Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда пахта тўқимачилик кластерлари 3 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромад олган
Қашқадарёда 2 та пахта тўқимачилик кластери 3,2 млрд сўм асоссиз даромад олган. Ушбу ташкилотлар томонидан 8 минг тоннадан ортиқ маҳсулот биржа савдоларига чиқарилмасдан, тўғридан тўғри шартномалар асосида сотилган.
Қашқадарёда 2 та пахта тўқимачилик кластери томонидан 3 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромад олинган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, қўмита томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотувчи кластерлар томонидан ушбу турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши ва биржа савдоларида нархлар сунъий ошишининг олдини олиш бўйича назорат ўрнатилган.
Хусусан, мониторинг кузатувлари давомида Қашқадарё вилоятида «Чироқчи-кластер» МЧЖ ва «Китоб ип йигирув» АЖлар томонидан қуйидаги қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган:
- умумий 8 минг 310 тонна маҳсулот биржа савдоларига чиқарилмасдан, тўғридан тўғри шартномалар асосида сотилган;
- жадвалларда назарда тутилган муддатларда биржага маҳсулот қўйилмаган ёки кам ҳажмда ёхуд мувофиқ бўлмаган ҳажмда қўйилган;
- маҳсулотлар жадвалларда белгиланган муддатда биржанинг расмий веб-сайтига жойлаштирилмаган;
- биржа савдоларини ўтказиш чоғида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланган.
Бунинг натижасида корхоналар жами 3,2 млрд сўм асоссиз даромад олган.
Мазкур ҳолатлар бўйича «Рақобат тўғрисида»ги қонун талаблари бузилиши аломатлари билан кластерларга нисбатан қўмита томонидан тегишли тартибда иш қўзғатилган. Ортиқча олинган маблағни ихтиёрий равишда қайтариш ва қонун бузилишини бартараф этиш мақсадида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.