаганча қолиб кетади. Умуман мамлакатда уларни қайта ишлаш даражаси жуда паст – 17 фоизгина холос.

Ҳатто тиббий чиқиндилар ҳам мунтазам равишда шаҳар чиқиндихоналарига ташланади. Уларнинг тенг ярми нотўғри равишда йўқ қилинади. Йирик шаҳарлар яқинида бетартиб бошқариладиган полигонларидаги заҳарли газлар бир ён бўлса, у ерларнинг чивин, пашша, суварак, каламуш ва бошқа зараркунандалар каби касаллик ташувчиларни кўпайтирадиган ҳудудга айланиши яна бир бошқа муаммо.

Шовқин ифлосланиши

Кимлар учун янгича тушунча касб этадиган бу омилга шаҳарларни нотўғри ташкиллаштириш сабаб бўлади. Заводлар ва фабрикаларнинг аҳоли ҳудудларига жуда яқинлиги, қурилишларнинг режасиз кўпайиши, йўл инфратузилмасидаги хатоликлар сабаб автомобиллар тирбандлигининг ошиб кетиши натижасида шаҳарларда шовқинланиш даражаси инсоннинг асаб, юрак-қон томир тизимига салбий таъсир қиладиган даражага етади. Ҳиндистонда эса буларга қўшимча доимий ўтказиладиган фестиваллардаги баланд мусиқалар, отиладиган петардалар, ҳайдовчиларнинг кўчаларда сабаб-бесабаб машина сигналларини босавериши яхшигина асабингизга тегиб, бошқача айтганда сизни шовқин билан ҳам зарарлаб қўяди.

Кенгайиб бораётган шаҳарлар ва улар билан мутаносиб баландлашаётган шовқин биохилмахилликка ҳам таъсир қилиб, ҳудудлардаги ҳайвонларнинг бошқа жойларга қочиб кетишларига, ўлжани тутиш, йиртқичдан қочиш каби табиий жараёнларнинг бузилишига ва ҳаттоки айрим турларнинг баланд овозлардан нобуд бўлишига ҳам олиб келиши мумкин.

Ҳиндистон ҳукумати шаҳар ва қишлоқ жойларида рухсат этилган шовқин даражаси нормаларини 2010 йил январ ойида эълон қилган. Лекин унга амал қиладиган одам деярли йўқ.

Кунлардан бир кун...

Ўтган 2023 йилнинг 20 октябр куни Мумбайдаги ҳаво ҳолати жуда ёмонлашади. Шаҳарда асфалтланмаган йўллардан чиқадиган зарралардан ташқари экологиянинг яна бир ашаддий зараркунандаси – қурилишлардан чиқаётган чангларни тўсиш учун ўша куни қурилиш майдонларини баландлиги 11 метрли тўсиқ билан қоплаш ва чанг учишининг олдини олиш учун бундай ҳудудларда кунига камида 4-5 марта сув сепадиган пуркагичларни ўрнатиш талаб қилинади.

Шаҳар маъмурияти, агар чанг ва ифлосланишни назорат қилиш чоралари кўрилмаса, қурилиш ҳудудлари ёпиб ташланиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантиради.

Ҳатто тутун тарқатувчи ҳамда чанг зарраларини бостирувчи махсус машиналар Мумбай кўчаларида илк марта ҳаво ифлосланишига қарши “жангга чиқади”. Бу турдаги техникалар сўнгги йилларда фақат Деҳлида ишлатилган. Аммо булар вақтинчалик кичик чораларгина эди холос.

Бундай шароитда одамлардан эрталаб ва қуёш ботгандан кейин зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик, чиқилганда N-95 сифатли ниқобда бўлиш, астма хуружи борлар дориларини ёнда сақлашлари, имкон қадар уйда қолиш, ҳаво тозалагич ва кондиционерлардан фойдаланиш ҳамда эшик-деразаларни ёпиқ тутиш сўралади.

5 фоизи ўта қашшоқ яшаётган миллионлаб шаҳар аҳолисининг ҳаво тозалагич, кондиционерга қодир бўлмаган тоифаси қиш бўлмайдиган бу шаҳарда эшик ва деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаши мумкин эмас. Улар учун жазирамада димиққандан кўра бой-у камбағалга хос бўлган доимий бефарқликда давом этиш “энг тўғри” ва иложсиз чора.

Бунга ҳар бир жон масъул, лекин оғир ҳаёт ташвишига шўнғиган одамларга минг бонг урилгани билан бу гаплар қизиқмас. Аниқроғи, муҳим эмас. Ўзаро суҳбатларда мавзу кўтарилиб қолса, улар ҳеч бўлмаса “бу унчалик ёмон ҳолат эмас”, “Деҳлидаги ҳолат ёмонроқ-ку” ёки “бу ҳар бир тараққий этаётган шаҳарнинг тақдири ёки баҳоси” дея шунчаки бефарқларча елка қисишади. Бу жуда аянчли. Бизга ҳам таниш бундай ҳолат эса барча экологик инқирозга учраган шаҳар ва давлатларнинг энг катта фожиаси аслида.

Ишламаган қонунлар ва “ишлаётган” ҳукумат

Ҳиндистон мустақилликка эришганидан бери:

  • 1974 йилда Сув ифлосланишининг олдини олиш ва назорат қилиш тўғрисидаги;
  • 1980 йилда Ўрмонларни қўриқлаш тўғрисидаги;
  • 1981 йилда Ҳаво ифлосланишининг олдини олиш ва назорат қилиш тўғрисидаги;
  • 1986 йилда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунлар;
  • 2000 йилда Шовқинларни тартибга солиш ва назорат қилиш қоидаларини қабул қилди.

Қарор, қонунлар имзоланавергани билан уларнинг амалда ишламаслиги бугунги Ҳиндистонни не ҳолга олиб келганидан хулоса қилаверинг. Марказий ҳукумат томонидан турли ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган йилларни ўз ичига олган 1947-1990 йиллар орасида мамлакатдаги атроф-муҳит ҳолати аксига олиб анча ёмонлашди. Бундай ишламайдиган қонунлар давлат мустақиллигигача, яъни Британия Ҳиндистони даврида ҳам бўлган. Уларнинг фойдаси эса янги атроф-муҳит қоидалари яратилишида бир асос бўлган холос.

Тобора кўпайиб бораётган ва қишлоқларнинг асосий қисмини ташкил қиладиган камбағал аҳолининг қийин шароитда жон сақлаб қолишдан бошқа иложи йўқ эди. Табиат билан нотўғри муносабат, уч маҳал овқат пишириш учун ўчоқлардан фойдаланиш, сув қиздириш, совуқдан исинишда ишлатиладиган ўтин, махсус ишлов берилган сигир гўнги, сифатсиз кўмир, ҳосилдан кейин экин майдонларини ёқиш, сохталаштирилган ёнилғилар сабабли атмосфера заҳарли газга бўкади, сувнинг ифлосланиши ёмонлашади, ўрмонлар қоплами қисқаради.

Мумбайдан хулосалар...

Мумбайнинг ҳам минбарларда туриб, баланд овозларда бонг урилаётган келажак режалари йўқ эмас. Уларни санаб ўтирмадик. Улар ҳам бошқа давлатларнинг келгусидаги устувор масалаларидан деярли фарқ қилмайди.

Лекин иқтисодиётдан фарқли ўлароқ, экология фақат давлат бошқарувининг гарданига ташлаб қўйиладиган масъулият эмас, ахлоқий масала ҳамдир. Ахир глобал исишга нафақат ҳукумат, балки фуқароларнинг ҳаракатлари ҳам сабаб бўлмоқда. Бутун жараёнга шунчаки томошабин бўлиб қолмаслик учун шахслар, оилалар ва жамиятлар – яъни ҳамма ислоҳни ўзларидан ва ҳозирдан бошлашлари лозим.

Кечиккан Ҳиндистондан эса ҳали имкони бор Ўзбекистоннинг оладиган сабоқлари кўп. Мақсад – шу ҳолга тушмаслик учун улар қилган хатоларни такрорламаслик. Чунки оқибатлар билан курашишдан кўра сабабларни ўрганиб, уларни бартараф қилиш анча манфаатлироқ. Оқибатлар билан бир неча ўн йилдан бери курашиб-курашолмай келаётган дунёнинг яна бир ҳавоси бузилган шаҳари – Мумбайдаги аянчли вазиятга гувоҳ бўлдингиз. Мавзу якунланмади. Кейинги дастуримизда сизлар билан Калкутта экологиясини ўрганамиз. Kun.uzʼни кузатишда давом этинг!

Сардорбек Усмоний,
Ҳиндистон, Мумбай

Мавзуга оид