Жаҳон | 18:01 / 01.08.2024
13617
12 дақиқада ўқилади

Россия қамоқхоналаридан ўнга яқин сиёсий маҳбус йўқолиб қолди. Улар алмаштирилиши мумкин

Улар ҳақида нималар маълум?

Фото: SOTA/Reuters/TASS/VK/EPA/Shutterstock

Сўнгги кунлар мобайнида Россияда сиёсий моддалар билан қамалган маҳбуслардан саккиз нафари номаълум йўналишда олиб кетилган. Улар орасида мухолифатчи Иля Яшин ва ҳуқуқ фаоли Олег Орлов, Алексей Навалнийнинг ҳудудий штабларининг собиқ раҳбарлари Лилия Чанишева ва Ксения Фaдеева ҳамда бошқалар бор.

29 июл куни адвокатлар, қариндошлари ва бошқа танишлардан олинган маълумотларга кўра, Новосибирск области ва Перм ўлкасидаги қамоқхоналардан Ксения Фадеева ва Лилия Чанишева ғойиб бўлиб қолган. Кўп ўтмай ҳуқуқ фаоли Олег Орлов ва рассом Саша Скочиленко ҳақида ҳам шундай хабарлар берилди, улар мос равишда Сизран ва Санкт-Петербургдаги тергов изоляторларида сақланаётганди.

30 июл куни эса Смоленск ва Архангелск областларидаги колониялардан мухолифатчи Иля Яшин ҳамда давлатга хиёнат қилиш иши бўйича қамалган 18 ёшли Кевин Ликни (Унда Германия фуқаролиги ҳам бор) «олиб кетишган». Кейинроқ Москвадаги тергов изоляторидан давлатга хиёнат қилиш моддаси бўйича қамалган рассом Даниил Кринари Петербургдаги изоляторга олиб ўтилгани маълум бўлди.

Reuters агентлиги 31 июл куни Владимир Кара-Мурза Омскдаги ИК-6 колониясидан олиб кетилиб, «бошқа жойга йўналтирилгани» ҳақида хабар берди. Айнан қаергалигига — аниқлик киритилмаган.

Америкалик Пол Уиланнинг адвокати Олга Карлова ҳам 31 июл куни «Интерфакс» билан суҳбатда унга журналистлардан Уиланнинг қаерда экани борасида сўровлар келаётганини маълум қилган. Карлова колония маъмуриятига сўров йўллагани, аммо ҳозирча жавоб олмаганини билдирган. 

Bloomberg маълумотига кўра, Россияда жосусликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган америкалик репортёр Иван Гершкович ва Пол Уилан Калининград шаҳрида ғарбда қўлга олинган рус жосусларига алмаштирилган.

Катта эҳтимол билан, россиялик сиёсий маҳбуслар ҳам шу алмашув доирасида қўйиб юборилмоқда.

Иля Яшин

2022 йил декабрда Москва Мешчан суди мухолифатчи Иля Яшинни Россия армияси тўғрисида «фейк» тарқатишда айблаб, 8,5 йил муддатга умумий тартибли колонияга ҳукм қилади.

Жиноий иш очилишига Яшин ўша йил 7 апрелида YouTube-каналидаги жонли эфирида Украинанинг Буча шаҳрида тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани ҳақида гапиргани сабаб бўлганди. 

Россия мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийларнинг Бучадаги жиноятлари тўғрисидаги хабарларни «провокация» деб атаган, кўчаларда жасадлар ётгани акс этган кадрларни — «томоша қўйиш» деб баҳолаган. Прокурор ҳам судда мазкур версияни такрорлаган.

Мухолифатчи айбига иқрор бўлмаган. У суддаги сўнгги сўзида Россия қўшинини Украинадан олиб чиқишга чақирган.

Колонияда эканида Яшин бир неча бор жарима изоляторига жўнатилган. Июн ойи ўрталаридан бери у бир камерали типдаги хонада (ПКТ) сақланаётганди.

Сиёсатчининг телеграм-каналида 30 июл куни Яшинни у ҳукмдан кейин жойлаштирилган Смоленск областидаги 3-сонли колониядан олиб кетишгани ҳақида хабар пайдо бўлди — бу ҳақда колониядагилар унинг адвокати Татяна Соломинага маълум қилишган.

2024 йил июнда Яшин «Дожд»га берган интервюсида агар алмашув тўғрисида таклиф бўлса, уни рад этишини айтганди. «Мен россияликларнинг урушга ва диктатурага қарши овози бўлиш учун Россияда қоламан. Ва албатта, мен учун мамлакатим ва халқим билан тақдирни баҳам кўриш муҳим. Россиялик сиёсатчи қувончли кунда ҳам, қайғуда ҳам Россия билан бўлиши керак деб ҳисоблайман», — деганди ўшанда Яшин.

Владимир Кара-Мурза

«Дожд» телеканали Кара-Мурза сақланаётган колонияга 30 ва 31 июл кунлари адвокати қўйилмагани ҳақида ёзган. Кара-Мурзанинг адвокати «Агентство»га айтишича, у сешанба куни ўз ҳимояси остидаги шахсни кўришга борган, колониядагилар Кара-Мурза билан учрашиш сўрови рад этилишини маҳбуснинг текширувда экани билан боғлаган. Унга кейинги куни келиш таклиф қилинган, аммо у кейинги куни ҳам худди шундай сабаб кўрсатилган ҳолда рад жавобини олган. Июл ойи бошида Кара-Мурзани қамоқхона шифохонасига ўтказишган ва ўшанда ҳам оқловчиларга у билан кўришишга рухсат берилмаганди.

2023 йил апрелида Владимир Кара-Мурза «давлатга хиёнат», Россия армияси тўғрисида «фейк» тарқатиш ҳамда «исталмаган» ташкилот фаолиятини юритишда айбланиб, 25 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Владимир Кара-Мурза 2022 йил апрелидан буён Омск шаҳридаги 7-сонли ахлоқ тузатиш колониясида ҳибсда эди, 2023 йил мартида адвокатлар унга полинейропатия ташхиси қўйилган. Россияда бундай касалликка чалинган шахслар ҳибсда сақлаб турилиши мумкин эмас.

Колонияда сиёсатчини жарима изоляторига ташлашган, июн ойида эса бир камерали типидаги хонага ўтказилган. Кара-Мурзанинг адвокатлари бу қарор унинг саломатлиги ва ҳатто ҳаётига хавф туғдириши мумкинлигини қайд этишганди.

Олег Орлов

Жорий йил февралида Москвадаги Головинский район суди армияни «обрўсизлантириш» иши бўйича янги ҳукм чиқарган ва Орловни икки ярим йил муддатга озодликдан маҳрум этганди. Орлов — «иноагент» деб топилган ва суд қарори билан тугатилган «Мемориал» инсон ҳуқуқлари маркази ҳамраиси эди. РФ адлия вазирлиги унинг ўзини 2023 йил декабрида «иноагентлар» рўйхатига киритганди.

Ҳуқуқ фаолига қарши иш унинг «Улар фашизмни исташганди. Улар шунга эга бўлишди» сарлавҳали урушга қарши мақоласи туфайли очилган. У мазкур мақоланинг француз тилидан таржимасини (Mediapart нашрида эълон қилинган) фейсбукдаги саҳифасига жойлаштирган.

«Россия фахрийлари»дан бўлган «ватанпарварлар» ушбу пост устидан чақув ёзишган. Бу у учинчи бор армияни «обрўсизлантириши» бўлган: бундай илк ҳуқуқбузарлик учун маъмурий иш очилади, кейингиси жиноий ишга айланади.

2023 йил октябрда биринчи суд ўтказилиб, Орловга 150 минг рубл миқдорида жарима қўлланади. Аммо прокуратура апелляция беради. Ишни такрорий кўриб чиқиш вақтида худди шу моддада оғирлаштирувчи ҳолат аниқланади.

Кевин Лик

Ўтган йил охирида Шимолий Кавказдаги Адигей республикаси суди 18 ёшли Кевин Ликни «давлатга хиёнат» иши бўйича тўрт йилга озодликдан маҳрум этганди.

Айблов версиясига кўра, у 2021 йил 23 декабрдан 2023 йил 8 февралга қадар бўлган муддатда Майкопдаги Россия ҳарбий қисми «дислокация жойи»ни «визуал кузатган» ва фотосуратга олган, кейин эса суратларни электрон почта орқали «хорижий давлат вакили»га юборган.

Мактаб ўқувчиси умумий тартибли колонияга тўрт йилга ҳукм қилинади — бу давлатга хиёнат моддаси бўйича кўзда тутилган минимал муддатдан уч бараварга кам. Енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда унга шундай ҳукм чиқарилган: жиноят содир этган вақтдаги ёши, тергов билан ҳамкорлик қилгани, айбини тан олгани ва «турли олимпиадаларда кўплаб ғалабаларга эришгани».

Кевин Лик Германияда туғилган ва икки мамлакат фуқаролигига эга бўлган. У 12 ёшида онаси билан Адигей маркази Майкоп шаҳрига кўчиб келган. Кевиннинг онаси Виктория «Берег» нашрига берган интервюсида оила Россия фуқаролигидан воз кечишни ўйламаётгани, чунки маҳкумларда бундай ҳуқуқ йўқлигини айтган.

Лилия Чанишева

«Экстремизмга чақириқ» ва «экстремистик жамият яратиш» айблари билан тўққиз ярим йилга озодликдан маҳрум этилган.

Алексей Навалнийнинг Уфадаги штаби собиқ раҳбари Лилия Чанишева йўқолиб қолгани ҳақида 28 июл куни унинг турмуш ўртоғи Алмаз Гатин хабар берган. У Лилия сақланаётган Перм области Березники шаҳридаги 28-сонли ахлоқ тузатиш колониясига учрашувга борган, аммо у ердагилар аёл икки кун муқаддам, 26 июл куни «муассасадан олиб кетилгани»ни билдиришган. Шундан кейин унинг дараги чиқмаган.

Лилия Чанишева 2021 йил ноябридан буён ҳибсда эди. У 2021 йил сентябрида Навалний ва унинг тарафдорларига қарши қўзғатилган «экстремистик жамият» тузиш бўйича ишда биринчи бўлиб қўлга олинган эди. 2024 йил майида — Бошқирдистон олий суди Чанишеванинг қамоқ муддатини етти ярим йилдан тўққиз ярим йилга оширганидан кейин — RT пропагандачи канали у Россия президенти номига афв этиш тўғрисида ариза ёзгани ҳақида хабар тарқатади. Журналистлар билан суҳбатда Чанишеванинг адвокати Рамил Гизатуллин бу мавзуда муҳокама бўлганини тасдиқлаган.

Чанишева қўлга олинганида унинг ҳамкасби, Навалнийнинг ҳудудий штаб-квартиралар тармоғи собиқ раҳбари Леонид Волков фейсбукдаги саҳифасида Чанишева мухолифатчилар штабига ишга келиши тарихини ёзганди.

«У Deloitte компаниясида аудитор бўлиб ишлаган, ажойиб маош, квартира, машина, барчаси жойида. Лилия ишдан кетиб, уч баравар камроқ маошга рози бўлади (биз шунчаки бундан ортиғини тўлай олмасдик). Махсус қамоқхоналар ва ҳужумлар, ўта қийин минтақада ҳудудий сиёсий активистнинг машаққатли ишига рози бўлганди», — дея ёзганди Волков.

Ксения Фадеева

Ўтган йил охирида Томскдаги суд Алексей Навалнийнинг ҳудудий штаби собиқ бошлиғи Ксения Фадеевани «ўз мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда экстремистик жамият ташкил этиш» ва «фуқароларнинг шахси ва ҳуқуқларини камситувчи нотижорий ташкилот фаолиятида иштирок этиш»да айблаб, тўққиз йилга қамаганди.

Томск шаҳри думаси собиқ депутати бўлган Ксения Фадеева — июл ойи бошида Новосибирскдаги 9-сонли ахлоқ тузатиш колониясига олиб кетилган. Аммо 29 июл куни колония маъмурияти Фадееванинг адвокатига у қаергадир «олиб кетилгани»ни маълум қилган. Колониядагилар оқловчининг кейинги саволларига жавоб беришмаган. Ҳозирча унинг қаердалиги номаълумлигича қолмоқда.

Саша Скочиленко

2023 йил ноябрида Петербург суди рассом Саша Скочиленкони Россия армияси тўғрисида «фейк» тарқатишда айблаб, етти йил муддатга озодликдан маҳрум этганди.

Скочиленко 28 июл куни «Арсеналка» изоляторидан олиб кетилган. Бир кун ўтиб бу ҳақда уни қўллаб-қувватлаш гуруҳи хабар берган. Изоляторда Скочиленконинг дўстларига уни Москвага олиб кетишганини айтишган. Рассомга бир неча касалликларга чалиниш ташхиси қўйилганди: биполяр аффектив бузилиш, целиакия ва юрак етишмовчилиги. У ўзи билан зарур дори-дармонларни олиб кетишга муваффақ бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Скочиленко урушга қарши акциялари учун таъқиб остига олинганди: 2022 йил апрелида рассом дўкондаги нархлар ёзилган қоғозларни Украинадаги уруш қурбонлари сони ҳақидаги маълумотлар ва рус қўшини босқинини тўхтатишга чақирувчи стикерлар билан алмаштириб қўйганди.

Даниил Кринари

2024 йил апрелда Москва шаҳар суди петербурглик рассом ва активист Даниил Кринарини беш йилга озодликдан маҳрум этганди. 2022 йил сентябрда Кринари ва Санкт-Петербургдаги бошқа фаолларникида теракт тўғрисида ёлғон маълумот бериш ҳақидаги жиноий иш бўйича тинтув ўтказилади. «ОВД-Инфо» сайтига кўра, Кринари гумонланувчи сифатида қўйиб юборлади, шундан кейин у Беларусга кетади.

2022 йил декабрда Кринари Гроднода қўлга олинади, кейин эса ФХХ сўрови билан Москвага топширилади. 2023 йил апрелида Беларусдаги давлат нашрлари Кринари портлашга тайёргарлик кўришда айбланувчиларга Гроднога етиб олишда ёрдам кўрсатганини ёзишади.

2024 йилда Даниил Кринари хорижий давлат билан махфий ҳамкорлик моддаси (ЖК 275.1-моддаси) бўйича айбдор деб топилади. Тергов версиясига кўра, у Украина махсус хизматлари билан мулоқот қилган. Кринари ўз айбига иқрор бўлмаган.
 

Мавзуга оид