Жаҳон | 17:05 / 26.03.2024
8416
3 дақиқада ўқилади

АҚШ расмийлари: Миллионлаб америкаликлар хитойлик ҳакерлар ҳужумига учраган

АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари етти нафар Хитой фуқаросини 14 йил давом этган киберҳужум кампаниясини амалга оширишда айблаяпти. Расмийлар буни Хитой ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган “глобал хакерлик операцияси” деб атамоқда. Аввалроқ Буюк Британия ва Янги Зеландия ҳам Хитой томонидан қўллаб-қувватланадиган кибержиноятчилар ҳақида хабар берганди.

Фото: AP

Миллионлаб америкаликларнинг онлайн ҳисоблари хитойлик ҳакерларнинг киберҳужумига учраган. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги ва Федерал қидирув бюроси хабар берди.

Ҳозирда 7 нафар Хитой фуқароси 14 йил давом этган киберҳужум кампаниясига алоқадорликда айбланмоқда. АҚШ Давлат департаменти ушбу шахслар ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар миқдорида мукофот эълон қилди.

АҚШ Адлия вазирлига кўра, кибержиноятчилар нафақат америкаликларни, балки бошқа бизнесменлар ва сиёсатчиларни ҳам нишонга олган. Улар томонидан юборилган 10 мингдан ортиқ "зарарли электрон почта хабарлари” турли ҳудудлардаги минглаб инсонларга таъсир қилган. АҚШ Адлия вазирлиги буни Хитой ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган “глобал хакерлик операцияси” дея таърифлаган.

“Бугунги эълон Хитойнинг миллий киберхавфсизлигимизга таҳдид қилиш ва инновацияларимизни нишонга олишга қаратилган давомли ва шафқатсиз ҳаракатларини фош қилди”, – дейди ФҚБ директори Кристофер Рей.

Мазкур айбловлар Буюк Британия ҳукумати Хитойни мамлакат Сайлов комиссияси ва сиёсатчиларини нишонга олган “зарарли кибер кампаниялар” учун жавобгар эканликда айблаганидан кейин пайдо бўлди. Хитойнинг Лондондаги элчихонаси айбловни “уйдирма ва ғаразли туҳмат” деб атаган.

Янги Зеландия ҳукумати ҳам мамлакат парламенти Хитой томонидан қўллаб-қувватланадиган кибержиноятчилар нишонига айланганини маълум қилган.

АҚШ прокурорлари киберҳужумлар натижасида иш ҳужжатлари, шахсий электрон почталар, онлайн сақланадиган маълумотлар ва телефон қўнғироқлари ёзувларининг бузилиши юз берганини айтишмоқда.

Киберҳужумга учраган шахсларга машҳур янгилик агентликлари ёки журналистлардан хатлар келган. Уларга яширин кузатув ҳаволалари жойлаштирилган бўлган. Ушбу ҳаволага кирган одамларнинг маълумотлари, жумладан жойлашуви ва IP манзиллари еттита айбланувчи томонидан бошқариладиган серверга юборилган.

“Бу маълумотлар кейинчалик бошқа мақсадли ҳужумлар, хусусан, қабул қилувчиларнинг уй роутерлари ва бошқа электрон қурилмаларини бузиш учун ишлатилган”, дейди АҚШ прокурорлари.

Мавзуга оид