Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олимпиаданинг 12-куни. Рекордчининг йиқилиши ва ўсмирлар билан беллашган қария
Тайванлик Лин ҳам финалга чиқди, ҳиндистонлик курашчи ортиқча 100 грамм туфайли медалдан маҳрум бўлди.
7 август, Париждаги ўйинларнинг 12-кунида спортнинг 10 турида 23 та медаллар шодаси ўйналди, шунингдек, медаллар учун бўлмаса ҳам ҳал қилувчи баҳслар ўтказилди.
Эфиопиялик юлдуз ҳушидан кетди
7 август, чоршанба куни Париждаги ўйинларда эркаклар ўртасида 3000 метр масофага тўсиқлар оша югуриш бўйича финал бўлиб ўтди. Унда Токиодаги олимпия чемпиони, марокашлик Сўфиён ал-Баккалий ғолиб бўлди, кумуш ва бронза — америкалик Кеннет Рукс ҳамда кениялик Абраҳам Кибивотга насиб этди. Аммо бу пойгадаги асосий воқеа мазкур масофада жаҳон рекордчиси саналган эфиопиялик Ламеҳи Гирманинг йиқилиши бўлди.
Масофанинг катта қисмида етакчилар гуруҳи ёнма-ён келишди. Финал айланада Рукс таъқибчилардан илгарилаб кетди, иккинчи ўринда Гирма бораётганди. Аммо охиргидан олдинги тўсиқдан ошиб ўтаётганида эфиопиялик тиззаси билан тўсиққа тегиб, йиқилди. У ерга орқаси билан ноқулай қўнди, боши ҳам ерга қаттиқ урилди, бошқа югурувчилар унинг устидан сакраб ўтаётганида ҳаракатсиз қотиб қолди. Гирма ҳушини йўқотганди.
Бу пойгада охирги айланиш эди ва шу туфайли тиббий бригада ходимлари йўлакка чиқа олишди. Улар Гирмага тез ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилишди, кейин эса уни замбилга солиб, трибуна остига олиб кетишди. L'Equipe хабарига кўра, Ламеха «Стад де Франс»даги тиббиёт пунктида ўзига келган ва атрофдагилар билан гаплашган. Кейин уни шифохонага олиб кетишган.


Гирма — эфиопиялик 23 ёшли атлет, 3000 метр масофага тўсиқлар оша югуришда жаҳоннинг уч карра вице-чемпиони, Токио Олимпиадасида кумуш медал совриндори. У ҳеч қачон жаҳон чемпионатлари ва олимпиадаларда олтин ололмаган, аммо 2023 йил июнида Париждаги Бриллиант лига босқичида 7.52,11 натижа билан жаҳон рекордини ўрнатган. Бунгача энг яхши натижа қатарлик Саиф Саҳид Шаҳинга тегишли эди ва 19 йил сақланиб турганди.
Ҳиндистонлик спортчи ортиқча 100 грамм туфайли медалдан маҳрум бўлди

100 грамм — кўп ёки кам? Бу савол ҳали ҳиндистонлик спортчи Винеш Пхогатнинг бошини кўп айланади. У кураш бўйича турнирда биринчи босқичда асосий фаворит, Токио олимпиадаси чемпиони, тўрт карра жаҳон чемпиони бўлган япониялик Юи Сусакини мағлуб этиб сенсация кўтарди, япониялик спортчи бир неча йилдан буён умуман ютқазмаган ва ҳатто рақибларига бирорта балл бермаганди. Ҳиндистонлик бу ғалабадан илҳомланиб, ўз юришини давом эттирди, аввалига украиналик, кейин кубалик рақибларни енгиб финалга йўлланма олди, аммо америкалик Сара Ҳилдебрандтга қарши ҳал қилувчи баҳсда гиламга чиқа олмади. Гап шундаки, Винеш вазн бўйича нормативни топшира олмади.
— Афсус билан хабар қиламизки, Винеш Пхогат 50 кг вазн тоифасида олимпия турнири финалидан четлатилди. Сўнгги тун мобайнидаги барча саъй-ҳаракатларга қарамай, у тонгда 50 кг.дан кўпроқ тош босди, — дея Ҳиндистон олимпия ассоциацияси баёнотини келтирган Reuters агентлиги.
ОАВ маълумотига кўра, , у керагидан атиги 100 граммга оғирроқ чиққан. Спортчи вазн ўлчашга олдиндан тайёргарлик кўрган. Финал арафасидаги тунда у югурган, арқонда сакраган, велосипед учган. Фавқулодда вазн ташлаш Винешнинг саломатлигига ҳам таъсир кўрсатган. У сувсизланиб, боши айлана бошлагач, Олимпия қишлоғидаги тиббиёт ходимлари кўмагига эҳтиёж сезган.
Сешанба тонгида ҳам Пхогатнинг вазни рухсат этилган 50 кг.дан юқори бўлган. Аммо, катта эҳтимол билан, у учта баҳсдан кейин ўзини тиклаш жараёнини ўташни давом эттирган охирги кунда вазни янада ошган. Натижада тунда у 2 кг атрофида вазн ташлашига тўғри келган. Тонгда эса Винеш барибир вазн ўлчашдан ўта олмаган ва дисквалификация қилинган — Олимпиада регламентида талаблар шу даражада қаттиқ.

7 август куни ўтказилган финалда америкалик Ҳилдебрандтга кубалик Юснеслис Гузман Лопесни енгиб олтинни қўлга киритди. Пхогатга 1/8 финал ва 1/4 финалларда ютқазган Юи Сусаки ва украиналик Оксана Ливач эса бронза учун баҳс олиб боришди ва унда япониялик чемпион устун келди. Винеш учун эса Олимпиада катта фожиа билан якунланди.
Скейтбордда 51 ёшли гуру
Чоршанба куни скейтборд бўйича мусобақада турнир иштирокчилари ёши орасидаги фарқ бўйича рекорд ўрнатилди. Буюк Британия байроғи остида спортнинг экстремал турлари бўйича афсона, скейтборд бўйича устоз, 51 ёшли америкалик Энди Макдоналд ҳам қатнашди.

Макдоналд — америкалик бўлиб бутун умри давомида мусобақаларда Америка байроғи остида иштирок этган, аммо бу сафар британлар жамоасига қўшилган, бунда отаси — англиялик эканидан фойдаланган.
Макдоналд 1990-йиллар бошидаёқ скейтборд суперюлдузига айланган, турнирдаги ёш рақиблари амалга оширган кўплаб трюкларни айнан у ўйлаб топган, унинг карьерасида — турли медаллардан бор, аммо бу коллекцияда олимпия медали йўқ эди. Ва бундан кейин ҳам бўлмайди: Парижда у финал босқичига ўта олмади. Аммо, қаттиқ хафа ҳам бўлмагани кўриниб турарди.
Бу мусобақада олтинни австралиялик Киган Палмер олди, иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда америкалик Том Шаар ва бразилиялик Аугушту Акиу эгаллади.
Яна бир можароли баҳс

Париж (Франция). Олимпия ўйинлари
Аёллар ўртасида -57 кг вазн тоифаси. 1/2 финал
Лин Юйтин (Тайван) — Эсро Йилдиз Каҳрамон (Туркия) — 5:0
7 август куни аёллар боксида 57 килограммгача бўлган вазн тоифаси яримфиналида тайванлик боксчи қиз Лин Юйтин туркиялик Эсро Йилдизни ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлуб этди — 5:0. Баҳс натижаси сенсация бўлмади, 2023 йилги жаҳон чемпионатида эркаклик гормонлари юқорилиги туфайли дисквалификация қилинган осиёлик спортчининг имконияти юқори баҳоланаётганди. Жангдан кейин Йилдиз қаттиқ хафа бўлиб кўринмади — рингдан кетиш олдидан у кўрсаткич бармоқлари билан хоч шаклини ясаб, буни барча томошабинларга кўрсатди.
Тайванлик боксчига чоракфиналда ютқазган болгариялик боксчи Светлана Станева ҳам худди шундай жест қилганди. У катта эҳтимол билан лотин ёзувидаги X ҳарфини, аниқроғи аёл жинсини билдирувчи X-хромосомани кўрсатган. Париждаги ўйинлар давомида Юйтин ва бошқа бир боксчи, жазоирлик Иман Ҳелиф гендер мансублиги бўйича баҳслар ва уларда Y-хромосомалар мавжудлиги бўйича тахминлар туфайли танқид остига олинмоқда.

Ҳелиф ва Лин атрофидаги мунозара уларнинг иккиси ҳам ўтган йили Ҳиндистонда бўлиб ўтган аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати вақтида гендер тестдан ўта олмагани туфайли пайдо бўлган. Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) уларнинг иккисини ҳам ўз мусобақаларидан четлатган, аммо уларга Олимпиадада иштирок этишга рухсат берган, чунки Халқаро олимпия қўмитаси IBA ва унинг қарорларини тан олмайди. Парижда бокс бўйича мусобақага IBA қоидалари қўлланмайди, гендер тестлар ўтказилмайди, шу туфайли жазоирлик ва тайванлик спортчилар ўзларидан кучсизроқ бўлган рақиблар билан жанг қилмоқда.
Яримфиналда мағлубиятга учраган бўлса ҳам Йилдиз медалсиз қолмайди — олимпиянинг бокс бўйича турнирида учинчи ўрин учун баҳслар ўтказилмайди, шу туфайли туркиялик ҳам, шу вазн тоифасида яримфиналда ютқазган филиппинлик Нести Петесио ҳам бронза билан тақдирланади.
Финалда эса Линга полшалик 20 ёшли Юлия Шеремета рақиблик қилади. Олтин учун жанг 10 август кунига белгиланган.
Олимпиадада яна бир уникал кадр

Париж Олимпиадасида 100 м масофага югуриш бўйича олтин медал тақдирини 0,005 сония ҳал қилди. Аммо спортнинг бошқа бир турида фарқ янада қисқароқ бўлди. Велоспортнинг трек йўналишидаги спринтер пойгада ғолиб ва мағлуб натижаси 0,001 сонияга фарқланди! Ва мингдан бир кўрсаткич ютқазган спортчининг кейинги босқичга ўтишига имкон бермади.
Эркаклар ўртасида спринт баҳслари 1/8 финал босқичида собиқ россиялик, ҳозирда Исроил номидан иштирок этаётган Михаил Яковлев ва британиялик Ҳамиш Тёрнбулл беллашди. Рақибларнинг кучи мутлақо тенг эди ва ҳакамлар ким биринчи бўлиб маррага етиб келганини узоқ вақт давомида аниқлашди. Якунда электроника Тёрнбулл мингдан бир сонияга тезроқ бўлганини кўрсатди.
Бу лаҳзани фотофинишда ҳам пайқаш қийин эди, аммо британиялик кейинги босқичга ўтди, исроиллик велопойгачи ўтиш баҳсларига йўл олди ва у ерда ҳам ютқазди.
Рейтингда ҳамон АҚШ етакчилик қилмоқда
Олимпиаданинг 12-кунида пешқадамлар учтадан олтин ютишди. АҚШ жамоаси енгил атлетика, аёллар кураши ва трекдаги велоспортда олий ўринларни қўлга киритди ва жами медаллари сонини 94 тага етказиб (27 – 35 – 32) биринчи ўринда бормоқда.
Хитойликлар эса синхрон сузиш оғир атлетикадаги (2) ғалабалар билан ўз мухлисларини хушнуд этишди. Осиёликлар жами 65 та медал жамғариб (25 – 23 – 17) иккинчи ўринда бормоқда.
Олдинда яна 100 дан ошиқ медаллар шодаси ўйналиши ҳисобга олинса, орадаги фарқ у қадар катта эмас. Биринчи ўрин учун кураш ҳали қизишда давом этади.
Австралия катта фарқ билан учинчи ўринга мустаҳкам жойлашган (18 – 12 – 11). Тўртинчи ўрин учун эса ҳозиргача олтинлари сонини 10 тадан ўтказган Франция, Буюк Британия, Япония ва Жанубий Корея кураш олиб боради.

Мавзуга оид
20:33 / 13.01.2025
Париж Олимпиадасининг кўплаб медаллари нуқсонли бўлиб чиқди
18:15 / 13.09.2024
Ўзбекистон Паралимпия ҳаракатининг олтин авлодисиз – Шавкат Мирзиёев
21:04 / 07.09.2024
Хитой қаторасига олтинчи марта Паралимпия ўйинларида ғалаба қозонди
14:53 / 06.09.2024