Ғазода қириб юборилган оилалар, Ливандаги қочқинлар ва COVID-19нинг янги асоратлари — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ливандаги вазият
Исроил армияси кеча Ливан пойтахти Байрут шаҳри марказига ҳужум уюштирди. Натижада 18 киши ҳалок бўлган, 92 киши яраланган.
Шаҳар марказидаги икки йирик портлашдан сўнг қуюқ тутун кўтарилган. Ҳужум уюштирилган туманга кўплаб тез ёрдам ва ўт ўчириш машиналари йўналтирилган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлаш нуқтасига яқин бинолар ва автомобиллар шикастланган.
Ливанга ҳужумлар мажбуран кўчирилган одамларни таърифлаб бўлмас шароитларда яшашга мажбур қилмоқда, деб ёзмоқда «Чегара билмас врачлар» ташкилоти.
Исроилнинг Ливанга ҳужумлари 1 миллиондан ортиқ инсон яшаб турган жойларини ташлаб чиқишга мажбур қилган.
Халқаро мустақил ва нотижорат «Чегара билмас врачлар» ташкилотининг мувофиқлаштирувчиси Луна Ҳаммаднинг айтишича, бу борада чуқур инқироз кўзга ташланяпти ва аҳолининг эҳтиёжлари мавжуд ресурслардан каррасига кўпроқ.
«Бомбардимон бўлишдан қочиб турли туманларга кўчирилган одамлар сони 1 млндан ортиқ. Бу одамлар Ливан жанубида, Бекаа водийсида ва Байрут ён-атрофида қўним топган», — деган Ҳаммад.
Бу орада Исроил Ливандаги БМТ тинчликпарвар кучларининг позицияларига ҳам зарба бергани маълум бўлди. Икки киши яралангани хабар берилмоқда.
Хабар қилинишича, Исроил танки кучлар штабининг Рас-ун-Накурадаги қўриқлаш минорасига қарата ўт очган. Яна икки ҳужумда ҳеч кимга зарар етмаган.
БМТнинг Ливандаги муваққат кучлари — UNIFIL 1978 йилда тузилган ва 2006 йилда Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги натижасиз урушдан сўнг кенгайтирилган эди.
БМТ қўшинлари таркибида Франция, Италия, Индонезия, Малайзия ва ганалик аскарлар бор.
Ғазодаги вазият
Исроил Ғазода агрессияни давом эттирмоқда. Мактабга ҳужум камида 20 нафар фаластинликни ҳаётдан олиб кетди.
Ҳужум Дайр-ул-Балаҳ шаҳридаги Рафид мактабига уюштирилган. Бу ерда мажбуран кўчирилган фаластинликлар жойлаштирилган эди. 20 киши ўлдирилгани ва ўнлаб инсонлар яралангани хабар қилинмоқда.
Исроил самолётлари Ғазонинг шимолидаги Жабалия қочқинлар лагерида ишлаётган «Ал-Ақсо» телеканали мухбирлари ишлаётган чорраҳага бомба ташлади. Фотожурналист ва оператор Муҳаммад ат-Тананий воқеа жойида ҳалок бўлган, мухбир Тамир Лабад яраланган.
Зарбадан сўнг Исроил аскарлари съёмка гуруҳи ишлаётган жойга тез ёрдам машиналари боришига монелик қилишган. 2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазода ўлдирилган журналистлар сони 176 нафарга етди.
Албанияга расмий сафар билан борган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ғазодаги геноцид инсониятнинг умумий исноди, эканини таъкидлаган.
Албания бош вазири Эди Рама билан қўшма матбуот анжуманида Эрдўған шундай деган.
«Биз бутун жаҳон ҳамжамияти сиймосида ўт очишни тўхтатиш ва инсонпарварлик ёрдамларини етказиш учун Исроилга босим ўтказишга эришишимиз керак», деган Эрдўған.
Ғазодаги геноцид оқибатлари
Британиянинг Airwars нотижорат таҳлил компанияси Sky News билан ҳамкорликда Исроилнинг сўнгги бир йил ичида Ғазога берган юзлаб зарбалари тасвирларини ўрганиб чиқди.
Видеоёзувлардаги маълумотлари муайян геолокацияларга боғланиб, тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани ва ярадор қилингани тўғрисидаги очиқ маълумотларга боғлаб чиқилган.
Агрессиянинг биргина дастлабки ойларида Airwars Исроил армияси томонидан эълон қилинган кадрлар ҳужжатлаштирилган қотилликлар ва зиён етказиш тўғрисидаги маълумотларга мос келиши билан боғлиқ 17 та ҳолатни аниқлаган. Биргина шу 17 ҳолатда 400 дан ортиқ одам ўлган ва уларнинг ярми ёш болалардир.
Тадқиқот натижаларини шарҳлар экан, компания директори Эмили Трипп Исроил ҳарбий ҳаво кучларининг бомбалашлари «тинч аҳоли ўртасида мисли кўрилмаган қурбонлар» келтириб чиқарганини таъкидлаган. Боз устига, Исроил зарбалари катта аниқликда амалга оширилаётгани иддао қилинган эса-да, аслида, кўп ҳолларда зарбалар тартибсиз берилган.
Исроилнинг Ғазога ҳужумлари чоғида фаластинлик 902 та оила бутунлай йўқ қилингани маълум бўлди.
Сўнгги бир йил ичида ўлдирилган фаластинликлар сони 42 минг 100 нафардан ошган. Уларнинг 17 мингдан зиёди ёш болалар. Яна минглаб одамлар бедарак йўқолган ёки вайроналар остида қолмоқда.
15 сентябр куни Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлдирилганларнинг исми, ёши, жинси кўрсатилган ҳолда 34 минг 344 кишини номма-ном эълон қилди. Яна минглаб жасадлар ҳозирча таниб олинмаган.
Ҳар куни Ғазода ўртача 115 киши ўлдирилмоқда: уларнинг 46 нафари ёш болалар, 31 нафари аёллар ва 38 нафари эркаклар. Ҳар куни ўртача 266 киши яраланмоқда. 27 киши бедарак йўқолмоқда.
Исроилнинг ҳужумлари туфайли 902 та оила фуқаролик ҳолатини қайд этиш дафтарларидан ўчирилди. Бу мазкур оиланинг барча аъзолари ўлганини англатади.
Бундан ташқари, 1364 та оилада фақат бир аъзо, 3472 оилада икки аъзо қолган.
Энг кўп ўлдирилган Ал-Нажар оиласига мансуб — 393 киши, шунингдек, Ал-Масрий оиласидан 226, Ал-Астал оиласидан 225 киши ўлдирилган.
Қурбонларнинг ичида энг ёши улуғи 101 ёшли Аҳмад Муҳаммад Иброҳим Ат-Таҳровий экани айтилмоқда.
Эроннинг қўшниларга талаби
Эрон Форс кўрфази атрофидаги давлатларга жиддий огоҳлантириш билан чиқди. Араб давлатларига Исроилнинг Теҳронга қарши эҳтимолли ҳужум чоғида яҳудийларга ҳаво кенгликлари ва ҳарбий базалардан фойдаланишга йўл қўйиб бермаслик сўралган.
Reuters агентлигининг эронлик манбаларидан бирининг айтишича, араб давлатларининг потенциал аралашувига тоқат қилиб бўлмайди ва Эрон оқибатлар билан таҳдид қилган.
Бу баёнот Эроннинг 1 октябр куни Исроилга ракета ҳужуми фонида минтақадаги ўта нозик геосиёсий ландшафтни қайд этади.
Шу ҳафтада Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Саудия Арабистони ва Қатарга бориб, бу икки мамлакатни можарога аралашмаслик ва Исроилни қўллаб-қувватламасликка кўндиришга уринган.
Reuters билан суҳбатлашган эронлик мулозимнинг айтишича, Форс кўрфазидаги ҳар қандай давлатнинг Теҳронга қарши хатти-ҳаракатлари коллектив ҳаракат сифатида қабул қилинади ва Эроннинг жавобини юзага келтиради.
Эрон расмий шахслари Тел-Авивга ҳар қандай ёрдамга тоқат қилолмаслигини билдириб қўйган. Айниқса Эронга зарба бериш учун ҳаво кенгликларини очишни.
COVID-19нинг янги асоратлари
COVID-19 юрак хуружлари ва инсулт хавфини ошириши маълум бўлди.
COVID-19ни бошидан кечирганларда коронавирус юқтирганидан кейинги уч йил ичида юрак хуружлари ва инсулт каби юрак-қонтомир касалликларига чалиниши хавфи икки баробар юқори бўлар экан.
Жанубий Калифорния, Калифорния университетлари ҳамда Оҳайодаги Лернер тадқиқот институти олимлари шундай хулосага келишган.
Олимлар Британиянинг Biobank тиббиёт базасидан ўрин олган 250 минг кишининг касаллик тарихини ўрганиб чиқишган.
Улар 2020 йилда COVID-19 билан оғриган беморларнинг ёзувларини коронавирус юқтирмаган 222 минг инсоннинг ёзувлари билан таққослашган.
Олимларнинг сўзларига кўра, COVID-19ни бошдан кечирган одамларда келгуси уч йил ичида юрак хуружи ва инсултга чалиниш ҳамда мазкур юрак-қонтомир тизими хасталикларидан вафот этиш хавфи коронавирус юқтирмаган одамларга нисбатан икки баробар кўпроқ экан.
Олимлар COVID-19 билан оғриб, шифохонага ётқизилганларда юрак хуружи, инсулт ва бу икки дарддан вафот этиш хавфи вақт ўтиши билан ҳам пасаймаган.
Олимлар вируснинг инсон организмининг юрак-қонтомир тизимига бу қадар узоқ вақт таъсир қилиши сабабини тушунтира олишмаган.
Мавзуга оид
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024
Ғазодаги очарчиликдан огоҳлантирган Эрдўған, Эрон ядровий объектига зарбани тан олган Нетаняҳу ва Трампнинг мигрантлар бўйича режаси — кун дайжести
13:40 / 18.11.2024