Доимий узилишлар, "лимит" қўрқуви ва глобал тақчиллик. Марказлашган энергия таъминотига қарамликдан қандай қутилиш мумкин?
“Энергия инқирози” деб мамлакат ёки минтақани энергия билан таъминлашда юзага келадиган ҳар қандай жиддий танқисликка айтилади. Бундай инқироздан чиқиш учун муқобил ечим сифатида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш кенг оммалашди. Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси қуёш, шамол, гидроэлектр, геотермал ёки бошқа энергия манбаларига сармоя киритиб, улардан электр энергиясини олиш орқали “Энергия мустақиллиги”га қандай эришиш ва даромад олиш ҳақидаги маълумотлари билан бўлишади.
Қуёш панеллари нима?
Қуёш панеллари бу — қуёш энергиясини тўғридан тўғри электр токига айлантирадиган фотоволтаик конвертор, яъни яримўтказгичли қурилма ҳисобланади. Улар қуёшдан олинган ёруғлик, қуёшдан тараладиган иссиқлик нури эмас, балки ундан чиқадиган ёруғликни электр токига айлантириб беради.
Қуёш панеллари қуёш электр станцияси деб ҳам аталади. Уларнинг 3 хил тури мавжуд:
1. On-grid – тармоқли қуёш тизими;
2. Off-grid – мустақил қувват тизими;
3. Gibrid – тармоққа уланган аккумуляторли қуёш тизими
Off-grid, яъни аккумулятор (батарея) билан ишлайдиган қуёш электр станциялари захирада қуёшдан йиғган энергиясини сақлаб туради ва сутканинг исталган вақтида ундан фойдаланиш мумкин бўлади. Бу турдаги қуёш электр станцияларини электр энергия етиб бормаган ёки ток тармоқларида тез-тез узилишлар кузатиладиган ҳудудларга ўрнатиш мақсадга мувофиқдир.
On-grid – тармоқ электростанцияларида эса фақат қуёш панеллари ва инверторлар бўлади. Мазкур турдаги станция электр тармоғи билан параллел равишда ишлайди. Қуёш панелларидан олинган энергияни инвертор 220 ёки 380 волтга айлантириб, куннинг ёруғ вақтида истеъмолчига тўғридан тўғри етказиб беради. Ортиб қолган энергияни давлат электр тармоғига узатади. Тармоқэлектростанцияларидан кўпинча электр энергиясини тежаш мақсадида фойдаланилади. Бу қурилманинг икки томонли ҳисоблагичи бўлиб, у давлат ҳисобидан ва қуёш энергиясидан умумий қанча ишлатилганини кўрсатиб туради.
Гибрид тизимлар эса қуёш панеллари бозорида нисбатан янги саналади. Бу коммунал тармоққа уланган ва ортиқча энергияни сақлаш учун мўлжалланган батареяга эга қуёш панели тизими ҳисобланади. Гибрид тизимда кундузи панеллар уй қурилмаларини қувват билан таъминлайди, шу билан бирга батареяни заряд қилиш учун энергия йиғади, батареяда тўпланган қувватни тунда қуёш нури бўлмаганда ишлатиш мумкин. Агар ток ортиқча бўлса, у коммунал тармоққа қайтарилади. Бундан ташқари, батарея тўлиқ зарядсизлангандатармоқдан қувват захира сифатида фойдаланиш мумкин!
Қуёш панелларини қаерга қандай ўрнатиш керак?
Қуёш панеллари объектнинг географик ҳудуд шароитига қараб жойлаштирилади. Мамлакатимизда уларнинг жанубга қараб ўрнатилиши тавсия этилади. Ҳовлили турар жойларда қуёш панелларини ўрнатиш учун уйнинг томлари энг қулай локация ҳисобланади. Сабаби, томда қуёш панелларига деярли соя тушмайди.
Йирик қувватли қуёш панеллари учун эса кенг ва катта масштабли очиқ майдонлардан, дарахтлар соя солмайдиган ерлардан фойдаланиш лозим. Ҳа, айтмоқчи, панелларни ўрнатишда уларга қаттиқ жисмлар тегса, синиши мумкинлигини ҳам унутмаслик зарур. Ёдда тутинг, панел дарз кетса, уни таъмирлаш имкони мавжуд эмас.
6 ой давомида давлатга 40 миллион сўмлик электр энергиясини сотган ҳамюртимиз билан суҳбатда айнан шу каби саволларга ойдинлик киритилади:
“Хонадонимизга 50 кВтлик қуёш панеллари ўрнатганмиз. Лойиҳалар туман электр тармоқлари корхонасига берилган ва уларга энергия сотиш бўйича 5 йиллик шартнома тузилган.
Панелларининг нархи ўтган йили анча қиммат эди. Биз 400 млнга ўрнатганмиз. Бугунги кунда нархлар пасайди – 300 млнга ўрнатиш мумкин. Қуёш электр станцияси Тошкент шароитида ҳар бир киловатти 1 йилда 1500-1600 бараваргача электр энергиясини генерация қилар экан. Ҳисоблагичимиздан ҳам кўриш мумкин. Бир йиллик статистикаси 75000 дан 80000 кВтгача электр энергиясини ишлаб чиқаряпти. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, биз панеллар нархи қиммат вақтда ўрнатганимиз учун 5 йилда бу қуёш станцияси ўзини оқлайди. Шунингдек, ҳар бир киловатт 400 сўмдан айланяпти, агар уни 1000 сўмдан сотадиган бўлсак 600 сўм фойда кўриш мумкин.
Қуёш панелларини ўрнатиш учун ўртача 20 кун вақт кетди. Маҳаллада қуёш панелларини биринчи бўлиб ўрнатганлар ютади. Масалан 240 кВтли трансформаторга 3-4 киши улангандан кейин бошқа уланишнинг имкони бўлмайди. Кейин уланаётганлар алоҳида трансформатор қўйишга мажбур бўлишади. Шунинг учун биринчи бўлиб ўрнатиш қулай.
Бизнинг қуёш панелларимиз On-grid тизимида ўрнатилган. Шунинг ичида 5 кВтлик инвертор билан аккумулятор ҳам ўрнатилган. Сабаби On-grid тизими электр энергия тармоқда узилганда ишламайди.
Шунда аккумуляторда йиғилган ток тугагунча электр билан таъминлаб туради. Масалан, 8 соат давомида хонадондаги барча электр энергияси билан ишлайдиган қурилмаларни таъминлаб беради. Панеллар йилнинг март ойидан бошлаб то октябр ойигача яъни қуёшли кунларда энергия ишлаб чиқаради”.
Қизиқ факт. Қуёш панеллари ўрнатилгандан сўнг, деярли ҳеч қандай парвариш қилиш талаб этилмайди. Фақат уларнинг тоза ва соядан холи эканига ишонч ҳосил қилинса, бас. Қуёш панелларининг яроқлилиги стандарт 25 йиллик кафолатга эга бўлади, улар 30-40 йилгача хизмат қилиши мумкин. Қуёш панеллари бир суткада 1 соатдан 24 соатгача ҳам истеъмолчини электр энергияси билан таъминлай олади. Уларни харид қилаётганда кундалик фойдаланиладиган электр қиймати ва истеъмолчилар сони қанча экани ҳисобга олинади.
Агар харидор ойлик, йиллик электр истеъмолини ёзиб, мутахассисга кўрсатса, унга айнан қанча қувватли қуёш панели кераклигини аниқлаш осон бўлади.
Қуёш панеллари – мўмай даромад манбаи
Хонадонга ўрнатилган қуёш панеллари истеъмолга етадиганидан кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарса, давлат уни кафолатли равишда сотиб олади. Бунинг учун қуёш панели рақамли ҳисоблагичга уланади ва давлат билан жисмоний шахс ўртасида ҳисоб-китоблар автоматик равишда юритилади.
Ўзбекистонда 2023 йил 1 апрелдан бошлаб ҳудудлардаги уй хўжаликларида умумий қуввати 50 кВтгача бўлган кичик қувватли қуёш панелларни ўрнатишни рағбатлантириш бўйича «Қуёшли хонадон» дастурини амалга ошириш бошланган. Дастур доирасида аҳоли томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига 1000 сўмдан субсидия ажратилиши белгиланган.
Қуёш энергияси экологик тоза электр манбаи ҳисобланади. У қазилма ёқилғидан олинадиган, электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнида юзага келадиган углерод чиқиндилари ва ифлосланишни камайтиради. Сабаби қуёш энергияси ишлаб чиқарилиш жараёнида эмиссия ҳосил қилмайди ва унинг чиқиндилари табиий газникидан тахминан 12 баравар, кўмирникидан 20 баравар оз ҳисобланади.
Қуёш панелларини ўрнатиш орқали сиз нафақат электр таъминотида мустақилликка эришасиз, маълум вақт ўтиб харажатларингиз қопланганидан сўнг, мўмай даромад манбаи эгасига айланасиз, балки бу ишни амалга оширганингиз билан табиатга, иқлим ўзгаришига қарши курашга, табиий ресурсларнинг келгуси авлодлар учун ҳам сақланиб қолишига катта ёрдам берган бўласиз.
Мавзуга оид
07:50 / 22.11.2024
БМТ РФнинг Днипрога баллистик ракета зарбасидан хавотирда
15:22 / 21.11.2024
Бокудаги COP29: иқлим ўзгаришига мослашиш харажатларини ким тўлайди?
00:36 / 19.11.2024
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
16:16 / 16.11.2024