Қирғиз давлатчилигининг асосчи-оталари рўйхати тасдиқланди
Президент фармони билан 5 нафар тарихий шахсга замонавий қирғиз давлатчилигининг «Асосчи отаси» унвони берилди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўз фармони билан замонавий қирғиз давлатчилигининг асосчи-оталари рўйхатини тасдиқлади.
Рўйхатга беш киши киритилган:
- Ишенали Арабаев (1882-1933), педагог, қирғиз мактаблари учун биринчи дарслик «Қирғиз алиппеси» («Қирғиз алифбоси») муаллифи, қирғиз тилидаги биринчи газета «Эркин-Тоо» муҳаррири, «Манас» достонини йиғиш ва ёзиб олиш гуруҳи раҳбари;
- Имонали Айдарбеков (1884-1938), Қорақирғиз инқилобий қўмитаси раҳбари (1924-1925), Қирғизистон АССР Бош суди раиси (1927-1929), кейинчалик Енгил саноат ва савдо халқ комиссари;
- Абдиқодир Ўрозбеков (1889-1938), чор армиясига чақирилишга қарши Ўрта Осиё қўзғолони иштирокчиси (1916), Қирғизистон АССР / Қирғизистон ССР Марказий Ижро Қўмитаси президиуми раиси (1927-1937);
- Абдикарим Сидиқов (1889-1938), қирғизлар тарихи ва насл-насабига оид асарлар муаллифи. 1916 йилги Ўрта Осиё қўзғолонини бостиришда кўрсатган ёрдами учун 3-даражали Муқаддас Станислав ордени билан мукофотланган. У қирғиз халқининг автоном давлатчилигини яратиш ғоясини илгари сурганлардан бири бўлди. 1922 йил декабрда у СССР ташкил этилган советларнинг таъсис қурултойида ягона қирғиз делегати эди;
- Юсуп Абдраҳмонов (1901-1938). 1920 йиллар бошида у Абдикарим Сидиқов, Ишенали Арабаев ва бошқалар билан биргаликда Туркистон Республикаси таркибида Тоғли ўлка ташкил этиш таклифини илгари сурди. 26 ёшида Қирғизистон АССР Халқ Комиссарлари Совети раиси этиб тайинланган.
«Айнан улар XX асрдаги янги давлатчиликнинг негизида туриб, қирғиз халқи ўз тили, маданияти ва тарихи билан Марказий минтақадаги бошқа халқлар билан тенг асосда ўз давлатини яратишга ҳақли эканлигини ишончли исботлади», дейилади президент фармонида.
Қайд этилишича, ушбу шахсларга «Асосчи оталар» унвонининг берилиши мамлакатнинг бошқа атоқли давлат ва сиёсий арбобларининг ватан олдидаги хизматларини умуман камситмайди.
Фармон Қорақирғиз автоном вилояти ташкил топганининг 100 йиллигига (1924 йил 14 октябр) бағишланган.
Асосчи-оталар рўйхатига киритилганларнинг барчаси 1930 йилларда қатағонга учраган. Ишенали Арабаев 1933 йилда қамоқда вафот этган. Қолганлари 1938 йилда отиб ташланган. 1950 йилларда уларнинг барчаси оқланган.
Мавзуга оид
13:40
Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланмоқда
13:51 / 23.11.2024
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024