Ўзбекистон | 13:40 / 04.10.2024
2321
2 дақиқада ўқилади

Туроператорларга 25 млрд сўмгача мақсадли маблағлар берилади

Ўзбекистонда туроператорларга хорижий мамлакатлардан республикага туристларни олиб келиш билан боғлиқ харажатларини молиялаштириш учун айланма маблағ билан таъминлаш мақсадида 25 миллиард сўмгача маблағ берилади. 

Ҳукумат қарорига кўра, туроператорларга маблағ тижорат банклари орқали тўғридан тўғри тақдим этилади.

Кредитлар бир хўжалик юритувчи субъектга айланма маблағларни шакллантириш учун 25 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади. Мақсадли маблағ бериш шартлари туроператор фаолиятини 1 йилдан ортиқ амалга ошириш ва камида 15 фоиз миқдорда ўз маблағларини жалб қилиш имконияти (шу жумладан бино ва иншоотлар кўринишида) ҳисобланади.

Ажратилган маблағларнинг самарали ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш учун туроператорлар қуйидагиларни кўпайтириш бўйича мажбурият олади:

  • хизмат кўрсатилаётган хорижий сайёҳлар сонини камида 25 фоизга;
  • туристик хизматлардан олинадиган даромадларни камида 25 фоизга.

Ажратилган маблағни қуйидагиларга сарфлашга йўл қўйилмайди:

  • илгари олинган кредитлар ёки бошқа қарзларни қайтаришга;
  • алкогол ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришга;
  • ишлаб чиқариш (хизмат) мақсадларида фойдаланилмайдиган шахсий мулкни (мебел, мобил телефон, маиший техника ва ҳ.к.) сотиб олишга;
  • автотранспорт воситаларини (қиймати кредит суммасининг 40 фоизгача бўлган, 8 ва ундан ортиқ киши сиғадиган енгил автомобилларни сотиб олиш бундан мустасно) сотиб олишга;
  • маъмурий харажатларни, шу жумладан хизмат автомобилларини тўхташ жойига қўйишни қоплашга;
  • бино ва иншоотларни сотиб олиш ва қуришга.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид