Ўзбекистон | 13:11 / 22.08.2024
4259
2 дақиқада ўқилади

Ҳазораспдаги фермернинг низоли қарздорлиги давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган бўлди

Хоразмда фермер хўжалик баҳсли вазият сабаб электр тармоғидан узиб қўйилиши оқибатида қарийб 50 гектар майдондаги ғўза кўсак тўкиб, нобуд бўлиш хавфи остида қолганди. Kun.uz суриштирувидан сўнг фермер ва электр таъминоти корхонаси ўртасидаги низоли вазият ижобий ечим топди: фермерга ишлатган электр энергияси қийматини қоплашда 20 млн сўм субсидия ажратиладиган бўлди.

Фото: Kun.uz

Ҳазорасп туманидаги “Улуғбек” фермер хўжалиги ҳамда туман электр таъминоти корхонаси ўртасида электр энергияси қарздорлиги бўйича низоли вазият юзага келганди. Kun.uz’га мурожаат йўллаган фермер эса ўзи бехабар қарздорлик учун бўйнига катта миқдорда пеня осилганини айтган.

Kun.uz суриштирувидан сўнг муаммо ижобий ечим топди. Пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштирувчиларининг 2023 йилда насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплашга субсидия ажратиш юзасидан Ҳазорасп тумани ишчи гуруҳи хулосаси билан фермерга 20 млн сўм субсидия ажратиладиган бўлди.

Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакилининг Kun.uz’га билдиришича, ҳозирда субсидия масаласи ҳал қилиниб, фермернинг қолган муаммолари ҳам ўрганилмоқда.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги тегишли қарорига кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхоналари тасарруфидаги электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари билан таъминланган насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг пахта хомашёси ва ғалла етиштириш учун истеъмол қилган электр энергияси қиймати Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши назарда тутилган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид