Жамият | 11:06 / 28.09.2024
5183
2 дақиқада ўқилади

Юнусободда Жентра ҳайдовчиси дрифт қилиб, авария ҳолати юзага келтирди. Чора кўриладими? 

Тўй кортежида қатнашган Жентра ҳайдовчиси одамлар гавжум кўчада автомобилини кўз-кўз қилиб, турли томонга тартибсиз ҳаракатланиб, йўл четида турган икки ўқувчини уриб юборишига бир бахя қолди. Автомобил рақами маълум - 10 О 702 ХА. Фақат ундаги “эркатой”ни аниқлаш ва тегишли чора кўриш қолган.

Kun.uz манбасига кўра, ҳолат пойтахтнинг Юнусобод тумани Шаҳристон кўчасида, шаҳар 7-сонли касалхонаси яқинида юз берган. 

Қора рангли Жентра ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда йўлнинг ўртасида бир неча марта хавфли манёврлар ва дрифт қилган. Гувоҳга кўра, у йўл четидаги икки ўқувчини уриб юборишига бир бахя қолган. Камера ёзувларида машинанинг давлат рақами 10 О 702 ХА экани кўринади.

МЖтКнинг 128-5-моддаси иккинчи қисмига кўра, ҳайдовчи йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши, худди шунингдек, авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиши - 3 млн 400 минг сўм жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу ҳолатга пойтахт ЙҲХХ расмийлари эътибор қаратиб, қоидабузарга тегишли чора кўриши лозим.

Асрор Абдуназаров
Тайёрлаган Асрор Абдуназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид