Ўзбекистон | 21:34 / 18.09.2024
25184
8 дақиқада ўқилади

Энергетика вазири М25 конининг техник тавсифини баён қилди

17 сентябр кунги аварияда 4 киши ҳалок бўлган, 11 киши жароҳатланган, улардан 10 нафарига шу куни шифохонадан уйига жавоб берилган. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бугунги брифингда коннинг тарихи, бугуни, техник тавсифи ва уни ўзлаштириш нақадар мураккаблиги ҳақидаги бир неча саҳифалик маълумотномани ўқиб эшиттирди. Журналистлар саволларига эса жавоб берилмади.

17 сентябр куни “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конидан яна олтингугурт гази чиқа бошлаши билан боғлиқ аварияда 4 киши ҳалок бўлган, 11 киши тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган. Жабрланганларнинг 10 нафарига шу куни уйига жавоб берилган.

Бу ҳақда фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ва энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида 18 сентябр куни Бойсундаги кон яқинида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Брифинг форматидаги анжуманда масъуллар журналистлар саволларига жавоб бермади.

Расмийларга кўра, 17 сентябр куни соат 16:00 ларда кондаги 604-сонли қудуқнинг ён тарафидан юқори босимли водород сульфид гази чиқаётгани қайд этилган. 1 сентябр кунги техноген офат ҳам ушбу қудуқда рўй берган, натижада бир неча қишлоқлар аҳолиси уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганди. Икки ҳафта Бойсун шаҳрида яшаган аҳоли 15 сентябр куни заҳарли газ чиқиши тўхтатилгани эълон қилинганидан кейин, яна уйларига қайта бошлаганди.

18 сентябр кунги брифингда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳодисанинг такрорлангани коннинг географик жойлашуви ва ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқлигини айтди.

Қуйида вазир томонидан журналистларга берилган маълумотлар вазирлик келтирган расмий таҳрирда келтириб ўтилмоқда.

Фото: АОКА

Жўрабек Мирзамаҳмудов, Ўзбекистон энергетика вазири:

— “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони Бойсун шаҳридан 20 километр жануби-шарқда жойлашган. Географик жиҳатдан ҳудуд тоғолди-адир рельефидир. Рельефнинг мутлақ баландлиги денгиз сатҳидан 1000 метрни ташкил этади.

“М-25” (“Гажак”) кони биринчи марта 1933 йилда геологик тадқиқот йўли билан аниқланган ва 1938 йилда тайёрланган. 1941 йилда бу ерда биринчи қидирув қудуғи бурғиланган.

1974 йилда 5-сонли қудуқни синовдан ўтказишда қуйи бўр қатламларидан газнинг саноат оқимлари олинган. Худди шу йили тузилма кон тоифасига киритилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кон захираси 40 млрд м3ни ташкил этган. 2006–2008 йилларда Малайзиянинг “Petronas” компанияси томонидан “Ўзбекнефтгаз” МХК билан имзоланган қўшма ўрганиш тўғрисидаги битим доирасида Гажак майдонида 3D сейсмик қидирув ишлари олиб борилди ва битта қудуқ синовдан ўтказилди.

Компаниянинг лойиҳага киритган тўғридан-тўғри инвестициялари умумий миқдори 102 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Компаниянинг инвестиция сиёсатидаги ўзгаришлар ва энг асосийси, “Гажак” конини ўзлаштиришнинг мураккаблиги туфайли компания лойиҳадан чиқди.

М-25 кони геологик тузилишига кўра “жуда мураккаб кон-геологик шароитлар”, захираларнинг ажратиб олинишига кўра “қийин ажратиб олинадиган захиралар” тоифасига киради.

Маълумот учун. Мураккаб геологик тузилиш кўп сонли структуравий бузилишларнинг мавжудлиги, филтрация-сиғим хусусиятларининг катта хилма-хиллиги билан боғлиқ. Бу ерда самарали қазиб олиш учун бутасимон бурғилаш усулидан фойдаланиш талаб этилади. Қия йўналишдаги қудуқларни қуриш 1200 м гача.

ГКЗда тасдиқланган бошланғич захиралар 108,6 млрд м3 ни ташкил этади. Шу билан бирга, қазиб олиш даврида (30 йил) тўпланган газ қазиб олиниши кутилмоқда – 81,2 млрд м3 ва қазиб олиш коэффициенти – 0,77.

Табиий газ таркиби ва қатламнинг тавсифи:

  • юқори олтингугуртли газ (олтингугурт миқдори 7% гача);
  • юқори карбонат ангидрид гази (таркибида карбонат ангидрид гази 12% гача);
  • кондаги аномал юқори қатлам босими 65 МПа;
  • кесими бўйича юқори ҳарорат 150°С гача етади;

Таққослаш учун:

  • Муборак ҳудудидаги конларда олтингугурт (H2S) миқдори – 3,8%, карбонат ангидрид гази (СО2) миқдори 4,61% гача.
  • Устюрт ҳудудидаги конларда олтингугурт (H2S) миқдори – 0%, карбонат ангидрид гази (СО2) миқдори 1,31% гача.
  • Шўртан ҳудудидаги конларда олтингугурт (H2S) миқдори – 0,07%, карбонат ангидрид гази (СО2) миқдори 2,9% гача.
  • Газли ҳудудидаги конларда олтингугурт (H2S) миқдори – 0,72%, карбонат ангидрид гази (СО2) миқдори 3,1% гача.

Ушбу шароитлар юқори босим, ҳарорат, водород сулфидга чидамлиликни таъминлайдиган ускуналар, материаллар, кимёвий реагентлар, технологияларга алоҳида талабларни қўяди ва углеводородли агрессияга қарши, бурғилаш эритмасининг юқори зичликларида (2,30 г/см3 гача) ишлаш, кучли (600 м гача) юқори қатлам босимига эга коллектор бурғилаш эритмаларини бошқаришда алоҳида ёндашувни талаб қилади. Коннинг мураккаб геомеханикаси туфайли бурғилаш эритмаларининг, шу жумладан углерод асосли эритмаларнинг алоҳида хусусиятлари зарур.

Бундан ташқари, мақсадли горизонтларнинг қатлам шароитлари – термобарик шароитлар ва қатлам флюидидаги карбонат ангидрид ва водород сулфид миқдори – юқори босим остида агрессив юқори ҳароратли кислотали муҳитда ишлай оладиган коррозияга чидамли CRA (никел-хром-молибден) қотишмасидан тайёрланган қимматбаҳо эксплуатация ускуналари ва материалларини моддий жиҳатдан бажариш зарурлигини белгилайди. Буни ўз навбатида лойиҳанинг халқаро техник маслаҳатчилари (Halliburton, Schlumberger, Baker Hughes, Weatherford ва бошқалар) тасдиқладилар.

Шунингдек, қудуқларни синаш жараёнида насос-компрессор қувурларида (НКҚ) олтингугуртнинг чўкиши кузатилади, уларни бартараф этиш учун олтингугурт тиқинларини эритишга қодир бўлган кимёвий реагентларни ҳайдаш керак.

Маълумот учун. Ҳисоблашлар шуни кўрсатадики, газ таркибида олтингугурт бўлганда 0,7 г/м3 10% олтингугурт қувурлар юзасида тўпланади кунига 283 минг м3 қудуқда 20 кг атрофида олтингугурт чўкади. Оператор томонидан тажриба-саноат ишлари олиб борилди. Унда турли хил реагентлар синовдан ўтказилиб, НҚҚда олтингугурт тиқинларини бартараф этиш учун кимёвий реагентларни танлаш бўйича жаҳон тажрибаси ўрганилди ва дастлаб "МИРРИКО" (РФ) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Atren B-solv эритмаси танланди.

Қудуқ стволида чўкиндиларга қарши курашиш учун конни ишлатиш лойиҳаси (ҚЕЭ)да қуйидаги режа-тадбирлар назарда тутилади: комбинацияланган усул билан (механик ёки кимёвий) олтингугурт чўкиндиларини олиб ташлаш қудуқларни бир йилда 30 кунга қўшимча мажбурий тўхтатишга. Қудуқда бошқа операцияларни ҳисобга олган ҳолда тўхташларнинг умумий вақти йилига 55 кунни ташкил этиши мумкин.

2017 йилдан “Surhan Gas Chemical Operating Company” компанияси оператор сифатида “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (“Гажак”) конида ва “Ўзбекистон мустақиллиги” инвестиция блокида маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида нефт-газ операцияларини амалга оширишни бошлади.

Геология қидирув ишлари доирасида 160 квадрат километр ҳудудда 3D, 492 погон километр ҳудудда эса 2D услубида сейсмик тадқиқот ишлари амалга оширилди. Жами 23 та қудуқда бурғилаш, 10 та қудуқда синов ишлари якунланган. Ҳозирги вақтда 4 270 нафардан ортиқ қурувчилар ва 517 та қурилиш техникаси жалб қилинган.

Мавзуга оид