Жаҳон | 23:07 / 05.09.2024
7132
2 дақиқада ўқилади

Янги Зеландияда маори халқининг янги қироличасига тож кийдирилди

Магистр даражасига эга 27 ёшли Нга Вай Хоно Янги Зеландиянинг туб аҳолиси бўлган маори халқининг қабила бошлиқлари кенгаши томонидан қиролича этиб сайланди.

Фото: Getty Images

Янги Зеландияда маори халқининг саккизинчи монархи Нга Вай Хонога отасининг дафн маросимидан кейин тож кийдирилди, деб хабар беради BBC.

Қайд этилишича, 27 ёшли Нга Вай Хоно Янги Зеландиянинг туб аҳолиси бўлган маори халқининг қабила бошлиқлари кенгаши томонидан куини (маори тилида «қиролича») этиб сайланган.

У маори етакчисига айланган иккинчи аёл ҳисобланади, биринчиси унинг бувиси эди. Нга Вай Хоно ўтган жума куни 69 ёшида вафот этган Кинги Тухейтианинг кенжа фарзанди.

Тож кийдириш маросимида унга маорининг биринчи қиролига нақшлар туширишда фойдаланилган Библия топширилди. Шундан кейин ҳарбий каноэлардан иборат флотилия марҳум қиролни маори халқи учун муқаддас ҳисобланган Таупири тоғига олиб кетган.

Қирол ўзига тож кийдирилганига 18 йил тўлганидан бир неча кун ўтиб, юрагини операция қилдирган эди. Янги қиролича маори маданияти бўйича магистр даражасига эга.

Янги Зеландия бош вазири Кристопер Люксон қирол Тухейтиани «маори ва барча Янги зеландияликларга содиқлиги бутун мамлакатга аён бўлган» етакчи сифатида эътироф этди. Тухейтианинг дафн маросими марҳумни сўнгги манзилга кузатиш учун келганлар сони кўплиги боис одатдаги уч кундан етти кунгача узайтирилди.

Янги Зеландияда маорилар монархияси XIX аср бошларига, мустамлакачи давлатларга ерларини бой бериб қўймаслик учун қабилалар Европа монархиясига ўхшаш бирлашма ҳосил қилган даврга бориб тақалади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид