Жаҳон | 13:26 / 02.08.2024
2576
3 дақиқада ўқилади

ЕИ комиссари россияликларнинг Венгрияга кириши соддалаштирилганидан хавотирда

Венгриянинг «миллий карта» дастури россияликлар ва беларусларни қамраб олиши Россия Федерациясидан бўлажак жосуслар ва диверсантларнинг ЕИга киришини осонлаштириши мумкин, деди Европа комиссари Юханссон.

Фото: AP

Европа ички ишлар бўйича комиссари Илва Юханссон Венгриянинг Россия ва Беларус фуқаролари учун кириш қоидаларини юмшатиш ҳақидаги қароридан хавотирда. «Россия хавфсизликка таҳдид солмоқда. Биз ҳушёрроқ бўлишимиз керак. Потенциал россиялик жосус ва диверсантларга Европа Иттифоқига осон кириш имконини бериш барчамизнинг хавфсизлигимизга путур етказади», - деди Юханссон 1 август, пайшанба куни

Европа Иттифоқи комиссари Венгрия ҳукуматидан ўз позициясига ойдинлик киритишни сўради. Агар Будапешт таклиф қилган енгилликлар Европа Иттифоқи хавфсизлигига хавф туғдирса, Брюссел ҳаракат қилади, деб ишонтирди Юханссон. 

Шенген зонасининг муаммосиз ишлаши умумий манфаатдор масала, дея тушунтирди мурожаат муаллифи. Европа Иттифоқининг ички ишлар бўйича комиссари бошқа ЕИ давлатлари хавфсизлик ва миграция масалалари бўйича фикрларини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади. 

Венгриянинг «миллий карталар» тўғрисидаги қарори ва Европарламент ташвиши

Июл ойи бошида Венгрия бош вазири Виктор Орбан Россия Федерацияси ва Беларус фуқароларини «миллий карта» деб номланган дастурга киритиш ҳақидаги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжат Венгрияда икки йилга узайтириш имконияти билан ишлашни хоҳловчиларга берилади. Бундай «миллий карталар» Европа Иттифоқига аъзо ҳар қандай давлат томонидан чиқарилиши мумкин. 

Европарламентдаги Европа халқ партияси фракцияси раҳбари Манфред Вебер Европа Иттифоқи кенгашига йўллаган мактубида Будапешт қароридан хавотир билдирди. Россия ва Беларус Европа Иттифоқида таҳдид сифатида қабул қилинади, шунинг учун Венгриянинг янги амалиёти «миллий хавфсизликка жиддий таҳдид соладиган жосуслик фаолияти учун жиддий бўшлиқлар яратиши мумкин», деб тушунтирди Вебер. Сиёсатчи Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарларини октябр ойидаги навбатдаги саммитда Венгрия учун «миллий карта» масаласини кўриб чиқишга чақирди.

Европарламентнинг немис «яшиллари» аъзоси Сергей Лагодинский ҳам Будапешт қарорини танқид қилди. Бироқ, Redaktionsnetzwerk Deutschland медиа-гуруҳига берган интервюсида у Россия ва Беларусдан келган барча муҳожирлардан шубҳаланиш керак эмаслиги ҳақида огоҳлантирди. 

Венгрия бош вазири - Брюссел танқиди остида 

Венгрия ва Европа Иттифоқи етакчилари ўртасидаги муносабатлар узоқ вақтдан бери таранглигича қолмоқда. Венгрия бош вазири Орбан яқинда Брюссел томонидан Киев, Москва ва Пекинга келишилмаган сафарлари учун танқид қилинди. Ташрифлар Будапешт томонидан Россиядан ўзини ҳимоя қилаётган Украинадаги урушни тугатиш йўлларини топишга қаратилган «тинчликпарварлик миссияси» сифатида тақдим этилди. Ушбу сафар доирасида Венгрия бош вазири, хусусан, Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. 

Мавзуга оид