Жаҳон | 15:29 / 01.06.2024
19006
12 дақиқада ўқилади

Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари — фош бўлган КГБ агенти нега ўзини ўлдирганди?

1977 йил 21 июн. Москва шаҳридаги квартиралардан бирига КГБ ходимлари бостириб киришади. Шу пайтда хонадон эгасининг мазаси қочади. Зудлик билан тез ёрдам чақирилади. Бироқ шифокорлар етиб келганча у вафот этади. Кейинчалик уй эгаси заҳарли капсула ичиб, жонига қасд қилгани маълум бўлади. Ўлган одам МРБ билан ҳамкорлик қилганликда гумонланган КГБ жосуси эди.

1977 йил ёзда КГБ ходимлари иккита операция ўтказишади. Уларнинг бирида АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси билан ҳамкорликда гумон қилинаётган КГБ жосуси қўлга олиниши керак эди.

КГБ ходимлари жосуснинг уйига бостириб кирган пайтда у заҳар ичиб жонига қасд қилади. Жосус ўлгач жуда кўп маълумотлардан қуруқ қолган КГБ иккинчи операцияни ўтказади. Мақсад ўлган жосуснинг ҳамкорини ушлаш эди.

Операцияда қўлга олинган аёл АҚШнинг СССРдаги элчихонаси ходими бўлиб чиқади. Дахлсизлик мақомига эга бўлгани учун КГБ аёлдан ҳам ҳеч қандай маълумот ололмайди ва уни мамлакатдан чиқариб юборади. Шу тариқа иккита операция ҳам деярли натижасиз тугайди.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг бу урушгача жаҳон сиёсий саҳнасида унча муҳим рол ўйнамаган СССР социалистик қутб етакчиси сифатида АҚШ билан рақобатлаша бошлайди.

1950-йиллар ўрталарига келиб советлар Шарқий Европа, Хитой, Шимолий Корея ва Жанубий-Шарқий Осиёда жойлашган Ветнам ҳамда Лаосда социалистик тузум ўрнтишга муваффақ бўлган ва жаҳонда катта таъсир доирасига эга давлат сифатида танилган эди.

Ўша пайтда советлар бутун дунё бўйлаб “СССРдаги бахтли ва фаровон ҳаёт”ни тарғиб қилишар, бундай ёлғон тарғиботга учган айрим мамлакатларда давлат тўнтаришлари уюштириб, қўзғолончиларни қурол-яроғ билан таъминлаётган эди.

Бироқ 1953 йилда Сталин вафот этгач “зулм империяси”нинг жуда кўп кирдикорлари ошкор бўлади. Мислсиз қатағонларга бошчилик қилган Лаврентий Берия ва унинг ёрдамчилари жазоланади. Мамлакатдаги қамоқхоналардан миллионлаб сиёсий маҳбуслар озод қилинади.

Ана шундан сўнг СССРда совет ҳукуматидан ҳафсаласи пир бўлган одамлар пайдо бўлади. Бундайлар ҳатто КГБ ва Ташқи разведка бошқармаси ходимлари орасида ҳам етарлича бор эди.

Фото: dzen.ru

Бундай одамлар имконият туғилиши билан Ғарб махфий хизматлари билан ҳамкорлик қила бошлайди. Бу жараён 1991 йил СССР парчаланиб кетгунича давом этади.

Совет дипломати, аниқроғи хорижда совет элчихонаси ходими ниқоби остида ишлаган Александр Огородник ҳам МРБ билан ҳамкорлик қилганлардан бири эди.

Ҳарбий хизматдан КГБга

Александр Огородник 1939 йилда Қримда туғилган. У ҳарбий хизматга чақирилган вақтида КГБ ходимларининг эътиборини тортади ва армиядан сўнг 1959 йилда шу ташкилотга ишга киради. Унга “Стахановчи” (машҳур зарбдор ишчи Стаханов номидан олинган) лақаби берилади.

КГБда ишлаб юрган Огородник 1967 йилда Москвадаги Халқаро муносабатлар институтини битиради. 1970 йилда аспирантурани тугатади ва ўша йили илмий ишини ҳимоя қилиб, иқтисод фанлари номзоди бўлади.

У институтда ва аспирантурада ўқиб юрганида ёшлар ташкилоти қўмитаси аъзоси сифатида бир неча марта Колумбия, Коста-Рика ва Болгарияга сафар қилади.

1970-йиллар бошларида Огородникни СССРнинг Колумбиядаги элчихонаси ходими ниқоби остида Богота шаҳрига юборишади. У элчининг иккинчи котиби сифатида иш бошлайди.

Огородник Жанубий Америкада
Фото: elmundo.es

Ўша пайтларда Жанубий Америка давлатларида АҚШнинг таъсири жуда юқори бўлган. Шу сабабли улар СССР элчихоналарининг фаолиятини, КГБ жосусларининг хатти-ҳаракатларини мунтазам кузатиб боришган.

МРБ билан ҳамкорлик

Огородник Боготада иш бошлагач МРБ ходимлари уни ўз томонларига оғдириш пайига тушади. Огородник табиатан аёлларга суяги йўқ одам эди. Бундан унумли фойдаланган МРБ ўз ходими бўлган аёлдан фойдаланишга қарор қилади.

Аёл оддий испан қизи ниқоби остида Огородник билан танишади. Кўп ўтмай ўртада ишқий алоқалар бошланади. Бу орада аёл ҳомиладор бўлиб қолади.

1973 йил январда Огородникни МРБ ходимлари тутиб номаълум масканга олиб боришади. У ерда совет жосусига аёл билан ишқий муносабатлари тасвирланган кадрларни кўрсатишади.

Сўнг америкаликлар Огородникка аёл МРБ ходими эканини, агар ўзлари билан ҳамкорлик қилишга рози бўлмаса барча маълумотлар Москвага етказилишини айтишади. Шунда у МРБ билан ҳамкорлик қилишга рози бўлади.

Бошқа маълумотларга кўра, ўшанда аёл Огородникдан ҳомиладор бўлгач ўзининг МРБ ходими эканини унга айтади. Шунда совет жосуси ўз ихтиёрига кўра МРБ билан ҳамкорлик қилишга розилик билдиради.

Огородник ва уни чув туширган МРБ ходими бўлган аёл
Фото: fishki.net

Огородниковнинг МРБга берган илк жиддий ҳужжатлари Совет-Хитой муносабатларидаги устувор масалалар ҳақида бўлган. Бу ҳужжатнинг қўлга киритилишини ўша пайтда кимсан АҚШ давлат котиби Генри Киссинжер мақтаган эди.

1974 йил ноябр ойида Огородник Москвага қайтиб келади. Айрим маълумотларга кўра унинг Колумбияда МРБ ходимлари билан ҳамкорлик қилаётгани ҳақида Москвага хабар келиб тушган. Шундан сўнг Огородник Москвага чақириб олинган.

Бошқа манбаларга кўра, Огородникнинг МРБ ходимлари билан ҳамкорлиги ҳақида КГБдагилар билмаган. Агар билганида Огородник Москвага етиб келгандаёқ ҳибсга олинарди.

Огородник Москвага қайтгач уни СССР ташқи ишлар вазирлиги қошидаги ташқи сиёсат тадбирларини режалаштириш бошқармасига ишга ўтказишади.

Огородникнинг фош бўлиши

Огородник Москвага қайтгач кўп ўтмай МРБ СССРга элчихона ходими ниқоби остида Марта Петерсон исм-шарифли аёлни жўнатади. Марта МРБ томонидан СССРга юборилган биринчи жосус аёл бўлган.

Собиқ МРБ ходимининг беваси бўлган бу аёлга СССРда Огородник билан алоқада бўлиб туриш ва у билан ҳамкорликда ишлаш топшириғи берилган эди.

Марта Петерсон
 Фото: npr.org

1976 йилда Узоқ Шарқдаги Находка шаҳрида Тинч океани бассейни бўйича ҳамкорлик йиғилиши бўлиб ўтади ва унда Америка делегацияси ҳам қатнашади.

Йиғилиш давомида КГБ ходимлари хорижлик меҳмонларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатларини синчковлик билан кузатишади. Ана шу кузатишлар пайтида улар йиғилишга масъул бўлган Огородникнинг АҚШ делегацияси аъзолари билан кўп мулоқот қилаётганини пайқаб қолишади. Бу маълумот зудлик билан Москвага юборилади.

Шундан сўнг КГБ ходимлари Огородник Находкадан қайтгунича унинг уйини яширинча тинтиб кўришади. У ердан фотоаппарат плёнкалари ва уйда сақлаш мумкин бўлмаган бошқа бир нечта ҳужжатлар топилади.

Шундан сўнг Огородникнинг уйига яширинча эшитиш мосламаси ўрнатилади. Унинг ортидан доимий кузата бошлашади ва америкаликлар билан ҳамкорлик қилаётгани аниқланади.

1977 йил 21 июн куни Огородник уйда эканида бир гуруҳ КГБ ходимлари бостириб кириб, уни қўлга олишади. Шунда Огородник америкаликлар билан ҳамкорлик қилиб келганини тан олади ва иқрорлик хати ёзиб беришини айтади.

Сўнг ўтириб столи устидаги ручкалардан бирини ва қоғоз олиб ёзишга уринади. Шу пайтда бирдан унинг мазаси қочади. Зудлик билан тез ёрдам машинаси чақирилади.

Ходимлар у заҳарли капсула ичган деб тахмин қилади ва Огородникнинг оғзини очиб текшириб кўришади. Бироқ ҳеч нарса топа олишмайди. Заҳар ўз ишини бажаради, шифокорлар етиб келгунча Огородник вафот этади.

Огородник Жанубий Америкада
Фото: 24smi.org

Кейинчалик, экспертиза текширувларида Огородник танасига бир зумда ўлдирадиган заҳар юборгани ойдинлашади. Тахмин қилинганидек заҳар капсула кўринишида бўлган.

Огородникни қўлга олиш операциясига бошчилик қилган КГБ генерал-лейтенанти Виталий Бояров у ичган заҳар авторучкада бўлганини айтган.

Шу сабабли КГБ ходимлари Огородник иқрорлик хатини ёзиб бериш учун столи устидаги ручкани олаётганда ҳеч қандай шубҳага боришмайди. Шунда у ходимларнинг кўзини шамғалат қилиб танасига заҳар юборади.

Бошқа бир маълумотга кўра, Огородник қўлга олинган пайтда ўзини ўлдирмаган. Балки уни КГБ ҳибсхонасида, тергов пайтида уриб ўлдиришган. Бироқ бу маълумот тасдиқланмаган.

Марта Петерсоннинг ушланиши

Огородник вафот этгани барчадан сир сақланади. Чунки у алоқа ўрнатган шахс ушланмаган эди. Ишни охирига етказиш учун “Сетун” деб номланган операция ишлаб чиқилади.

Унга кўра КГБ ходимларидан бири сохта Огородник бўлиб, унинг уйида яшай бошлайди. Ходим Огородникнинг кийимларини кийиб олади, унинг қора рангли Волга машинасидан фойдаланади.

КГБ Огородникнинг хотини Олгани ташкилот билан ҳамкорлик қилишга мажбурлайди. У ҳар куни сохта Огородник билан ишга бориб-келиб туради.

1977 йил 10 июл куни Огородник билан ҳамкорлик қилаётган ходимдан учрашув ҳақида сигнал келади. Унга кўра учрашув 15 июл куни Москвадаги кўприклардан бирида бўлиши айтилганди.

Учрашув белгиланган кун сохта Огородник айтилган жойга боради ва Волгани келишилган жойда тўхтатади. Уни КГБ ходимлари кузатиб туради. Шу пайтда машинага бир аёл яқинлашади. У АҚШнинг СССРдаги элчихонаси ходими ниқоби остида жосуслик билан шуғулланаётган Марта Петерсон эди.

Марта Петерсон машинага яқинлашганда унга икки нафар КГБ ходими яқинлашади ва овоз чиқармай ўзлари билан бирга боришни буюради.

Бироқ аёл икки нафар жанговар тайёргарликдан ўтган ва яккама-якка кураш турларидан хабардор ходимларни уриб ташлайди ва рус тилида бақириб, атрофдагилардан ёрдам сўрай бошлайди.

Марта Петерсоннинг қўлга олиниши
Фото: zvezdaweekly.ru

Шунда атрофдаги бошқа ходимлар ҳам аёлга ташланади ва амаллаб уни ушлашади. Кейинроқ Мартанинг бир нечта жанговар кураш турлари билан шуғуллангани, таэквондо бўйича яшил белбоғ соҳиби экани ойдинлашади.

Марта Американинг Москвадаги элчихонаси ходими сифатида дахлсизлик ҳуқуқига эга эди. Уни сўроқ қилишгач СССРдан чиқариб юборишади. Марта МРБда 2003 йилгача ишлайди ва кейин нафақага чиқади.

Америкаликлар Марта фош этилганда Огородникни ҳибсда деб ўйлашади. У ҳақдаги барча ҳужжатлар махфий сақлангани учун Огородникнинг тақдиридан бехабар қолишади.

Орадан етти йил ўтгач 1984 йилда совет экранларида намойиш этилган ҳужжатли филмдан сўнг Огородникнинг тақдири қандай кечганини билишади.

“ТАСС хабар берганда...”

1970-йиллар иккинчи ярмида КГБ раҳбари Юрий Андропов ва Ички ишлар вазири Николай Шчёлоков ўртасида ўзаро душманлик бор эди. Улар журналистлар ва адибларни ёллашар, улардан фойдаланиб бадиий асарлар ёздиришарди. Ҳужжатли ҳамда бадиий филмлар суратга олдиришарди.

Ўша пайтларда ёзувчи Юлий Семенов асосан КГБ буюртмаси билан ишлайдиган адиб эди. 1960-йилларнинг иккинчи ярмида у жосус Штирлиц ҳақида ҳикоя қилувчи “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” романини айнан КГБ буюртмаси билан ёзганди.

Кўп ўтмай ана шу роман асосида кўп қисмли “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” филми суратга олинади. Филм собиқ иттифоқ телевидениесида муваффақият билан намойиш этилади.

1980-йиллар бошларида Юлий Семенов КГБ бош идорасига чақирилади. Унга МРБ билан ҳамкорлик қилган Александр Огородник ҳақида ҳужжатли филм суратга олиш режалаштирилаётганини айтишади.

Сўнг адибга тегишли ҳужжатлар тақдим этилади ва шу мавзуда сценарий ёзиш топшириғи берилади. Ёзувчи топшириқни кутилганидан аъло қилиб бажаради.

1984 йил ёзда совет экранларида Семенов сценарийси асосида суратга олинган “ТАСС хабар берганда....” деб номланган ҳужжатли филм намойиш этилади. Филмда Огородник ролини актёр Борис Клюев ўйнаганди.

Катта ёшдагилар яхши эслашади, бу ҳужжатли филм намойиши бир неча ҳафта давом этади ва унда КГБ ходимлари жуда кўкларга кўтарилади. Томошабинларга сотқинларнинг тақдири аянчли тугаши ҳақида уқтирилади.

Бироқ айнан филм экранларга чиқарилган пайтда совет армиясининг бир қанча зобитлари, КГБ ва Ташқи разведка хизмати ходимлари МРБ ва МИ билан ҳамкорлик қилаётганди. Бу энди бошқа тарих...

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид