Иқтисодиёт | 13:43 / 25.06.2024
6604
4 дақиқада ўқилади

Пойтахтбанк БАА компаниясига 10 млн долларга сотилди

“Пойтахтбанк” АЖ устав капиталидаги 100 фоиз улушни Бирлашган Араб Амирликларининг “Bond Investments limited LLC” компанияси 10 млн долларга сотиб олди. Аввалига бу банкни Россиянинг Экспобанкига сотиш кўзда тутилган, лекин геосиёсий воқеалар сабаб келишув бекор қилинганди.

Фото: Пойтахтбанк

“Пойтахтбанк” АЖ устав капиталидаги 100 фоиз акциялар пакети Бирлашган Араб Амирликларининг “Bond Investments limited LLC” компаниясига сотилди.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг маълум қилишича, БАА компанияси Пойтахтбанкни 10 млн долларга, тўловни бирйўла амалга ошириш шарти билан харид қилган.

Аввалроқ мазкур банкдаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича “Экспобанк” АЖ (Россия Федерацияси) билан келишув имзоланган эди. Давактив хабарига кўра, халқаро муносабатларда юзага келган вазият сабабли Экспобанк томонидан амалдаги келишув шартларини бажариш имконияти мавжуд эмаслиги инобатга олиниб, шартнома ўзаро келишувга асосан бекор қилинган.

“Шундан сўнг, Давактив агентлиги ва хусусийлаштириш жараёнига жалб этилган халқаро профессионал консултант “Deloitte” томонидан стратегик инвесторлардан таклифларни қабул қилиш ишлари давом эттирилди.

Жараён давомида “Bond Investments limited LLC” компанияси томонидан тақдим этилган таклиф аввалги талабгорларнинг билдирган сотиб олиш қийматидан ҳамда мустақил баҳоловчи (“KPMG” халқаро компанияси) томонидан баҳоланган қийматдан юқори бўлган тижорат таклифи бўлди.

Мазкур жараён консултант “Deloitte” томонидан мувофиқлаштирилган ва олди-сотди шартномаси лойиҳаси тайёрланган, консултант томонидан “Bond Investments limited LLC” компанияси ҳамда унга тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи, АҚШ, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг очиқ санкциялари рўйхатига киритилмагани ўрганилган”, – дейилади расмий хабарда.

Таъкидланишича, инвестор Бирлашган Араб Амирликларининг юқори суръатларда ривожланаётган инвестиция компанияларидан бири бўлиб, “Das Holding LLC” компанияси гуруҳи таркибида фаолият юритади. Ҳолдинг гуруҳи яқин Шарқ ва бутун дунёдаги диверсификацияланган бизнес соҳаларида фаолият юритувчи компаниялардан иборат. У БААда исломий ва рақамли банкни ўз ичига олган муваффақиятли банкларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини юритиш тажрибасига эга.

Давактив хабарига кўра, инвестор томонидан ушбу банк негизида энг замонавий мобил ва рақамли молиявий технологияларни жорий қилган банк инфратузилмасини яратиш режалаштирилган.

Битимни ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ якунлаш учун инвестор Ўзбекистон Марказий банкининг “Пойтахтбанк” АЖ акцияларини сотиб олишга доир дастлабки рухсатномасини олиши талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, Пойтахтбанкни Россиянинг Экспобанк банки сотиб олиши ҳақидаги хабарлар 2021 йилда маълум бўлганди. Ўша йили Тошкентдаги иқтисодий форум доирасида Пойтахтбанкни хусусийлаштириш тўғрисида Россия банки билан меморандум имзоланганди.

Ўша йили охирида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарори билан, банкни сотишдан тушган маблағлар сотиш билан боғлиқ харажатларни чегирган ҳолда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига йўналтирилиши кўзда тутилган.

Маҳаллий бюджетга келиб тушган пуллар Молия вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ажратилган бюджет ссудаларини, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда тижорат банклари томонидан ажратилган кредитларни қайтаришга йўналтирилиши белгиланган.

Банк Ўзбекистон президентининг 2017 йилдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Асосий фаолияти – тижорат банк операциялари, қимматли қоғозлар, валюта билан операциялар, кредит ва кафолатлар бериш.

Банк Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 100 фоиз муассислигида ташкил этилган бўлиб, устав капиталини шакллантиришга маҳаллий бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилган.

Мавзуга оид