Ўзбекистон | 21:37 / 29.04.2024
7952
6 дақиқада ўқилади

29 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Ишга қайтган президент, судялар кенгашининг ОАВ ва блогерларга мурожаати, Тошкентга тўғридан тўғри авиақатнов очаётган Qatar Airways, Нурободда бир йилга етмай бузилган йўл — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.

Уй пулини ўзлаштирганлар қидирувга берилди

Янги қурилаётган хонадонлар учун тўланган пулларни ўзлаштирганликда гумонланаётган икки шахс қидирувга берилди. Уйлар рухсатномаларсиз қурилган. Қурилиш компанияси раҳбари эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Маълум бўлишича, 47 ёшли шахс Max-House-Group МЧЖни ташкил қилиб, ўзининг 42 ва 35 ёшли шериклари билан бирга бир нечта фуқароларга нисбатан фирибгарлик содир этган.

Жумладан, МЧЖ номидан Учтепа ва Чилонзор туманларида қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонларни сотишини маълум қилиб, фуқаролардан хонадонлар учун тўловларни қабул қилиб олган. Аммо ушбу кўп қаватли уйлар қурилиши учун ҳеч бир мутасадди ташкилотлардан рухсат олинмаган ва уй қуришга керакли бирон-бир ҳужжатларга эга бўлмаган. Улар кадастр ҳужжатлари йўқ бўлган хонадонларни фуқароларга сотишини билдириб, алдов йўли билан жуда кўп миқдордаги пулларни ўзлаштириб олган.

Кун рақами

360,6 минг тонна — Ўзбекистонда 2024 йилнинг январ-март ойларида шунча миқдорда автомобил бензини ишлаб чиқарилгани Статистика агентлиги томонидан маълум қилинди.

Судялар олий кенгашининг мурожаати

Ўзбекистон Судялар олий кенгаши хонанда Шерали Жўраевнинг оталик фактини белгилашга оид даъвоси бўйича давом этаётган фуқаролик низосида томонларни турли хил баёнотлар беришдан тийилишга чақирди. Кенгаш, шунингдек, ОАВни суд ишига доир ахборот тарқатишда масъулиятли бўлишга даъват қилди.

Оилавий низо судлашиш даражасига етиб, процессуал жараёнлар давом этаётган бир пайтда тарафлар (ёки уларнинг вакиллари) томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

“Тармоқлардаги муҳокамаларда ҳали якунига етмаган иш бўйича турли башоратларга берилишлар, суддан аввал “қарор чиқариб қўйиш” ҳолатлари мавжуд, энг ёмони, низо судда холис ва беғараз кўрилишига асоссиз шубҳалар ҳам билдирилмоқда. Буларнинг ҳаммаси судга нисбатан ижтимоий босим пайдо қилаётганига таъкид шарт эмас.

Судялар олий кенгаши матбуот хизмати мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, иш бўйича тарафларни турли шакл ва кўринишда баёнот беришдан тийилишга, журналист ва блогерларни эса шахсга оид маълумотлар ҳамда суд ишига доир ахборотларни тарқатишдек нозик ва ҳассос масалага масъулият билан ёндашишга чақиради”, – дейилади баёнотда.

Кун факти

2024 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистондан экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича пиёз етакчилик қилмоқда – 103 минг тонна.

Кейинги ўринларни 94 минг тонна кўрсаткич билан карам ва 36,7 минг тонна билан сабзи эгаллаган.

Доҳага тўғридан тўғри авиақатнов

Qatar Airways авиакомпанияси Доҳа–Тошкент йўналишида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўяди. Дастлабки рейс 2 июн куни амалга оширилиши белгиланган.

Бу борада Ўзбекистоннинг Қатардаги элчиси Ашраф Хўжаев Qatar Airways компанияси бош ижрочи директори Бадр Муҳаммад Ал-Мийр билан учрашув ўтказди.

“Дунё” агентлиги хабарига кўра, мулоқот чоғида давлатлараро тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, карго ташувларини амалга ошириш, замонавий авиахизматлар соҳасида тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Бадр Муҳаммад Ал-Мийрга кўра, дастлаб ҳафтасига 4 марта, кейинчалик эса кунлик равишда ҳаво қатновларини амалга ошириш режалаштирилган.

Форумга тайёргарлик

Қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтган Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик бўйича тақдимот билан танишди.

Бу йил бўлиб ўтадиган III Тошкент халқаро инвестиция форумида 84 та давлатдан қарийб 2,5 минг киши қатнашиши кутилмоқда. Улар орасида ҳукумат вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари, БМТ, ЕТТБ, ОПЕК, ШҲТ каби халқаро ташкилотлардан юқори мартабали меҳмонлар бор.

Форумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда барча ташкилий чора-тадбирлар кўрилди.

Бу галги мажлисда мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга доир долзарб масалалар кўриб чиқилади.

Бир йилга етмаган шодлик

Нурободда 40 йил кутилиб таъмирланган асфалт бир йилга бардош берди холос. Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ўша ҳудудга боргач, қирқ йил давомида таъмирланмаган йўлга асфалт тўшалган, атиги бир йил аввал олис тўрт маҳалла аҳли байрам қилганди.

Нурободнинг олис Ҳазармали, Уйшин, Олға, Меҳр, Ўртабуз қишлоқларини боғлаб турувчи 30 километрдан ошиқроқ йўл таъмирланган эди, аммо уларнинг қувончи узоққа чўзилмади: иш сифатсиз қилингани сабаб унга сарфланган 33 млрд сўм маблағ ҳавога учди.

Маълум бўлишича, ушбу йўл асосан лалми ва паст қирликлардан иборат. Йўл қурилишида икки ёндаги тупроқ ўртага кўтарилиб, асфалт ётқизилганди. Ёмғир ёғса ҳар тарафдан сув келиб, сойликларга қуйилади. Сел йўли инобатга олинмаган, қолаверса, қувур ва кўприклар сифатсиз ётқизилган.

Ҳудудда яшовчи 16 мингдан ортиқ аҳоли яна аввалги қийинчиликларни бошдан кечиряпти. Туман марказига қатнайдиган асосий йўлнинг бир нечта жойини сел олиб кетганлиги сабабли жиддий ноқулайликлар юзага келмоқда.

Мавзуга оид