Ўзбекистон | 17:16 / 10.06.2024
6069
3 дақиқада ўқилади

 “Менинг боғим” лойиҳасига старт берилди

“Яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилишга қаратилган “Менинг боғим” лойиҳаси 10 июндан бошланди. Ташаббускорлар 20 июнгача “Очиқ бюджет” порталида таклиф қолдиришлари мумкин. Лойиҳа Ўзбекистонда илк бор ўтказиляпти.

Фото: Kun.uz

2024 йил 10 июндан янги “Менинг боғим” лойиҳаси бошланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Унга кўра жараён 3 та босқичда ўтказилади:

• Таклиф киритиш (10 июндан – 20 июнгача);

• Саралаш (20 июндан – 23 июнгача);

• Овоз бериш (23 июндан – 3 июлгача).

Менинг боғим” лойиҳаси ҳақида

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилиш учун “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган “Менинг боғим” лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Бунда “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилиш бўйича ер майдони манзили ва расмлари кўрсатилган ҳолда, қиймати 250 млн сўмдан ошмаган ташаббус билдирилади.

Ажратиладиган маблағлар миқдорига лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида аниқлик киритилади. Аниқлик киритилган миқдордан ошган тақдирда лойиҳага бошқа лойиҳаларда иқтисод қилинган маблағлар ажратилади. Шунингдек, лойиҳаларга вилоятлар ва пойтахт кенгашларининг қарорлари асосида маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари сарфланади.

Ҳужжат билан жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган "Менинг боғим" лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У қуйидагиларни назарда тутади:

• “Менинг боғим” лойиҳаларини молиялаштириш тартиби;

• лойиҳаларни шакллантириш, саралаб олиш ва ғолибларни аниқлаш;

• ғолиб лойиҳаларни молиялаштириш ва амалга ошириш;

• ҳисобдорлик ва очиқликни таъминлаш;

• жавобгарлик ва лойиҳаларни амалга ошириш устидан назорат.

Шунингдек, 2024 йил учун, 2025 йилдан бошлаб эса ҳар йили декабр ойида “яшил боғ” ҳамда “яшил жамоат парки”ни ташкил этиш учун белгиланган тартибда ер майдонлари ажратилади.

Мавзуга оид