Жаҳон | 14:50 / 23.09.2024
1284
4 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Apollo Intel'га миллиардлаб сармоя таклиф қилади

Активларни бошқариш компанияси молиявий муаммоларга дуч келган Intel технологик гигантига 5 миллиард долларгача сармоя киритишни таклиф қилди. Шу билан бирга, рақобатчи Qualcomm сотиб олишни таклиф қилди.

Фото: David Paul Morris / Bloomberg

Американинг Apollo Global Management активларни бошқариш компанияси Американинг Intel компаниясига 5 миллиард долларгача (4,5 миллиард евро) сармоя киритишни таклиф қилди, деб хабар берди Bloomberg 22 сентябр, якшанба куни кечқурун ўзининг «вазиятдан бохабар манбаларига» таяниб.

Агентликка манбалар маълум қилишича, молиявий муаммоларга дуч келган технологик гигант раҳбарияти ҳозирда Apollo таклифини кўриб чиқмоқда. Улар ҳали якуний қарорлар йўқлигини ва потенциал инвестициялар ҳажми ўзгариши мумкинлигини қўшимча қилди, шунингдек, бу музокаралар тўхтаб қолиши ва ҳеч қандай келишувга олиб келмаслиги мумкинлигини айтди.

Intel Bloomberg хабарига изоҳ беришдан бош тортди, Apollo эса Reuters сўровига жавоб бермади. Бир пайтлар дунёдаги энг йирик чип ишлаб чиқарувчи бўлган Intel акциялари йил бошидан буён ўз қийматининг деярли 60 фоизини йўқотди, дея қайд этади Reuters. Жорий йилнинг бошида Apollo Intel'нинг Ирландиядаги янги ишлаб чиқариш мажмуаси билан боғлиқ қўшма корхонанинг 49 фоиз улушини 11 миллиард долларга (тахминан 10 миллиард евро) сотиб олишини билдирганди.

Intel рақиби сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда

Intel'га сармоя киритиш мавзуси Qualcomm таниқли компютер чиплари ишлаб чиқарувчисини сотиб олиш имкониятини ўрганиш таклифи билан Intel'га мурожаат қилганидан кўп ўтмай жамоатчиликка ошкор бўлди. Reuters хабарига кўра, Qualcomm бош директори Кристиано Амон 50 йиллик тарихга эга бўлган Intelʼни сотиб олиш бўйича музокараларда шахсан иштирок этмоқда. Агентлик маълумотларига кўра, бу мунозаралар ҳам дастлабки босқичда. Аввалроқ Qualcomm Intel чипларини ишлаб чиқиш бизнесининг бир қисмини сотиб олиш имкониятини ҳам кўриб чиққанди.

Bloomberg таъкидлаганидек, бош директор Пэт Гелсинжер бошчилигида Intel ички ўзгаришларни амалга ошириш ва янги маҳсулотлар, технологиялар ва ташқи мижозларни жалб қилиш бўйича режа устида ишламоқда. Бироқ, бу ташаббус компаниянинг обрўсига путур етказган ва ўнлаб миллиард долларлик йўқотишларни келтирган даромадлар ёмонлашгани ҳақидаги бир қатор ҳисоботларга олиб келди.

Intel Германияда 30 млрд евролик завод қурилишини кейинга қолдирди

Магдебургда Intel чип ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши икки йилга тўхтатилди, деди Гелсинжер 16 сентябр куни. Бу Германия тарихидаги энг йирик тўғридан тўғри хорижий инвестициялар бўлиши керак эди: у 30 миллиард еврога баҳоланган ва Германия ҳукумати ушбу маблағнинг учдан бир қисмини — 9,9 миллиард еврони субсидиялар шаклида беришга тайёр эди. Лойиҳа 3000 га яқин иш ўрни яратиши ва дастлаб 2027 йилда ишлаб чиқаришни бошлаши режалаштирилган эди.

Intel'га кўра, ҳозирда йўқотишлар билан курашаётган компания учун харажатлар жуда юқори бўлган. «Биз рақобатбардошроқ харажат тузилмасини яратиш ва 10 миллиард доллар тежаш мақсадимизга эришиш учун ҳозир ҳаракат қилишимиз керак», деди Гелсинжер. Шунингдек, у Полшанинг Вроцлав шаҳрида микрочип ишлаб чиқарувчи завод қурилиши тўхтатилганини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид