Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Албаниядаги юз минглаб бункерлар – Болқондаги митти давлат нега СССРдан ҳимояланмоқчи бўлганди?
Бундан бир неча кун олдин Болтиқбўйида жойлашган кичик давлатлардан бири Эстония хавфсизлик нуқтаи назаридан Россия билан чегара бўйлаб 600 та бункер қуриши ҳақида хабарлар тарқалди. Ўтган асрнинг 70-йилларида Болқон яриморолида жойлашган Албанияда ҳам 170 мингдан ортиқ бункер қурилган ва улар бугун ҳам сақланиб қолмоқда. Хўш, Албания қайси давлатдан ҳимояланмоқчи бўлганди?
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Шарқий Европадаги барча давлатлар СССР таъсир доираси остига тушиб қолади. Уларда коммунистик тузум ўрнатилиб “советча” бошқарув усули жорий этилади.
Шу тариқа Полша, Венгрия, Чехословакия (Чехия ва Словакия ўша пайтларда битта давлат бўлган), Руминия, Болгария, Албания ва Югославия (бу давлат олтита иттифоқдош республикадан иборат бўлган) 1990-йиллар бошигача СССР вассалига айланади.
Юқоридаги давлатлар орасида айримлари коммунистик тузумга қарши бош кўтариб кўради. Бироқ бундай ҳаракатлар Москва томонидан аёвсиз бостирилади.
Жумладан, 1953 йил 3 май куни Болгариядаги тамакини қайта ишлаш корхонасида, ўша йили 31 май 2 июн оралиғида Чехословакиядаги бир нечта корхоналарда, 15-18 июн кунларида ГДРда ишчилар маошлар камлиги, меҳнат шароити ёмонлиги сабабли коммунистик тузумга қарши намойишлар ўтказишади. Бу намойишларнинг барчаси аёвсиз тарзда бостирилади.
СССРга қарши кўтарилган исёнларнинг учтаси йирик кўламли бўлган ва уларда анча одам ҳалок бўлган, бошқалари тан жароҳатлари олган. Булар:
- 1956 йил ёзда Полшанинг Познан шаҳрида содир бўлган антисовет ғалаёнлари;
- 1956 йилда Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган намойишлар;
- 1978 йилда Чехословакияда коммунистик тузумга қарши қўзғолон.
Ҳар учала ҳодисада ҳам жараёнга совет армияси аралашиб, қўзғолончилар, намойишчилар аёвсиз отиб ташланади.
drugoi.livejournal.com
Социалистик лагерга кирувчи давлатлар орасида Югославия ва Албания СССР билан сал муросасиз муносабатда бўлишган. Бу икки давлат социалистик лагердан чиқишга уринмаган, шунчаки бошқа масалаларда келишмовчиликлар келиб чиққан.
Масалан, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Югославияни бошқарган Иосиф Броз Тито ва Албанияни бошқарган Анвар Хўжа Сталин билан жуда дўстона алоқада бўлган.
1953 йилда Сталин вафотидан сўнг СССРда уни қоралаш компанияси бошланади ва бу Броз Тито ҳамда Анвар Хўжага ёқмайди. Шу сабабли Албания ва Югославия Москва билан муносабатларда совий бошлайди.
1955 йилда ташкил этилган социалистик лагерга кирувчи давлатларнинг ҳарбий блогига Югославия аъзо бўлмайди. Албания бошида аъзо бўлиб, 1962 йилдан иштирокини тўхтатади. 1968 йилдан ҳарбий блокдан чиқиб кетади.
Сталин тарафдори
1953 йил 5 март куни СССРни 31 йил бошқарган Иосиф Сталин вафот этади. Шундан сўнг СССРда юқори мартабали шахслар ўртасида тахт учун зимдан рақобат бошланади.
Бунда Хрушчёв, Берия ва Сталиннинг эски сафдошлари Молотов, Ворошилов ҳамда Кагановичдан иборат гуруҳ ўзаро рақобатлашади. Охир-оқибат Хрушчёв ютиб чиқади ва СССР раҳбари бўлади.
У энг аввал ўзига қарши чиққанларни, бундан ташқари Сталин қатағонларида бош ролларни ижро этган амалдорларни ишдан четлаштиради. Айримлари қамалади.
Ундан сўнг мамлакатда Сталинни қоралаш компанияси бошланади. 1956 йилда Никита Хрушчёв партиянинг ХХ съездида «Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари» ҳақида маъруза қилади ва Сталин даврида қилинган ишларни кескин қоралайди. “Халқлар доҳийси” деб таърифланадиган Сталиннинг ўзини «қонхўр ва золим эди» деб атайди.
Совет раҳбарининг съездда қилган маърузаси ва Сталинни қоралаши Броз Тито каби Анвар Хўжага ҳам ёқмайди. Шундан сўнг СССР ва Албания ўртасидаги муносабатлар совуқлаша бошлайди.
1962 йилда Албания коммунистик давлатлар ҳарбий блоги – Варшава шартномаси ташкилотидаги иштирокини тўхтатади. 1968 йилдан ундан чиқиб кетади.
www.skyscrapercity.com
Анвар Хўжа Москва билан муносабатларнинг совуқлашиши салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини билиб турарди. Ўша пайтда СССР Албанияни босиб олиб, Анвар Хўжани ағдариб ташлаши, ёки Москва бу ишни бошқаларнинг қўли билан қилиши мумкин эди.
Гап шундаки, ўша пайтларда Албания ўзининг қўшниси Греция ва ҳатто социалистик лагерга кирувчи Югославия билан ҳам яхши муносабатда эмасди.
Бунга сабаб, Албания ҳар икки давлат ҳудудидаги этник албанлар яшайдиган ҳудудларни даъво қиларди. Маълумот учун, Югославия таркибида бўлган Македония ва Сербия республикаларида ва Греция шимолида этник албанлар яшайдиган ҳудудлар бор эди.
Ана шундай вазиятда Москва Югославияни Албанияга қарши гижгижлаши ва серблар ёрдамида Анвар Хўжани тахтдан ағдариб ташлаши мумкин эди. Ўша пайтда Албанияни шимол ва шарқ томондан Югославия ўраб турар ва икки давлат жуда катта ҳудудда чегарадош эди.
Агар Москвадан ишора бўлса исталган вақтда серблар Албанияга бостириб киришга тайёр эди. Ана шундай вазиятда Анвар Хўжа мамлакатнинг барча ҳудудларида бункерлар қуришга буйруқ беради. Натижада кичик бир давлатда 20 йилдан ошиқроқ вақтда 100 мингдан ошиқ (!) бункер қурилади.
forum.say7.info
Бункерлар
Албания Москва билан муносабатларда масофа сақлашга ўтар экан, мамлакат янги ҳарбий доктрина қабул қилади. Унда мамлакат ҳар доим ташқи кучлар ҳужумига тайёр туриши ва бу йўлда халқ фронтига таяниши кўзда тутилганди.
Ўша пайтда мамлакатнинг ҳар бир эркак аҳолиси 18 ёшга етганда ҳарбий хизматни ўташи, сўнг доимий ҳарбий захира сифатида ҳисобда туриши белгилаб қўйилганди.
Маълумот учун, СССРда ҳам шундай бўлган. Соғлигида муаммо бўлмаган йигитлар ҳарбий хизматга чақирилган ва икки йил (1970-йилларгача уч йил) ҳарбий хизматни ўташи шарт бўлган. Ҳарбий хизматни ўтаб бўлганидан сўнг қарийб 50 ёшигача ҳарбий захирада ҳисобда турган.
Бундан ташқари, ҳарбий доктринада мамлакат бўйлаб барча жойда бетон бункерлар қурилиши ва уларда доим ҳарбийлар сергак туриши белгилаб қўйилганди.
1960-йилларда мамлакат бўйлаб бункерлар қурилиши бошланади ва жараён 1989 йилгача давом этади. Бункерлар темир-бетондан мустаҳкам қилиб, жойига қараб турлича қилиб қурилади.
Бункерларнинг усти гумбазсимон бўлиб, уларнинг кичикларига 2 киши, катталарига эса бир-ўн нафар одам сиғарди. Бункерларнинг тўрт томонида дотлар қилинган бўлиб, уларга ўқотар қуроллар жойлаштириларди.
Улар бутун мамлакат бўйлаб барча жойларда, шаҳар ва қишлоқларда, экин майдонлари, адирлар ҳамда тоғларда, ҳатто денгиз соҳилларида ҳам қурилади.
Йирик шаҳарлар ва пойтахт Тирана атрофидаги бункерларнинг аксарияти ерости йўлаклари орқали бир-бирига боғланганди.
Энг кўп бункер Тирана атрофида беш қатор қилиб қурилганди. Мабодо душман бостириб келса ҳам қуруқлик орқали пойтахтга кира олмасди.
Қарийб 20 йилда умумий ҳисобда 200 минг атрофида бункер қурилади. Баъзи маълумотларда уларнинг сони 100 минг бўлгани, бошқасида эса 500 мингга етиши ҳақида ёзилган.
Бироқ Албания ҳудуди унча катта эмаслиги инобатга олинса 500 мингта бункер қурилгани ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ўша пайтда гарчи қулай географик минтақада жойлашган бўлса ҳам Албания Европадаги энг камбағал давлатлардан бири эди. Бу давлат СССР билан масофа сақлар, Ғарб билан ҳамкорлик қилмас, оқибатда иқтисодий ривожланиши жуда суст эди.
Ана шундай шароитда Анвар Хўжа мамлакатни бункерларга тўлдириш учун жуда катта маблағларни сарфлаб юборади. 1985 йилда у вафот этади. Бироқ унинг ўрнига келган Алия Рамиз ҳам мамлакатда бункерлар қуришни давом эттиради.
Бункерлар қурилишининг тўхтатилиши
1989 йилга келиб бункерлар қуриш тўхтатилади. Бунга сабаб Албания мустақиллиги учун хавф бироз бартараф бўлганди.
Гап шундаки, ўтган асрнинг иккинчи ярмида Албания учун энг жиддий хавф туғдирган давлатлар СССР ва Югославия эди. Совет иттифоқи парчаланиб кетгандан сўнг кўп ўтмай Югославия ҳам парчаланди.
Маълумот учун Югославия тинч парчаланмайди. 1991-1992 йилларда Югославия таркибидаги республикалар ўз мустақиллигини эълон қилгач серблар уларга қарши уруш бошлайди ва у бир неча йилга чўзилади.
www.alamy.com
Шундан сўнг Албанияда қурилган бункерлар ўз аҳамиятини йўқотади ва янгиларини қуриш тўхтатилади. Кўп ўтмай улардан бошқа мақсадларда фойдалана бошлашади. Кимдир кафе, иккинчиси бошқа хизмат кўрсатиш шохобчаси очади.
Ҳатто айримлар йирикроқ бункерларни таъмирлаб, уни уй қилиб ҳам олишади. Яна кимдир бункерлардан молхона ёки омборхона сифатида фойдаланмоқда.
ru-travel.livejournal.com
Фойдаланишнинг иложи бўлмаганлари қаровсиз қолади. Инфратузилмага халақит берганлари бузиб ташланади. Шундай бўлса ҳам бугун Албанияда 100 минглаб бункерлар сақланиб қолмоқда.
Мамлакатга келадиган сайёҳларга унинг эътиборга сазовор бўлган жойлари билан бирга бир пайтлар мамлакат ҳимояси учун қурилган бункерларни ҳам кўрсатишади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
23:21 / 22.05.2025
“Путинга ёқиш учун айтилган гаплар” — экспертлар Кобяковнинг баёноти ҳақида
17:09 / 21.05.2025
Путиннинг маслаҳатчиси СССР ҳуқуқий жиҳатдан ҳамон мавжуд эканини айтди
14:22 / 09.05.2025
Мафкуралар кураши: 9 май аслида қандай кун?
23:06 / 07.05.2025