Жамият | 13:19 / 03.07.2024
5730
3 дақиқада ўқилади

150 миллион сўмга сотилган суратлар — Тошкентда “Орзу” хайрия кўргазма-аукциони бўлиб ўтди

Бутунжаҳон ёшлар фестивали доирасида 27–30 июн кунлари Тошкент шаҳридаги Фотосуратлар уйида “Орзу” хайрия кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада кўзи ожиз болалар тасаввур олами асосида эскизи чизилиб, сунъий идрок томонидан тасвирий акси яратилган 20 дона картина намойиш этилиб, уларнинг барчаси аукционда сотилди.

Ўзбекистонда илк бор ўтказилган “Орзу” хайрия кўргазмаси 3 мингдан ортиқ меҳмонлар ташриф буюрди. Улар орасида Россия, АҚШ, Туркия, Хитой, Австралия, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, БАА, Кувайт, Франция ва Германиядан келган санъат ихлосмандлари ҳам бор.

Хайрия-аукциони кўришда нуқсони бор болаларни ижодий ва молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида йўлга қўйилди. Дастлабки босқичда ҳудудлардан кўришда нуқсони бор, турли ёшдаги 16 нафар болалар, йигит ҳамда қизлар ўз хоҳиши ва ота-оналарининг ризолиги асосида танлаб олинди. Улар билан психологлар, шифокорлар ҳамда журналистлар иштирокида суҳбат ўтказилиб, респондентларнинг дунёқараши, хаёлоти ҳамда орзулари ўрганилди.

Суҳбатда тўпланган маълумотлар асосида сунъий идрок ёрдамида картиналар яратилди.

Кўргазма доирасида аукцион ўтказилиб, унга қўйилган 20 та суратнинг барчаси сотилди. Суратлар сотувидан жами 151,4 млн сўм маблағ йиғилди. Аукциондаги энг қиммат сурат 20 млн сўмга хитойлик меҳмон томонидан сотиб олинди.

Кўргазма жамоатчилик эътирофига ҳам сазовор бўлди.

Кўзи ожиз ёки заиф кўрадиган инсонларда тасвирий санъат имконияти йўқ, уларни имконияти чекланган деб атаймиз одатда. Аслида, имконият чекланган эмас, имконият чексиз даврда яшаяпмиз. Техника ютуқлари инсоннинг етишмаётган бир мучаси функциясини бажариб бераётгани - бу катта ютуқ. Яхши идея ўйлашган, аукционда ҳамма сурат сотилди ва болаларнинг даволаниш операцияларига етадиган катта сумма йиғилди”, – дейди журналист, блогер Азиза Қурбонова

Кўргазмада сотилган ижодий ишлардан тушган маблағлар кўзи ожиз болаларнинг кўриш қобилиятини тиклаш учун мўлжалланган операцияларга йўналтирилади. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, лойиҳанинг кейинги босқичларини халқаро миқёсда ҳам ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, кўзи ожиз болалар тасаввур оламини 3D технологиялар ва VR (виртуал реаллик) имкониятларидан фойдаланган ҳолда инсонларга таништириш режа қилинган.

Мавзуга оид