Ўзбекистон | 10:02 / 10.07.2024
4088
2 дақиқада ўқилади

Юнусободда қувур ёрилиши оқибатида 80-85 минг куб метр ичимлик сув йўқотилди – “Ўзсувтаъминот”

Кўчаларни сув босишига сабаб бўлган авария диаметри 1200 мм қувурнинг 800 мм бўлган қувурга уланган қисмида содир бўлган.  Носозлик бевосита 1970-1975 йилларда тортилган сув қувурларининг бугунги кунда таъмирталаб аҳволга келгани ва ўша тармоқда ортиқча босим пайдо бўлгани оқибатида кузатилган.

Асилжон Муҳиддинов Фото: Kun.uz

Юнусободдаги қувур ёрилиши оқибатида 80-85 минг куб метр миқдоридаги ичимлик суви йўқотилган. Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида жамият бўлим бошлиғи Асилжон Муҳиддинов Kun.uz журналистининг сўровига жавобан маълум қилди.  

Унга кўра, носозлик 1970-1975 йилларда тортилган сув қувурларининг бугунги кунда таъмирталаб аҳволга келгани ва ўша тармоқда ортиқча босим пайдо бўлгани оқибатида кузатилган. Бирламчи ҳисоб-китобларга кўра, носозлик жараёнида 80-85 минг куб метр миқдоридаги ичимлик суви йўқотилган. Бу Тошкент шаҳрига бир кунда узатилаётган ичимлик сувининг 3,2 фоизини ташкил қилади.

Агар биз тармоқларни рақамлаштириб, уларнинг босимини онлайн бошқарадиган ускуна ва жиҳозларини ўрнатмас эканмиз, тармоқнинг қайсидир нуқтасида авария содир бўлишини олдиндан била олмаймиз. Мана шу ишларни амалга оширсак, тармоқни тўлиқ назорат қилиш ва носозликларнинг олдини олиш имконига эга бўламиз”, деган Асилжон Муҳиддинов.

“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раис ўринбосари Хуршид Раҳматуллаевнинг маълум қилишича, авария диаметри 1200 миллиметрли қувурнинг 800 мм бўлган қувурга уланган қисмида содир бўлган.

Ушбу ҳодисада йўқотилган ичимлик суви зарари аҳоли ёки ўша ҳудуддаги истеъмолчилар бўйнига ҳисобланмайди. Техник йўқотишлар аввалдан кўзда тутилади. Агар йил давомида [йўқотишлар] 17 фоиздан ошадиган бўлса, қувур эгаси, яъни бизнинг ташкилот зарари ҳисобланади, табиий йўқотиш, деган мазмунда зарар қопланади. Бу ҳеч қанақасига истеъмолчилар бўйнига тушмайди” деган жамият бошқарув раиси ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 3 июл куни пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган катта сув ўтказгич тармоғида носозлик вужудга келгани ортидан кўчаларни сув босганди.  

Мавзуга оид