Жаҳон | 10:39 / 20.03.2024
9365
2 дақиқада ўқилади

Путин «ФСБ»га «Россия хоинларини» аниқлашни буюрди

Разведка хизмати Украина томонида жанг қилаётган бўлинмаларга қўшилган Россия хоинларини «номма-ном аниқлаши» керак, деди Россия президенти. Путин «ФСБ»га терроризмга қарши ишни кучайтиришни топширди.

Фото: Сергей Гунеев / РИА «Новости»

Владимир Путин Федерал хавфсизлик хизматини Украина ҳарбий қисмларига қўшилган мамлакат хоинларини «номма-ном аниқлаш»га чақирди. «Биз уларни қаерда бўлишидан қатъи назар, даъво муддатисиз жазолаймиз», — деди Россия президенти 19 март, сешанба куни махсус хизмат ҳайъати йиғилишида. 

Давлат раҳбари ўз нутқида Украина билан чегарадош ҳудудлардаги вазиятга тўхталди. Бир неча кун олдин Россия Мудофаа вазирлиги, уруш тарафдори бўлган блогерлар ва ушбу ҳудудлардаги расмийлар Россияга кириб боришга уринаётган диверсантлар билан жанглар ҳақида хабар берди. Ўз навбатида, Путин нафақат оддий Украина армиясини, балки «хорижий ёлланма аскарлар»ни ҳам «диверсион-террористик тўдалар» қаторига киритди. 

Бундан ташқари, давлат раҳбари «ФСБ»га бошқа махсус хизматлар билан биргаликда терроризмга қарши курашни кучайтириш бўйича кўрсатма берди. «Биз кучли, хавфли душман билан курашяпмиз, унинг арсеналида ахборот, техник ва молиявий имкониятлар кенг», - дея тушунтирди Путин.

Кремл дипмиссияларнинг теракт ҳақидаги огоҳлантиришини провокация деб ҳисоблаяпти

Шу билан бирга, президент бир қатор давлатларнинг Россия Федерациясида терактлар содир этилиши хавфи ҳақидаги баёнотларини танқид қилди. Путин бундай баёнотларни «провокацион» деб атади ва уларни россияликларни қўрқитиш нияти билан таққослади. 

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси 7 март куни яқин 48 соат ичида терактлар содир этилиши хавфи ҳақида огоҳлантирди ва ўз фуқароларига Москвадаги оммавий тадбирларга бормасликни тавсия қилди. Эртаси куни Латвия, Канада, Жанубий Корея, Швеция, Германия ва Чехия Қўшма Штатлар дипломатик миссиясининг огоҳлантиришига қўшилди. 

Мавзуга оид