Жаҳон | 12:18 / 13.09.2024
1517
3 дақиқада ўқилади

Бундестаг миграция сиёсатини кучайтириш чораларини муҳокама қилди

Германияда ҳукмрон коалиция фракциялари парламентга иккита қонун лойиҳасини тақдим этди. Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер гап Германияда эркинлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳақида кетаётганини таъкидлади.

Фото: Hannes P Albert/dpa/picture alliance

Золингендаги қонли ҳужумдан уч ҳафта ўтиб, Германиядаги ҳукмрон коалиция фракциялари – Социал-демократлар, «яшиллар» ва эркин демократлар 12 сентябр, пайшанба куни Бундестагга миграция сиёсатини кучайтириш бўйича иккита қонун лойиҳасини тақдим этди. Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер парламент муҳокамаси аввалида гап Германияда эркинлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳақида кетаётганини таъкидлади. «Ким биздан ҳимоя олса, уни суиистеъмол қилмаслиги керак, акс ҳолда у Германияни тарк этишга мажбур бўлади», деди у.

Ҳукмрон партиялар киритган қонун лойиҳалари учта устунга асосланади - депортацияга учраган бошпана изловчилар учун ижтимоий имтиёзларни қисқартириш, радикалларга қарши курашда хавфсизлик кучларининг ваколатларини кенгайтириш ва пичоқ билан боғлиқ қурол қонунларини кучайтириш.

Хавфсизлик кучлари бундан буён экстремистлар деб тахмин қилинган шахсларга қарши тергов пайтида юзни биометрик аниқлашдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Ўз мамлакатига узрсиз сабабсиз сафар қилган қочқинлар ҳимоя мақомини йўқотадилар. Бошқа Европа Иттифоқи давлати масъул бўлган бошпана изловчилар Германияда ижтимоий нафақа олишмайди.

Мухолифат танқиди

Энг йирик мухолифат партиялари фракциялари – Христиан-демократик ва Христиан-социал иттифоқлари киритилган қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватламоқда, улар «кўплаб оқилона чоралар»ни ўз ичига олган, бироқ етарли эмас. Улар яна муҳожирларнинг Германияга киришига тўғридан тўғри чегарада тақиқ қўйишни талаб қилишди. Германия ҳукумати бу талабни амалий ва ҳуқуқий жиҳатдан амалга ошириш мумкин эмас деб ҳисоблайди.

Қонун лойиҳалари Бундестагда иккинчи ва учинчи ўқишда қачон кўриб чиқилиши ҳозирча номаълум. Қонунчиликнинг айрим қисмлари ҳам Бундесратдан ўтиши керак бўлади.

Германия 23 август куни Золинген шаҳрида содир бўлган фожиа фонида миграция қонунларини кучайтирмоқда, ўшанда 26 ёшли суриялик йигит турли миллатлар фестивалига ташриф буюрувчиларга пичоқ билан ҳужум қилиб, уч кишини ўлдирди. Эркак экстремистлар билан алоқадор бўлган.

Мавзуга оид