Ўзбекистон | 07:31 / 27.06.2024
2362
2 дақиқада ўқилади

Ким Нам Сок Ўзбекистоннинг IT бўйича Жанубий Кореядаги фахрий элчисига айланди

2013−2017 йилларда Ўзбекистон АТК вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Ким Нам Сок мамлакатнинг IT бўйича Жанубий Кореядаги фахрий элчиси бўлди. 

Фото: Рақамли технологиялар вазирлиги

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Сеулда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг собиқ ўринбосари, Корея хавфсизлик ва давлат бошқаруви вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Ким Нам Сок билан учрашди.

Учрашувда икки давлат ўртасида АТК соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва Корея компанияларининг Ўзбекистондаги лойиҳалардаги иштироки муҳокама қилинди. Ўзбекистонни минтақадаги IT хабга айлантириш режалари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Шерзод Шерматов Ким Нам Сокни Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги IT бўйича фахрий элчиси лавозимига таклиф қилди. Собиқ вазир ўринбосари бу таклифни қабул қилди.

Ким Нам Сок Ўзбекистонда вазир ўринбосари ва АТК бўйича маслаҳатчи лавозимларида 2013 йил баҳорида иш бошлаганди. Унинг меҳнат шартномаси тўрт йил давом этган.

У «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш, Миллий ахборот-коммуникация тизимини 2013−2020 йилларда комплекс ривожлантириш дастури, тармоқ стандартлари ва таснифлагичларини ишлаб чиқиш, мамлакатда дастурий таъминот саноатини ривожлантириш, иқтисодиётнинг реал секторига АТКни жорий этиш бўйича тавсиялар ва лойиҳаларда иштирок этган.

Ким Нам Сокнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази ва Ахборот хавфсизлигини таъминлаш марказлари ташкил этилган. 2016 йилда Ким Нам Сок «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид