21 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар
Президентнинг давлат тили масаласидаги мурожаати, техникумга айлантириладиган коллежлар ва дарахтларни нобуд қилган экоинспекция бошлиғи — кун давомида Kun.uz'да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
“Тил – ҳассос масала”
Бугун – Ўзбек тили байрами куни. Бундан роппа-роса 35 йил муқаддам, 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинган эди. Маълумот учун, дунёда 6 мингдан ортиқ тил мавжуд бўлса, улардан фақат 200 га яқини давлат тили мақомига эга.
Байрам муносабати билан Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига табрик йўллади. Президент давлат тили ривожи учун қилинаётган ишлар ва муҳим вазифаларни санаб ўтди. Хусусан, ўзбек тилини ахборот технологиялари соҳасидаги йирик дастурлар тили қаторига киритиш чораларини кўриш долзарб вазифамиз бўлиб қолади, деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, давлат тили фақатгина соҳа мутахассисларининг эмас, балки кўпмиллатли бутун халқимизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва ватанпарварлик фазилатлари билан равнақ топади. “Ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан бўлган тил масаласида ортиқча эҳтирос ва ҳиссиётларга берилмасдан, узоқни ўйлаб, вазминлик билан иш тутиш кераклигини ҳаммамиз яхши англаймиз”, – деди президент.
Дават раҳбари ўзбекистонликларга мурожаат қилиб, “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни ҳаётга татбиқ қилишда юксак маданият ва ўзаро бир-бирини англаш туйғусини намоён этишга чақирди.
Ўзбекистонликларни бугунги байрам билан дипломатик корпус вакиллари ҳам қутламоқда. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник ўзбек тилида табрик йўллаб, тилимизни қанчалик ўрганиб олганини бозорлик қилиш асносида кўрсатиб берди. Элчихона тарқатган видеода у сабзи харид қилаётиб, “нега қиммат, доллар ошдими, ками борди” дея савдолашганини кўриш мумкин.
Коллежлар техникумга айлантирилади
Ўзбекистонда касбий таълим тизими энди фақат техникумлардан иборат бўлади. Президент фармонига кўра, коллежлар ва касб-ҳунар мактаблари техникумларга айлантирилмоқда. Техникумларда бошланғич касбий таълим 9-синфдан кейин давлат гранти асосида, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим эса давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ташкил этилади. Ўрта махсус дипломини олган аълочи битирувчилар ўқишини бакалавриатнинг юқори курсларида давом эттириши мумкин бўлади.
Техникумларда таълим жараёнига халқаро стандартлар жорий этилиши кутилмоқда. Техникум директорлари очиқ танлов асосида танлаб олинади ва улар бир қатор ҳуқуқларга эга бўлади. Ўқитиладиган фанлар мажмуасини 30 фоизгача ўзгартириш, етакчи хорижий таълим ташкилотлари билан тўлов-контракт асосидаги қўшма таълим дастурларини жорий қилиш, қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш бўйича тўғридан тўғри шартномалар тузиш шулар жумласидан.
Эслатиб ўтамиз, бу ўзгаришлар ўтган ойда президентга тақдимот қилинган эди. Тақдимотда берилган маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистондаги касбий таълим тизими 333 та касб-ҳунар мактаби, 227 та техникум ва 112 та коллежни ўз ичига олади. Уларнинг негизида 600 та техникум ташкил этилиб, қолган 71 та муассасанинг биносини умумтаълим мактабига айлантириш режалаштирилган.
Газ қазиб олиш қисқармоқда
Статистика агентлиги 9 ойлик якунлари бўйича саноат статистикасини эълон қилди. Ҳисоботдан маълум бўлишича, табиий газ қазиб олиш қисқаришда давом этмоқда. Январ–сентябр ойларида 35 млрд куб метр газ қазиб олинган бўлиб, бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 млрд куб ёки салкам 5 фоизга кам.
Қазиб олишнинг қисқариб бориши фонида импорт ҳажми ошиб боряпти. 9 ой давомида хориждан 1,3 млрд долларлик газ сотиб олинган, бу – 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда 3,5 баробарга кўп. Шунингдек, ҳисобот даврида газ экспорти 16,5 фоизга ёки 480 млн долларгача ошган.
Статистика агентлигига кўра, нефт қазиб олиш 7 фоизга камайган, бензин ва дизел ишлаб чиқариш деярли ўзгаришсиз қолган. Шу билан бирга, электр энергияси ишлаб чиқариш 4 фоизга, кўмир қазиб олиш эса 19 фоизга ошган.
1 грамм олтин – $90
Жаҳон бозорида олтин нархлари узоқ йиллик рекордларни янгилашда давом этаркан, бу тенденция Ўзбекистонда ҳам кўзга ташланмоқда. Мамлакатимизда 1 грамм қуйма олтин нархи 90 долларга етди.
Олтин қуймалар ва эсдалик олтин тангаларнинг Марказий банк томонидан янгиланган нархларига кўра, 1 грамм олтин нархи 1 млн 150 минг сўмни ташкил этмоқда. Ҳозирда банклар орқали 5 граммли олтин қуймаларни 5 млн 750 минг сўмга, 15 граммли эсдалик тангани эса 17 млн 418 минг сўмга сотиб олиш мумкин. Бу – йил бошидаги нархлардан 36 фоизга, бир йил олдинги нархлардан эса 45 фоизга юқори. Оддийроқ айтганда, тилланинг нархи бир йил ичида салкам 1,5 баробарга қимматлашди.
5 та хусусий ОТМ судга берилган
Олий таълим вазирлиги йил бошидан бери 5 та хусусий университетнинг лицензиясини бекор қилиш бўйича судга ариза киритган. Шундан 4 та ҳолатда судлар аризани рад этган, 1 та ҳолатда олийгоҳнинг лицензияси бекор қилинган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилда 26 та хусусий олийгоҳнинг фаолияти ўрганиб чиқилган. Уларнинг аксариятида хато ва камчиликлар, қоидабузарликлар аниқланган ва бу камчиликларни бартараф этиш бўйича 1 ой муддат берилган. Ана шу муддат ичида кўрсатилган талабларни бажармаган олийгоҳларга нисбатан судларга даъво аризалари киритилган.
Расмий хабарда қўшимча қилинишича, лицензияси бекор қилинган университетларнинг талабалари ўқишини давлат ёки нодавлат олийгоҳларнинг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчириш ҳуқуқига эга.
Дарахткесар экология бошлиғи
Жиззах вилояти Дўстлик тумани Экология инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган Фазлиддин Абдусаматов қидирувга берилди. У ноқонуний дарахткесарликда айбланмоқда.
Суд ажримида келтирилишича, Фазлиддин Абдусаматов 2024 йил 18 июл куни Дўстлик тумани Наврўз маҳалласида йўл бўйида экилган 14 туп қимматбаҳо шумтол (ясин) дарахтини қуриб қолганлик важи билан ноқонуний равишда, ўзбошимчалик билан кесиб ташлаган. Ўтказилган суд-биологик экспертизаси хулосасига кўра, кесилган 14 туп шумтолнинг 3 тупи қуримаган бўлган.
Табиатга етказилган зарар салкам 228 млн сўмга баҳоланмоқда. Айбланувчи терговдан яширингани сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинди.
Мавзуга оид
21:35 / 26.11.2024
26 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:55 / 25.11.2024
25 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:41 / 22.11.2024
22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:40 / 21.11.2024