Харкивда қоқ иккига бўлинган телеминора ва фронтдаги азовчилар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 789-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия қўшини Харкивдаги телеминорага зарба берди. У иккига ажралиб кетган.
- РФ мудофаа вазирлиги Марйинка ва Вуҳледар шаҳарлари оралиғидаги Новомихайловка қишлоғини эгаллагани ҳақида маълум қилди.
- Украина қуролли кучлари Одесса области узра Россия қўшини учирган еттита дрондан олтитасини уриб туширди.
- Украина разведкаси бошлиғи Кирилл Буданов Украинани яқин вақтлар ичида анча оғир вазият кутаётгани, аммо бу ҳалокат бўлмаслигини айтди.
- Россиянинг 2023 йилдаги ҳарбий харажатлари миқдори СССР қулаганидан буён энг максимал даражада бўлди.
- Евроиттифоқ мамлакатлари санкцияларнинг 14-пакетига Россиянинг суюлтирилган табиий газини етказиб беришга тақиқ ҳақидаги банд қўшишмоқчи.
- Кўчадаги сўровдаги сўзлари учун армия тўғрисида «фейк» тарқатишда айбланган москвалик мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилинди.
- Knauf қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиси Россиядан кетмоқда. Немис нашрлари ушбу компанияни Мариуполни тиклашда иштирок этганликда айблаганди.
Харкив телеминорасига зарба
Россия қўшини 22 апрел куни Харкив телеминорасини яксон этди. Област маъмурияти раҳбари Олег Синегубовга кўра, минорага Х-59 ракетаси келиб урилган. Миноранинг баландлиги 240 метрни ташкил этган, зарба 140 метрлик нуқтасига берилган. Иншоотнинг юқори қисми қулаган, одамлар жабрланмаган — ҳаво тревогаси эълон қилиниши билан барча ходимлар бошпаналарга яширинганди. Минора шикастланиши туфайли Харкив шаҳри ва Харкив областида эфирлар узилиб қолган, аҳолидан сунъий йўлдош ва кабел телевидениега уланиш сўралган. Синегубов 23 апрел куни тонгида маълум қилишича, Харкивда мобил алоқа ва интернет одатдагидек ишламоқда.
Украина қуролли кучлари учун маскировка тўрлари тўқиётган кўнгиллилар
Маскировка тўрлари фронтдаги ҳарбийларга ўз позициялари ёки техникаларини рақиб разведкасидан, жумладан дронлардан яшириш учун керак. РФнинг кенг кўламли босқини бошлангач, бутун Украина бўйлаб, жумладан Киевда ҳам кўнгиллилар ҳарбийлар учун тўрлар тўқишга киришган.
«Азов»нинг Донецк областидаги тиббиёт пункти
«Азов» 2022 йил баҳорида қарийб икки ой мобайнида Мариуполдаги «Азовстал» заводини ҳимоя қиганди. Май ойи ўрталарида «Азовстал» ҳимоячилари қўмондонлик буйруғи билан завод ҳудудидан чиқишади ва асир тушишади, уларнинг командирлари Туркияга олиб кетилади, келишувга кўра улар уруш охирига қадар шу ерда қолиши керак эди. Аммо «Азов» бу билан ўз мавжудлигини йўқотмайди. 2023 йил июлида «Азов» командирлари Украинага қайтишга муваффақ бўлишади (уларни шахсан Украина президенти Володимир Зеленский ватанга олиб қайтади). Август ойида «Азов» тиклангани ва жанговар вазифаларни бажаришга киришгани эълон қилинади. «Азов» жангчилари энди асосий ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланган Донбассда жанг қилмоқда. Қуйидаги тасвирлар «Азов»нинг Донецк областидаги барқарорлаштириш пунктида олинган, жанг майдонида яраланган аскарлар биринчи ёрдам учун дастлаб шу ерга олиб келинади.
Мавзуга оид
20:12
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024