Жаҳон | 13:11 / 15.08.2024
10901
8 дақиқада ўқилади

Хон Юнусга тўхтамаётган ҳужум, Курскка қўшин тортаётган Россия ва Африкани чулғаб олган офатлар — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазодаги Хон Юнус шаҳрига ҳужумлари тўхташ билмаяпти. Ал-Мағазий қочқинлар лагерига берилган авиазарбалар нишонлари яна ёш болалар бўлди. Қурбонлар ва ярадорлар ҳақида ҳабар қилинмоқда.

2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазо сектори бўйлаб зарбалар уюштираётган Исроил армияси 115 нафар энди туғилган чақалоқларнинг қотилига айланган, деб хабар қилади Ғазодаги Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Исроил армияси танлаб ўтирмасдан тинч аҳоли устига бомба ёғдиришда давом этмоқда. Куни-кеча эксклавнинг марказий қисмидаги Дайр ул-Балаҳга ана шундай ҳужум қурбонлари Кумана Орифа ва унинг 4 кунлик эгизак чақалоқлари Айсел ва Асир бўлди.

Бу орада Ғазода ҳалок бўлганлар сони 40 мингга яқинлашиб қолди. Урушнинг 313 кунига келиб, эксклавда Исроил зулми натижасида қурбон бўлганлар 39 минг 965 кишини, ярадорлар 92 минг 294 кишини ташкил этмоқда. Сўнгги сутка ичида 36 киши ҳалок бўлган, 54 киши яраланган.

Ўлдирилганларнинг 16 мингдан ошиғи ёш болалар. 21 мингдан ортиқ болалар бедарак йўқолган ҳисобланади.

Ғарбий соҳилдаги оккупация

Исроил Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилидаги оккупация қилинган Фаластин ерларида янги манзилгоҳлар қуриш тўғрисида қарор қабул қилди.

Исроил молия вазири, ултраўнг миллатчи Бецалел Смотрич Ғарбий соҳилнинг жанубий қисмидаги Фаластин ерларида исроилликлар учун ноқонуний манзилгоҳлар қурилишини эълон қилди.

Ўта ўнг диний сионизм партияси етакчиси Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида “миллий бурч — Гуш-Эцион ноқонуний манзилгоҳини Қуддус билан бирлаштириш”, деб ёзган.

Смотричнинг қайд этишича, исроилликлар томонидан босиб олинган ҳудуддаги “Нахал Халец” манзилгоҳи Қуддусдан жануброқдаги Гуш-Эционда жойлаштирилади.

Исроилнинг йўқотишлари

Исроил Мудофаа вазирлигининг реабилитация департаменти маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 7 октябридан буён 10 мингдан ошиқ ярадор эркагу аёл аскарлар марказга келтирилган.

Бўлинманинг хабарига кўра, давом этаётган уруш туфайли ҳар ой мингдан ортиқ янги ярадорлар қабул қилинмоқда.

Маълумотлардан аён бўлмоқдаки, ярадор аёл ва эркак аскарларнинг 35 фоизи руҳий носоғлом ва жароҳатдан кейинги стресс билан боғлиқ руҳият бузилишига дучор бўлган. Бундан ташқари, 37 фоиз ярадорлар қўл-оёқларидан айрилган ёки жиддий жароҳатланган.

2800 га яқин ярадорлар руҳий кураш уларнинг “асосий жароҳати” эканини айтиб ўтишган. Исроил оккупацион армиясининг аскарлари асосан саросима, депрессия, жароҳатдан кейинги азоблар, мослашув ва муомалага киришишда қийинчиликларга дуч келишмоқда.

Ярадорларнинг 3700 нафари қўл-оёқларидан ўқ еган, бундан ташқари 192 нафарининг бошига ўқ теккан, 168 таси кўзларидан айрилган, 690 нафарининг умуртқа поғонаси жароҳатланган, шунингдек, қўли ёки оёғи кесиб ташланган 50 нафар бемор узоқ даволанмоқда. Шунингдек, бу ярадорларга олдинги урушларда яраланган 530 нафар бемор ҳам қўшилиб, даволаниш курсларини ўтамоқда.

Россия-Украина уруши

Россия ўз қўшинларининг бир қисмини Украинадаги оккупация қилинган ҳудудлардан олиб, Украина қўшинларининг Курск областидаги юришларини тўхтатиш учун ташламоқда, деб ёзмоқда The Wall Street Journal нашри америкалик мулозимларга асосланиб.

Нашр манбаларининг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларининг Россия ҳудудидаги операцияси Россиянинг Украинада кенг кўламли босқинида иштирок этаётган бўлинмаларини олиб чиқишга мажбурламоқда.

Америкалик таҳлилчилар ҳозирча Курск областига қанча қўшин ташланаётгани, бу ҳол Украинадаги жанговар ҳаракатларга нечоғлик таъсир кўрсатиши мумкинлигини ҳисоблаб чиқишмаган.

Украина қуролли кучларининг “Таврия” бўлинмаси матбуот котиби Дмитро Лиховийнинг хабар беришича, Украина қўшинлари Россиянинг Курск областига бостириб киргач, Россия қўшинлари Украинанинг Запорижжя ва Херсон областларидаги нисбатан кичикроқ қўшинлар контингентини олиб чиқишга мажбур бўлган.

Украинага қарши урушда аскарларнинг етишмаётгани ва украин қўшинларининг Курск областидаги фаол илгарилаши Россия ҳокимиятидагиларни навбатдаги ҳарбий сафарбарликни режалаштиришга мажбур қилмоқда, деб ёзмоқда Bloomberg нашри Кремлга яқин манбаларга асосланиб.

Уларнинг сўзларига кўра, айни пайтда ҳокимият халқ унча маъқулламайдиган сафарбарликдан қочиш учун чақириқ бонусларини оширишга қарор қилган. Бироқ бу иш бераётганининг белгилари кам — армия 2022 йилнинг февралидан буён энг юқори даражасига етган фронтдаги йўқотишларнинг ўрнини қоплаш учун етарли тарзда янги аскарлар ололмаяпти.

Ҳудуддаги раҳбарлар чақириқ квоталарини учдан бир қисмга бажара олишяпти, холос.

Икки аноним манбага кўра, вазият Россияни янги сафарбарлик тўлқинини кўриб чиқишга мажбурлаши мумкин. Улардан бири Россия ҳокимияти буни фронтдаги қўшинларни ротация қилиш учун чора сифатида тақдим этишини таъкидлаган бўлса, иккинчиси сафарбарлик шу йилнинг охиригача эълон қилиниши мумкинлигини айтди. Яъни, ҳозир Россияда одамлар катта пул эвазига фронтга жалб қилинаётган бўлса, сафарбарлик эълон қилинса, одамлар ҳеч қандай тўловларсиз урушга олиб кетилади.

Африкадаги офатлар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чоршанба кунги мажлисида маймун сувчечагини яна глобал фавқулодда вазият деб эълон қилди. Ташкилот маълумотларига кўра, сўнгги ҳафталарда Африка давлатларида маймун сувчечагининг йирик авж олиши кузатилган ва бу юқимли касаллик бошқа қитъаларга ҳам тарқалиб кетиш хавфи бор.

Ташкилот бош директори Тедрос Гебрейсус мазкур касалликнинг халқаро хавф даражаси билан боғлиқ ташвишини билдирган. У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касаллик чулғаб олган давлатда ҳам, бутун жаҳонда ҳам даволаш ва касалликнинг тарқалиб кетишининг олдини олиш борасидаги ишлар давом эттирилишини қайд этди.

Аввалроқ Африкада маймун сувчечаги билан боғлиқ фавқулодда ҳолат режими жорий этилган эди. Йил бошидан буён Африканинг 18 та давлатида касалликнинг 15 мингдан ортиқ ҳолатлари аниқланган. 524 кишининг шу касаллик туфайли ўлими қайд этилган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 160 фоизга кўп.

Аниқланган касаллик ҳолатларининг 90 фоиздан ортиқроғи Конга Демократик Республикасига тўғри келади. Бурунди, Кения, Руанда ва Уганда каби давлатлар илк марта маймун сувчечаги қайд этилганини маълум қилишган.

Африка давлатлари нафақат бу камёб касалликдан, сув тошқинларидан ҳам зарар кўрмоқда. Тинимсиз ёғган ёмғирлар шу пайтгача Марказий ва Ғарбий Африкадаги 700 минг инсонга ташвиш келтирмоқда.

Бу ҳақда БМТ бош котиби вакилининг ўринбосари Фарҳон Ҳақ маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Африка Республикаси, Чад, Кот-д'Ивуар, Конго Демократик Республикаси, Либерия, Нигер, Нигерия, Мали ва Тогода тинимсиз ёғган ёмғирлар ва бунинг оқибатида келиб чиққан тошқинлар аҳолига қийинчиликлар яратмоқда.

Ҳужумга учраган боксчи

Париж олимпиадаси чемпиони бўлган жазоирлик боксчи Иман Халиф қиз бола бўлиб дунёга келгани, ҳеч қандай жинс ўзгартирувчи операцияни бошидан кечирмаганини сўзлаб берди.

У олимпиадада чиқиши чоғида рақибаларини бир-кетин енгар экан, бутун жаҳон оммавий ахборот воситалари томонидан аслида у ўғил бола бўлиб туғилгани, трансгендер экани тўғрисидаги ёлғон ва бўҳтон хабарлар билан ҳужумга учради.

Иман Халифнинг қонида тестостерон миқдори юқори, бу ҳолат шундай спорт турлари билан шуғулланадиган аёллар ўртасида кенг тарқалган ҳолат.

Париждаги олимпиада финалида ўртача оғир вазнда ғолиб чиққанидан сўнг берган интервюсида у унга қилинган бўҳтонларга нисбатан ҳиссиётларини жиловлай олиб, эътиборини фақат боксга қаратиш учун ўзида куч топа олганини сўзлаб берган.

Иман Халиф унинг олтин медали унга нисбатан айбловларга жавоб бўлганини таъкидлаган.

Шунингдек, жазоирлик боксчи кибербуллинг учун Х (собиқ Twitter) ни судга бергани маълум қилинмоқда. Даъво аризасида Илон Маск, Жоан Роулинг ва Доналд Трамп номлари ҳам тилга олинган.

Мавзуга оид