Жаҳон | 09:02 / 14.08.2024
3352
2 дақиқада ўқилади

Курск, Воронеж ва Орел областларига дронлар ҳужум қилди

Telegram-каналларда Борисоглебск ва Железногорскдаги портлашлар акс этган видеолар тарқатилмоқда.

Воронеж области губернатори Александр Гусев 14 август, чоршанбага ўтар кечаси Украина учувчисиз учоқларининг ҳужуми ҳақида маълум қилди. Расмийга кўра, минтақада «кўп сонли самолёт типидаги дронлар» йўқ қилинган

УУА қолдиқларининг қулаши натижасида «якка тартибдаги турар жой бинолари, хўжалик иншоотлари ва транспорт воситаларига озгина зарар етказилди, қуриган ўсимликлар ёнғинлари қайд этилди», деб ёзди Гусев ўзининг Telegram-каналида. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ. Шу билан бирга, Telegram-каналларида Воронеж областининг Борисоглебск шаҳрида содир бўлган портлашлар акс этган видеолар эълон қилинмоқда. Шаҳарда ҳарбий аэродром бор. 

Кечаси икки марта Курск областида ракета хавфи ҳақида хабарлар эълон қилинди. Губернатор вазифасини бажарувчи Алексей Смирновнинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари Украина тўртта ракетасини уриб туширган. Курск вилоятининг Железногорск шаҳрида ҳам портлаш содир бўлгани хабар қилинган.

Бундан ташқари, Орел областида дрон ҳужумлари қайд этилган. Анахино қишлоғида яшовчи фуқаро УУА ҳужуми содир бўлган пайтни суратга олди. Маҳаллий ҳукумат зарба ҳақида изоҳ бермади. 

Липецк области губернатори Игор Артамонов ҳам дрон ҳужумлари хавфи ҳақида маълум қилди. 

Мавзуга оид