Спорт | 08:28 / 31.07.2024
2566
2 дақиқада ўқилади

Олимпиада: эркаклар триатлони Сена дарёси ифлосланиши сабабли қолдирилди

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, Сена сувида «баъзи жойларда» мусобақалар йўналиши бўйлаб ифлосланиш даражаси «ҳали ҳам рухсат этилган чегарадан ортиқ».

Фото: Getty images

Париждаги ёзги Олимпия ўйинларида 30 июл, сешанба куни эрталаб бўлиб ўтиши керак бўлган триатлон бўйича эркаклар ўртасидаги мусобақа бир кунга қолдирилди. Ташкилотчилар бу ҳақда режалаштирилган стартдан бор-йўғи уч соат олдин маълум қилиб, қарор Сена дарёсидаги сув сифати билан боғлиқлигини аниқлаштирди.

Олимпиада ташкилий қўмитаси ва Бутунжаҳон триатлон федерацияси (World Triathlon) баёнотда 27 ва 28 июл кунлари Парижда кучли ёғингарчиликлар туфайли мусобақа йўналиши бўйлаб «баъзи жойларда» сувнинг ифлосланиш даражаси «мақбул чегаралардан ошиб кетганини» билдирди. Илгари худди шу сабабга кўра 28 ва 29 июл кунлари сузиш машғулотлари бекор қилинган эди.

Париж расмийларига кўра, икки кун ичида Франция пойтахтида тахминан 15 кунлик ёғингарчилик миқдори кузатилган. Ҳозирда Сенада сув сатҳи ёзги ўртача кўрсаткичдан уч баравар юқори.

Эркаклар ўртасидаги триатлоннинг янги старти 31 июл куни, маҳаллий вақт билан соат 10.45 да ўтказилиши режалаштирилган.

Сена сувларини тозалаш

RFI медиа-компаниясининг эслатишича, мусобақа учун мақбул бўлган сув сифатини сақлаб қолиш учун Сенада 50 минг куб метргача оқава сув бўйича улкан сув омбори қурилган, кейин уларни тозалаш иншоотларига йўналтириш керак. «Аммо кучли ёмғир даврида сув омбори тошиб кетади ва бактериялар Сена дарёсига кириб боради, бу эса гастроэнтерит, конъюнктивит ва пешоб йўллари инфекциясини келтириб чиқариши мумкин», деб таъкидлайди журналистлар.

SID спорт ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йилларда Франция давлати Сена сувини тозалашга 1,4 миллиард евро сарфлаган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид