Спорт | 14:52 / 28.07.2024
18267
2 дақиқада ўқилади

Дзюдочи Диёра Келдиёрова япониялик кучли рақибини енгиб, кейинги босқичга ўтди

Ута Абэнинг 5 йил давом этган мағлубиятсиз сериясига барҳам берилди. Мағлубиятдан кейин у кўз-ёшларини тия олмади.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Франциянинг Париж шаҳрида ёзги Олимпиада ўйинлари давом этмоқда.

Дзюдо баҳсларида куннинг энг муҳим воқеаси юз берди. Биринчи даврадан эркин ўтган ўзбекистонлик дзюдочи Диёра Келдиёрова (-52 кг) иккинчи босқичда Токио Олимпиадаси чемпиони, япониялик Ута Абэга рўбарў келди.

Ушбу вазннинг икки номдор спортчилари ўртасида баҳсда Келдиёрова иппон баҳоси билан ғалаба қозонди ва кейинги босқичга йўл олди.

Энди у чоракфиналда германиялик Маша Балҳаус билан куч синашади.

  • Диёра Келдиёрова чоракфиналда Маша Баллҳаусдан ҳам шидо баҳолари билан устун келиб, яримфиналга йўл олди. У финал йўлланмаси учун франциялик Амандин Бушарга қарши татамига чиқади.

Маълумот учун, 26 ёшли Келдиёрова 2019 ва 2022 йилларда Осиё чемпиони, 2023 йил Осиё ўйинлари ғолиби бўлган, 2023 ва 2024 йилларда жаҳон чемпионатларида кумуш медал билан тақдирланган. Эътиборли жиҳати, 2023 йил Доҳа шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионати финалида у айнан Абэга мағлуб бўлганди. Шу тариқа, у ушбу рақибдан қасос олди.

У айни вақтда ўз вазнида жаҳон рейтинги пешқадами ҳисобланади.

24 ёшли Ута Абэ эса 2020 йилги Олимпиада чемпиони бўлишдан ташқари, тўрт марта – 2018, 2019, 2022 ва 2023 йилларда жаҳон чемпиони бўлган. У сўнгги беш йил мобайнида мағлубият нималигини билмаётганди.

У ўзбекистонлик рақибдан учралган мағлубиятни ўта оғир қабул қилиб, баҳсдан кейин кўз-ёшларини тия олмади.

 

Мавзуга оид