Жаҳон | 08:20 / 29.07.2024
3053
2 дақиқада ўқилади

Сена ифлосланиши сабабли триатлончиларнинг машғулотлари бекор қилинди

Париж Олимпиадасида триатлончиларнинг машғулотлари Сена дарёси ифлосланиши сабабли бекор қилинди. Дарёдаги сувнинг сифати ёмғир туфайли ёмонлашди. Ўйинлар олдидан Париж мэри Анн Идалго Сена дарёсида сузиб ўтиб, у хавфсиз эканлигини кўрсатганди.

Фото: Pawel Kopczynski/Reuters

28 июл, якшанба куни Париж Олимпиадасида триатлончиларнинг машғулотлари Сена дарёси ифлосланиши сабабли бекор қилинди. Сўнгги икки кун ичида ёғингарчилик туфайли дарёдаги сувнинг сифати ёмонлашган. Бундай қарор Олимпиада ташкилий қўмитаси, Бутунжаҳон триатлон федерацияси ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қабул қилинган. «Сув сифати кўрсаткичлари етарли даражада кафолат бермайди», дейилади пресс-релизда.

Германия бош мураббийи Томас Мёллернинг айтишича, улар сув сифати «бир-икки кун» ёмонлашиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган ва бошқа машғулотлар учун майдонлар ташкил қилинган. «Умид қиламизки, қуёш ҳамма нарса режалаштирилганидек давом этишига ёрдам беради», деди Мёллер.

Триатлон мусобақаси Париждаги дарёда ўтказиладиган биринчи мусобақа бўлиб, 30 июл (эркаклар) ва 31 июл (аёллар) кунларига мўлжалланган. Ташкилотчилар бу вақтга келиб Сенадаги сув сифати яхшиланади ва мусобақани бошқа жойга кўчиришга ҳожат қолмайди, деб умид қилмоқда. 

Париж мэри Сена дарёсида сузиб ўтиб, у хавфсиз эканлигини кўрсатди 

Ўйинлар бошланишидан олдин ҳам Сенадаги сув сифати оммавий ахборот воситаларида бир неча бор муҳокама қилинган. Сўнгги юз йил давомида дарёда сузиш тақиқланган, аммо Олимпия ўйинлари учун улар Сенани тозалашга қарор қилишди, бунинг учун 1,4 миллиард евро сарфланди. Бироқ ўйинлар олдидан мунтазам текширувлар дарёда хавфли бактериялар миқдорини аниқлади. 

17 июл куни Париж мэри Анн Идалгонинг ўзи Сена дарёсида сузиб, унинг мусобақага яроқлилигини кўрсатди. Ушбу сузиш бўйича Идалго компаниясида 2024 йилги Олимпиада ташкилий қўмитаси раҳбари, слаломда эшкак эшиш бўйича Олимпия чемпиони Тони Эстанге ва Иле-де-Франс пойтахт ҳудуди префекти Марк Гийом қатнашди. Уларнинг ортидан ўнга яқин ҳаваскор спортчилар сувга шўнғидилар.

Мавзуга оид