Жаҳон | 21:30 / 18.05.2024
5466
2 дақиқада ўқилади

Грузия президенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги можароли қонунга вето қўйди

Бироқ, парламентда кўпчилик қонунни ёқлаб овоз берса, президент ветоси бекор қилиниши мумкин.

Саломе Зурабишвили Фото: Sean Gallup/ Getty Images

Грузия президенти Саломе Зурабишвили парламент томонидан қабул қилинган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасига вето қўйди.

«Бугун мен «Россия» қонунига вето қўйдим. Бу қонун ўз моҳияти ва руҳига кўра россияники. Бу бизнинг конституциямизга ва барча Европа стандартларига зид келади ва шунинг учун бизнинг Европа йўлимиз учун тўсиқдир. Ушбу қонун ҳеч қандай ўзгартириш ёки яхшиланишга муҳтож эмас, шунинг учун вето жуда оддий. Бу қонунни бекор қилиш керак», деди Зурабишвили брифингда.

Бироқ, парламентда кўпчилик қонунни ёқлаб овоз берса, президент ветоси бекор қилиниши мумкин. Аввалроқ, Грузия парламенти Европа Иттифоқи томонидан танқид қилинган «яширин тергов фаолияти тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш чоғида президент ветосини бекор қилган эди.

14 май куни Грузия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда маъқуллади. Уни 84 депутат ёқлади, 30 депутат қарши чиқди. Ушбу ҳужжатда хориждан 20 фоиздан ортиқ молиялаштириладиган барча нотижорат юридик шахслар ва оммавий ахборот воситалари акс эттириладиган махсус реестр яратиш назарда тутилган. Улар йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилиши керак бўлади.

Қонун лойиҳасининг мухолифлари уни «чет эл агентлари» тўғрисидаги Россия қонунининг нусхаси деб аташади. Ҳужжат АҚШ ва Европада ҳам танқидга учради. Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёни Грузияда оммавий норозилик намойишлари билан кечди.

Мавзуга оид