Жаҳон | 12:53 / 25.05.2024
21184
11 дақиқада ўқилади

Ғарб ва СССР қарама-қаршилиги – МИ-6 ходими нега КГБ жосусига айланганди?

1965 йил. Лондон яқинидаги қамоқхонадан давлатга хиёнати учун 42 йилга қамалган собиқ МИ-6 ходими қочиб кетади. Унинг қаерга қочгани номаълум эди. МИ-6 ва полиция уни излаб Британиядан топа олмайди. Кўп ўтмай қочоқ Франция, Белгия ва ГДР орқали Москвага қочиб кетгани ойдинлашади. Кейинчалик у совет фуқаролигини олади ва Москвада яшаб қолади.

Ўтган асрнинг иккинчи ярмида СССР ва Ғарб ўртасида жосуслик ўйинлари авж олади. Ҳар икки томон ҳам жосус ёллаш ва улар ёрдамида муҳим маълумотларни олиш пайида бўлишади.

Бу рақобатда кўпроқ АҚШ ва Британия махфий хизматлари муваффақият қозонган. КГБ ҳамда совет ташқи разведка бошқармаси ходимларидан жуда кўпчилиги Ғарбга қочиб ўтган ва АҚШнинг МРБ ҳамда Британиянинг МИ хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилган.

КГБ жосуслари ва совет ҳарбийларининг Ғарбга қочиб ўтишига айрим ҳолларда пул, бошқасида СССРда зўравонлик ва маъмурий буйруқбозлик устига қурилган тузум сабаб бўлган. Ғарбга қочиб кетган жуда кўп КГБ ходимлари совет иттифоқидаги адолатсиз ва зўравон тузумда яшашни хоҳлашмаганини айтишган.

Уларнинг айримлари хизматлари қадрланмаганини сабаб қилиб кўрсатган ёки ноҳақ жабр кўргани учун аламзада бўлишган.

Бироқ шундай бўлса-да МРБ ёки Британиянинг МИ хавфсизлик хизмати фойдасига ишлаган жосусларга, Ғарбга қочиб бориб махфий маълумотларни ошкор қилган КГБ ходимларига жуда катта миқдорда мукофот пуллари тўланган.

Шунингдек, Ғарб давлатларида эркин жамият ва юқори маош тўланганига қарамасдан айрим ҳолларда СССР фойдасига жосуслик қилган шахслар ҳам учраб турган.

Фото: alamy.com

Уларнинг айримлари советларнинг “бутун дунёни тенг қилиш” ҳақидаги пуч ғоясига учган бўлса, бошқалари ўз давлатида жабр чекканидан аламзада бўлгани учун шу йўлни танлаган. Ана шулардан бири Британияда Жорж Блейк, СССРда Георгий Бехер номи билан танилган Георг Беҳар эди.

Жорж Блейкка айланган Георг

Георг Беҳар 1922 йилда Нидерландиянинг Роттердам шаҳрида яҳудий оиласида туғилади. У 13 ёшидан 17 ёшигача Мисрда қариндошлариникида яшайди.

Немислар Нидерландияни босиб олиши арафасида Георгнинг оиласи Англияга қочиб кетади. У қолади ва партизанлик ҳаракатига қўшилиб 2 йил немисларга қарши жанг қилади. 1942 йилда Георг ҳам Англияга кўчиб ўтади.

1943 йилда Георг исм-шарифини Жорж Блейк деб ўзгартиради ва немисларга қарши жанг қилиш учун Францияга, сўнг Испанияга кетади. Испанияда Жоржни ушлаб олишади. Шунда у очлик эълон қилади ва испанлар уни қўйиб юборишади.

Британияга қайтган Жоржни МИ-6 назорат қиладиган Махсус операциялар бошқармасига ўтказишади. Шу тариқа у махсус хизмат ходимига айланади.

Уруш тугагандан сўнг Жорж рус тилини ўргана бошлайди. 1948 йилда МИ-6 уни Жанубий Кореяга юборади. Жорж Британиянинг Сеулдаги элчихонаси ходими ниқоби остида иш бошлайди.

1950 йилда Корея яриморолида шимоллик коммунистлар ва жанубликлар ўртасида уруш бошланади. Шимолликлар орол жанубини, шу жумладан Сеул шаҳрини ҳам эгаллашади ва Британия элчихонаси аъзоларини ҳибсга олишади. Асирлар орасида Жорж ҳам бор эди.

1953 йилда Корея яримороли иккига бўлинади. Шундан сўнг шимолликлар элчихона ходимларини озод қилишади ва Жорж Лондонга қайтади. 1961 йилда Жорж советлар билан ҳамкорлик қилганликда айбланиб ҳибсга олинади ва 42 йилга қамалади.

Фото: Аргументы и Факты

Советлар билан ҳамкорлик

Жорж советлар билан ҳамкорликни Шимолий Кореяда ҳибсда сақланган пайтида бошлаганди. Ўша пайтда Шимолий Кореяни ўз назорати остида ушлаган советлар асирга олинган Британия элчихонаси ходимлари орасидан айнан Жоржни ҳамкорликка кўндиришади.

Бунда унинг рус тилини билиши ва коммунистларга хайрихоҳлиги муҳим рол ўйнайди. Ўшанда Жорж ўзидаги барча маълумотларни совет разведкасига беради.

Жорж асирликдан озод бўлиб Лондонга қайтгач кўп ўтмай МИ-6нинг бош идорасида иш бошлайди. Уни техник операциялар бўлими бошлиғи ўринбосари вазифасига қўйишади. Шу тариқа Жорж жуда кўп маълумотларга эга бўлади ва барчасини КГБга топширади.

Жорж берган маълумотлар орасида МИ-6нинг СССРдаги жосуслари рўйхати, НАТОнинг махфий ҳужжатлари, шунингдек Берлиндаги Ғарб махсус хизматлари фойдаланиб келган яширинча туннел ва бошқа маълумотлар бор эди.

Ўшанда КГБ Жорж берган маълумотларга асосланиб СССРдаги МРБ ва МИга хизмат қилаётган шахсларни қўлга олади. Уларнинг аксарияти ўлим жазосига ҳукм этилади.

Жоржнинг хизматлари эвазига КГБ СССРдаги Ғарб жосуслари тармоғини фош этади ва унинг барча аъзолари ҳибсга олинади. Шунингдек, Ғарб махсус хизматларининг кўплаб режаларидан воқиф бўлади ва уларга қарши чора кўрилади.

Фото: alamy.com

Кўп ўтмай Жорж фош бўлади. Гап шундаки, 1961 йилда полшалик жосус Михаил Головенский МРБ томонга қочиб ўтади ва КГБ билан ҳамкорлик қилаётган ғарблик жосуслар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилади.

Шундан сўнг АҚШда ва Британияда ишловчи КГБ жосуслари бирин-кетин қўлга олинади. Улар орасида Жорж Блейк ҳам бор эди. Уни 1961 йилда ҳисбга олишади. Суд Жоржга 42 йиллик қамоқ жазоси тайинлайди.

Қамоқдан қочиш

1966 йилда Жорж Лондон яқинидаги Уормвуд-Скрабс қамоқхонасидан қочишга муваффақ бўлади. Қочиш харажатларини англиялик таниқли режиссёр Тони Ричардсон тўлаб беради. У Британияда ядро қуролларининг бўлишига қарши ҳаракат аъзоларидан бўлган.

Ричардсон ўша пайтда ҳали полициячилар ҳам эга бўлмаган қимматбаҳо рация тўпламини сотиб олади ва улардан бирини қамоқда ётган Жоржга етказади. Қолган рациялар Жоржга ёрдам бериши керак бўлган одамларга берилади.

Шу тариқа ташқаридагилар билан доимий алоқада бўлиб турган Жорж қочишга муваффақ бўлади. Қочаётганда у жароҳат олади ва бир муддат даволанади.

Соғлигини тиклаган Жорж қиёфасини ўзгартиради ва фургон ҳайдовчиси бўлиб Ла-Манш бўғози остидаги туннелдан Францияга ўтиб олади. Сўнг Белгия орқали советлар назорати остида бўлган Германия демократик республикасига ўтади. КГБ ходимлари уни Берлиндан Москвага олиб кетишади.

Фото: alamy.com

Жорж-Георгий Москвада

Жорж Блейк Москвага етиб келгандан сўнг кўп ўтмай номини Георгий Иванович Бехтер деб ўзгартиради ва СССР фуқаролигини олади. Коммунистик партияга қабул қилинади.

Жорж СССРда аввалига КГБда маслаҳатчи, кейинроқ Прогресс нашриётида таржимон бўлиб ишлайди. 1974 йилда Москвадаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг Яқин Шарқ бўлимида дарс бера бошлайди. Нафақага чиққач Москвада яшаб қолади.

1990 йилда Георгий Бехтернинг “Гоҳида танлаш имконияти бўлмайди” номли автобиографик китоби чоп этилади. 2006 йилда “Шаффоф деворлар” номли иккинчи китоби чоп этилади.

У китобларида ўзи ҳақида шундай деганди:

“Сотқинлик қилиш учун аввал ўзингни қандай қарашларга эга эканлигингни аниқлаб олишинг лозим. Мен ҳеч қачон ўзимни британиялик деб ҳисобламаганман. Шу сабабли ўзимни оқлашим шартмас деб ўйлайман. Мен ривожланишнинг олдинги қаторида турганларга ёрдам бердим холос”.

Георгийнинг китобларини Британияда инглизча таржимада чоп этмоқчи бўлишганда ҳукумат бунга қаршилик кўрсатади. Китоблар чоп этилган тақдирда ҳам муаллифга гонорар тўланишига йўл қўйилмаслиги айтилади.

Фото: cambridge5.ru

2006 йилда Георгий Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига Британия ҳукумати устидан шикоят йўллайди ва судда ютиб чиқади. Шундан сўнг унга китоблари учун Британиядаги нашриёт гонорар тўлаб беради.

Георгий умрининг сўнгги қисмини Москва яқинидаги Кратово посёлкасидаги далаҳовлисида ўтказади. У СССРда яшаган пайтларида КГБ полковниги унвонини олган. Советлар, кейинроқ Россия Георгийни кўплаб орден ва медаллар билан тақдирлаган.

Николай Долгополов ўзининг “Асосий душман. СССР учун пинҳона уруш” китобида ёзишича СССР тарқаб кетгандан сўнг Россия томони Георгий Мехтерга “Россия қаҳрамони” унвонини бермоқчи ҳам бўлган. Бироқ Британия билан алоқалар совуқлашиши мумкинлиги инобатга олиниб бу унвон берилмаган.

Камера юлдузи

Георгий Бехтер биринчи марта телеэкранларда 1990 йилда кўринади. У ББС ва Россиянинг “Новости” агентлиги ҳамкорликда суратга олган ҳужжатли филмда қатнашади.

2011 йилда режиссёр Леонид Белозоривич томонидан суратга олинган Георгий Бехтернинг ҳаётига бағишланган ҳужжатли филм Россиянинг етакчи телеканалларида намойиш этилади.

Фото: alamy.com

2012 йилда Звезда телеканалида Георгийнинг ҳаёти ҳақида олинган “Жаноби олиялари хизматидаги КГБ агенти” номли ҳужжатли филм намойиш этилади.

Бундан ташқари, СССР парчаланиб кетгандан сўнг Георгий Бехтер жуда кўп марта Россия ва бошқа хорижий телеканаллар учун интервюлар бериб келган.

2010 йилда Георгий 88 ёшда бўлганида берган интервюсида советларга нисбатан хайрихоҳлик қай тарзда пайдо бўлгани ҳақида шундай деганди:

“Нидерландия қаршилик кўрсатиш ҳаракати иштирокчиси сифатида мен СССРнинг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасини доимо юқори баҳоладим. Мен нацистлар ҳукмронлиги остида икки йил яшадим ва бу қандай ёвузлик эканлигини билардим. Совуқ уруш бошланиши билан мен умидли кадр сифатида Кембриж университетига рус тилини ўрганиш учун юборилдим. У ерда менга “петербурглик инглиз" деб аталадиган ва ярим рус бўлган бир аёл дарс берган. Ўшанда у мен каби талабаларда рус адабиёти ва маданиятига муҳаббат уйғотишга муваффақ бўлди. Шунда менда Россия тарихига, ташқи душманлардан ва оғир шароитлардан кўп жабр кўрган, бахтсиз тақдирга эга рус халқига нисбатан ҳурмат пайдо бўлди. Кейинроқ имконият бўлиши биланоқ улар томонга ўтдим”.

Фото: NEWSru.com

Георгий умрининг охиригача тўғри йўлда бўлганини таъкидлаб келган. У 2020 йил 26 декабр куни 98 ёшида Москва яқинидаги далаҳовлисида вафот этади.

Бугун Россия тарихида Георгий Бехтер Россияга (!) муносиб хизмат қилган шахс сифатида эсланади.

20-асрнинг иккинчи ярмида Америкадан ёки Британиядан СССРга қочиб келган бир қанча жосуслар советлар юртидаги яшаш шароити Ғарбникидан анча ночор бўлганини айтишган.

Айримлари СССРга қочиб келгани учун афсусланган. Бироқ Георгий Бехтер бу мавзуда умуман гап очмаган. Чунки у 42 йилга қамалганди ва СССРга қамоқхонадан қочиб келганди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид