Ўзбекистон | 11:25 / 22.04.2024
2916
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон демаркация комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди

Наманганда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегациялари қўшма демаркация комиссияси ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: "Дунё" АА

Шу йилнинг 15-20 апрел кунлари Наманган шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегациялари қўшма демаркация комиссияси ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Учрашувда Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини демаркация қилиш масалалари муҳокама қилинди. Дала ўрганишлар ўтказилиб, улар давомида давлатлараро чегара делимитация чизиғини ҳудудга ўтказиш бўйича вазифаларга аниқлик киритилди.

Музокаралар дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитида ўтди. Тадбир якунида тегишли баённома имзоланди. Ишчи гуруҳларнинг навбатдаги йиғилиши Қирғизистон ҳудудида бўлиб ўтади.

Ишчи гуруҳларнинг аввалги йиғилиши жорий йилнинг 4-8 март кунлари Ўш шаҳрида бўлиб ўтган эди. Музокаралар чоғида томонлар 2023 йилда амалга оширилган ишлар якунлари сарҳисоб қилди ва 2024 йилга мўлжалланган учрашувлар жадвали тасдиқлади. Шунингдек, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини демаркация қилиш, демаркация хариталарини яратиш ва махсус (умумий) геодезик тармоқлари муҳокама қилинди.

Мавзуга оид