Ўзбекистон | 19:38 / 03.10.2024
5088
6 дақиқада ўқилади

Humans Pay'да тўловлар ва ўтказмаларни амалга оширишда носозликлар кузатилмоқда

Кўплаб фойдаланувчилар учун картадаги маблағдан муайян хизматларга тўлов қилиш ва бошқа картага пул ўтказиш имконсиз бўлиб турибди. Шунингдек, охирги ойларда ушбу илова орқали бир қатор ҳолатларда одамларнинг пуллари фирибгарлар томонидан ўғирланган.

Фото: Humans

Ижтимоий тармоқларда истеъмолчилар бир неча кундан бери Humans Pay фаолиятида носозликлар кузатилаётганини ёзишяпти. Бу борада Kun.uz'га ҳам бир нечта мурожаатлар келиб тушди.

“Бир ҳафтадан бери Humans иловасида карталар ишламаяпти. Кўпчилик фойдаланувчиларнинг Visa картасида пуллари музлаб турибди. Демоқчи бўлганим, компания анчадан бери Visa карта бермай қўйди. Авваллари Visa қўшиб беришарди. Ҳозир Ўзбекистон бўйича Visa йўқ экан. Виртуал Visa очиб беришади, шуни ишлатяпмиз. Компания йўқ бўлиб, картадаги пулларга куйиб қолмаймизми? Ўзларига мурожаат қилсак, техник ишлар амалга оширилмоқда, ишлаб кетади деб 1 ҳафтадан бери айтишяпти. Лекин амалда ўзгариш йўқ. Visa билан кешбэк картада пул кўрсатяпти. Қолган карталарда эса йўқ. Тўлов амалга ошириб бўлмаяпти”, – дейди мурожаатчилардан бири.

Бошқа бир мурожаатчи эса Humans Visa карталари 10 кундан бери музлатиб қўйилганини айтади.

“Humans Visa карталари 10 кундан бери музлатилган. Humans компанияси бу бўйича расмий хабар бермади, муаммони бартараф қилиш бўйича ҳам чора кўрмади, муддатни хам ошкор қилмаяпти. Шу бўйича суриштириш қилиб, маълумот беришингизни сўрайман”, дея ёзган у.

Humans Pay'га уланган карталардан пул ўғирланган

Kun.uz'гa мурожаат қилган жабрланувчининг сўзларига кўра, бир неча дақиқа ичида унинг картасида Humans иловаси орқали умумий 20 млн сўм пул ўғирланган.

“Пластигимга пул туширдим, бироз ўтиб "Сизнинг қурилмангизга бегона одам кирди" деган SMS келди. Шундан кейин карта муваффақиятли улангани ҳақида хабар келди. Бу орада 9 млн, 1 млн, 10 млн қилиб, умумий 20 млн сўм пулимни ечиб олишди. Humans колл-маркази билан боғлангунимча, пул тугади. Менга 15:25 да пул тушди, бирдан иловадан бошқа қурилма киргани ҳақида менга SMS келяпти. Бу орада мен томондан ҳеч қандай ҳаракат амалга оширилгани йўқ. Шундан сўнг ИИБга бориб, ариза қолдирдим. Улар киберхавфсизлик бўлимига аризамни жўнатишини айтди. Humans'га ҳам телефон қилдим, улар 7 кундан 14 кунгача бўлган муддатда аризамни кўриб чиқишларини айтди. Белгиланган муддат ўтгач, уларга яна телефон қилдим, аммо мутахассислари мурожаатим ҳали кўриб чиқилмаганини айтди. Мана, 2 ой бўлди, Humans'дан ҳеч қандай жавоб бўлгани йўқ. ИИБга телефон қилсам, улар ҳам Humans сўралган маълумотларни ҳали бермаганини айтишяпти”, дейди мурожаатчи.

Ўзини Элёр деб таништирган яна бир мурожаатчининг сўзларига кўра, унинг пластигидан умумий ҳисобда 10 млн 800 минг сўм пул ечиб олинган.

“21 август куни соат 14:05 да Humans Pay'дан телефонимга тинмасдан SMSлар кела бошлади. Пластик картамдан икки марта пул ечилди, биринчи сафар 4 млн, иккинчи сафар 6 млн 800 минг. Мен бир оддий қишлоқдаги оиладанман, бу пулларни қандай ишлаб топганимни тасаввур қилиш қийин. Humans'дагиларга телефон қилсам, пластигимдан пул ечилганини тасдиқлашди, аммо буни улар амалга оширмаганини айтишди. Халқ банкидагилар ҳам эътибор қилмади, ёрдам ҳам бермади. ИИБга ариза бердим, жавоб келмади. Шунга ўхшаш ҳолат қишлоғимиздаги бошқа одам билан ҳам кузатилди”, дейди у.

Бошқа бир мурожаатчининг олган кредитлари фирибгарлар томонидан ўғирланган.

“Ўз эҳтиёжларимга ишлатиш учун банкдан кредит олгандим. Олинган пулнинг бир қисмини ишлатдим, 9 млн 430 минг сўм маблағ қолганди. Тунги 00:42 ларда тўхтовсиз Humans'дан смслар келди ва пулимни ечиб олишди. Колл марказга телефон қилсам, эртага ўз банкингизга бориб кирим-чиқимни чиқариб олинг ва ички ишларга мурожаат қилинг дейишди. Икки ойдан буён пулларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ”, дейди у.

Тўлов ва ўтказмаларни амалга ошириш тўхтатилган

Kun.uz мухбири Humans'нинг мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати билан боғланганда навбатчи оператор тўлов ва ўтказмаларни амалга ошириш вақтинчалик тўхтатилганини тасдиқлади. Ушбу амалиётлар қачон тикланиши бўйича аниқ муддат айтилмади.

Оператор мижозларнинг картасидан пул ечиб олиниш ҳолати кўпайганини ва айнан бу Humans иловаси билан жуда кўп содир бўлаётганини одамларнинг ўзи келган кодни фирибгарларга бергани билан изоҳлади.

Марказий банк ахборот хизматига кўра, айни пайтда Humas Pay'га нисбатан регулятор томонидан чеклов ўрнатилмаган.

2 октябр куни Марказий банк UPay савдо белгиси билан фаолият кўрсатувчи “Мароқанд” тўлов ташкилоти фаолиятини 6 ойга чеклаганини маълум қилди. Бунга тўлов ташкилотининг қимор ўйинлари учун тўловлар қабул қилинишининг олдини олмагани сабаб сифатида келтирилган.

2022 йилда Upay'нинг 100 фоиз улуши Humans томонидан сотиб олинган. Компания яқинда Humans Pay орқали ягона бренд остида фаолият кўрсатиш режасини ҳам эълон қилганди.

Мавзуга оид