Ўзбекистон | 17:03 / 08.07.2024
32101
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари. Файзулла Хўжаев ким эди?

Дунё харитасида Ўзбекистон номли давлат расман 1924 йил 27 октябрда пайдо бўлди. Шу куни Бухородаги Оқ уйда Файзулла Хўжаев янги Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси тузилганини эълон қилди. Хўш, амир Олимхон ҳокимиятига қарши чиққан, уч марта ўлимга ҳукм этилган, 13 йил Ўзбекистон ССР ҳукуматини бошқариб сўнг қатағонга учраган Файзулла Хўжаев ким эди? Kun.uz сиёсатчининг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади.

Ўзбекистоннинг илк раҳбари Файзулла Хўжаев 1896 йилда Бухородаги йирик савдогар оиласида дунёга келади. Отаси – Убайдуллахўжа замонасининг ўзига тўқ кишиларидан бири бўлган. Замондошлари Убайдуллахўжани “Бухородаги энг йирик 4 та бойдан бири эди”, дея хотирлашган. Унинг Москвада хусусий савдо идораси бўлиб, Россиянинг ўзида ҳамда бир қанча бошқа хорижий бозорларда қоракўл тери, пахта билан кенг миқёсда савдо-сотиқ юргизган.

Файзулла Бухородаги мадрасалардан бирида икки йил таҳсил олгач, 1907 йилда отаси уни Москвага олиб кетади. У ерда 1907–1912 йилларда хусусий ўқитувчилар қўлида таълим олади, савдо ва замонавий илмларни ўрганади. Отасининг вафотидан кейин эса Бухорога қайтиб келади.

Файзулла Хўжаевнинг уй-музейида жойлашган ҳайкали. Фото: Маданий мерос агентлиги

Жадидчилар сафига қўшилиши

Бухоро амирлиги даврида ҳар қандай ислоҳот, ҳар қандай янгилик ва илғор ғоя жаҳолатга ботган айрим қатламларнинг қаттиқ қаршилигига учрар эди. Россияда таълим олиб, дунёқараши кенгайган Файзулла ота йўлини танламади. У ўша пайтдаги Бухоронинг аҳволини, мамлакатнинг тараққиётдан орқада қолаётганини сезади ва Бухоронинг аҳволини тузумни ўзгартириш билан яхшилаш мумкин деган фикрга келади.

Бухоронинг сўнги амири Саййид Олимхон

Файзулла Хўжаев 1913 йилда, 17 ёшида жадидчилик ҳаракатига қўшилади. Унда тараққийпарвар ғояларнинг шаклланишида Бухоронинг дастлабки маърифатпарварларидан бири Абдулвоҳид Бухоновнинг (Мунзим) сезиларли таъсири бўлган.

Жадидлар фарзандларимизни ўқитиб, маърифатга эришамиз ва жамиятни ўзгартирамиз деган ғоя билан “Ёш бухороликлар” партиясини ташкил этади ва Бухоро амирига қарши кураш бошлайди.

Файзулла Хўжаев отасидан мерос қолган катта бойликни янги усул мактаблари очиш, ёш бухороликлар сиёсий фаолиятини моддий қўллаб-қувватлашга сарфлади. 1917 йилдан бошлаб Хўжаев ва Фитрат партиянинг сўл қанотига бошчилик қилиб, Бухорода аввал конституцион монархия, сўнгра демократик республика тузиш учун курашадилар.

Советлар билан ҳамкорлик

Файзулла Хўжаев 1918 йилнинг баҳорида амирлик салтанатига қарши ҳужум уюштиради. Озчиликни ташкил қилган “Ёш бухороликлар” амирга қарши кураша олмас эдилар. Шунинг учун улар Туркистон Халқ Комиссарлар Совети раиси Колесовдан ёрдам сўрайди. Жадид тарафдорларининг камлиги, қизил армиянинг яхши қуролланмай урушга киргани сабаб амир кучлари устунлик қилади. Шундан сўнг у ўз тарафдорлари билан амир Олимхон таъқиби ва қувғинига учрайди, оила аъзолари билан Тошкентга кетишга мажбур бўлади. Амирликда эса бир неча бор сиртдан ўлимга ҳукм қилинади.

У 1918 йил ёзида Москвага жўнайди. Йўлда оқ гвардиячилар қўлига тушади ва Оренбургда 4 ой қамоқда ётади. Большевиклар билан алоқалари сабаб оқ гвардиячилар ҳарбий дала суди уни отувга ҳукм қилади. Фақат бахтли тасодиф туфайлигина қамоқдан қочишга эришади.

Файзулла Хўжаев 1918 йил октябридан 1920 йилнинг январ ойигача Москвада бўлиб, “Ёш бухороликлар” фирқаси Москва комитети раиси бўлиб ишлайди. У Москвада совет ҳукуматининг раиси Ленин ва унинг сафдошлари Сталин, Калинин, Фрунзе, Рудзутаклар билан учрашиб, бир неча марта мулоқотда бўлади.

Сиёсатчи 1920 йилда Тошкентга қайтиб, “Учқун” газетасини чоп этади. Уни 5000 нусхада яширин чиқариб, Бухоро аҳолисига тарқатади. Бу йўлда унга Абдурауф Фитрат, Мунзим, Саид Аҳрорийлар ёрдам беради. Бухоро амири Саид Олимхон қандай бўлмасин, Файзуллони йўқ қилиш йўлларини излайди, боши учун йирик миқдорда олтин ҳам ваъда қилади. Шундай вазиятда Хўжаев яна болшевиклардан кўмак сўрайди.

Ҳукумат тепасига келиши

1920 йил ёзида Бухоро амирлигида сиёсий вазият жуда кескинлашади. Туркистон фронти қўмондони Фрунзе Бухорога ҳужум уюштириб, 1920 йил 2 сентябрда Бухоро шаҳрини эгаллайди. Минглаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлади.

Болшевикларнинг Хўжаевга ёрдами беғараз эмасди, албатта. Амир ҳокимияти ағдарилгач, унинг хазинаси таланади ва Бухородан ҳаммаси бўлиб икки эшелонда олтин ва қимматбаҳо буюмлар Москвага олиб кетилган.

Босқин вақтида илма-тешик қилинган Минораи Калон. 1920 йил, сентябр. Фото: Vikond65.livejournal.com

1920 йил 14 сентябрда Файзулла Хўжаев бошчилигида Бухоро Халқ Совет Республикаси Халқ Нозирлар Кенгаши тузилди. У ҳукумат бошлиғи (1920—1924) лавозими билан бирга, ҳарбий ишлар нозири (1922—1924), ташқи ва ички ишлар нозири (1920-1922) каби лавозимларни ҳам эгаллайди. Бу пайтда у ҳали 24 ёшда эди.

Файзулла Хўжаев

Хўжаев хориж давлатлари билан алоқа қилмай, Бухорони ривожлантиришни тасаввур қилолмасди. Шу сабабдан Эрон, Туркия, Афғонистон, Озарбойжон, шунингдек, Англия, Германия ва Япония билан дипломатик алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилади. Хусусан, 1922 йил октябр-ноябр ойларида Германияда бўлиб, турли банклар ва компаниялар билан шартномалар тузади.

Хўжаевнинг ташаббуси билан 100 га яқин туркистонлик талаба ҳукумат ҳисобидан Германияда, ўнлаб талабалар Туркия ва бошқа давлатларда ўқишган.

Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилганидан кейин, Файзулла Хўжаев 1925-1937 йилларда Ўзбекистон ССР Халқ Коммиссарлари Совети раиси сифатида фаолият юритади.

Ташаббускор Файзулла Хўжаев

Файзулла Хўжаев ўз фаолияти давомида ўзбек халқининг иқтисодий ва маданий равнақига хизмат қилувчи қатор тадбирларни амалга оширган. Ғарбда илм-фан, саноат ривожланаётганини кўрган Хўжаев ўз халқининг орқада қолаётганидан ташвишланарди. Шу сабаб республика аҳолиси илмли бўлиши учун қўлидан келганини қилди. Унинг раҳбарлик йилларида республика умумтаълим мактабларида 18 тилда дарс берилган. Олий ўқув юртлари сони 31 тага етиб, 86 та техникум ташкил қилинган.

Ўзбекистондаги илк гидростанция Бўзсув ГЭС, Чирчиқ электркимё комбинати, Тошкент тўқимачилик комбинати ҳам Хўжаев саъй-ҳаракатлари билан очилган. Унинг раҳбарлигида Бойсунда кўмир, Олмалиқда мис, Самарқанд ва Фарғонада мармар, рангли металларни қидириш ишлари бошланади.

Файзулла Хўжаев Ўзбекистон Коммунистик партиясига нисбатан мухолифат мавқеида турган “ўн саккизлар гуруҳи”га хайрихоҳ бўлган. У бу гуруҳнинг расмий аъзоси бўлмаса ҳам, аслида уларнинг ғоявий илҳомчиси эди. Мулкдорларни синф сифатида тугатишга қаратилган қулоқчилик сиёсатини ёқламаган. Ўзбекистонда ёппасига чигит экилиши пахта яккаҳокимлигига олиб келади, деб ҳисоблаган. Замонавий саноат иншоотлари қурилишида ташаббускор бўлган.

Файзулла Хўжаев авж олиб бораётган қатағонга лоқайд бўлмаган. Тарихчиларнинг ёзишича, 1929 йилда Фитрат ва Чўлпоннинг ҳаёти хавф остида қоланди. Лекин Файзулла Хўжаев икки буюк инсонни 1937 йилгача, то ўзи ҳам тақибларга учрагунча ёвуз машина чангалидан қутқариб қолади.

“Агар мен Ўзбекистонда шу лавозимда ўтирар эканман, агар мен тирик бўлар эканман, Фитрат ҳам, Чўлпон ҳам ҳеч қачон қатағончилар қўлига тушмайди”, деган у.

Файзулла Хўжаевнинг ўлдирилиши

Бир томондан болшевиклар, иккинчи томондан мамлакат ичкарисидаги айрим гуруҳлар Файзулла Хўжаев фаолиятини доимий кузатиб, унинг камчиликларини топишга ҳаракат қилишди. Гуруҳбозлик, Сталин қатағони Хўжаевни ҳам четлаб ўтмади.

Хўжаев Ўзбекистонда совет режимини ағдариш учун фитна уюштирганликда ҳамда Германия, АҚШ, Япония ва Польша фойдасига жосусликда айбдор деб топилган.

1938 йилнинг 13 мартида СССР олий судининг ҳарбий коллегияси “Бухарин процесси”, “Учинчи Масков процесси” деб ном олган суд жараёнига якун ясаб, ўз ҳукмини эълон қилади. Судга тортилган кўпчилик қатори Файзулла Хўжаев ҳам отувга ҳукм этилади ва бу ҳукм ўша куни Москва яқинидаги “Коммунарка” ҳарбий полигонида амалга оширилади.

Москва, Бутова тумани / Фото: Бессмертный барак

Марҳум ҳукумат раҳбари 1965 йилда тўла оқланиб, Сталин қатағонининг бегуноҳ қурбонларидан бири сифатида эътироф этилган.

Файзулла Хўжаевнинг авлодлари ҳозир қаерда?

Файзулла Хўжаевнинг 4 нафар фарзанди бўлган, бир қизи ва бир ўғли ёшлигида вафот этган. Унинг 1921 йилда туғилган Вилоятхон исмли қизи ҳақида маълумот бор, холос.

Файзулла Хўжаев отувга ҳукм қилингандан кейин, рафиқаси Маликахон ва қизи Вилоятхон Сибирга сургун қилинади. Ва шу ерда Вилоятхон немис иммигрантларидан бири Виктор Бархетга турмушга чиқади. Уларнинг Рудолф Бархет исмли ўғли бўлиб, у ҳозир Ўзбекистонда яшайди.

Файзулла Хўжаев 42 йил умр кўрди ва бутун ҳаётини ўзбек халқига хизмат қилишга бағишлади, 17 йил давомида Бухоро жумҳурияти ва Ўзбекистон ССР ҳукуматларини бошқарди. Мустақил ички ва ташқи сиёсат юритишга, мамлакатда демократик ислоҳотлар ўтказишга хайрихоҳ бўлди. Якунда эса кўпчилик замондошлари каби мустабид совет режими томонидан шафқатсизларча ўлдирилди.  

Мавзуга оид