Ўзбекистон | 13:40 / 24.11.2024
3244
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланади

Қирғизистон президенти имзолаган қонун билан, 2025 йил 1 июлдан бошлаб мамлакатда электрон сигаретлардан фойдаланиш, уларни мамлакат ҳудудига олиб кириш ва электрон сигареталар савдоси тақиқланади. Аввалроқ шунга ўхшаш қонун лойиҳаси Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқилган эди.

Фото: AP

Қирғизистон президенти Садир Жапаров аҳоли саломатлигини таркибида никотинли суюқлик бўлган электрон сигареталардан ҳимоя қилишга оид қонунни имзолади.

Қонун 2025 йил 1 июлдан кучга киради ва шу санадан бошлаб Қирғизистонга электрон сигаретларни олиб кириш, улардан фойдаланиш ва электрон сигареталар савдоси тақиқланади.

Электрон сигаретларадан фойдаланиш ва уларни сотишни тақиқловчи талабларни бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланади.

Жумладан, электрон сигареталардан фойдаланганлик учун жисмоний шахсларга 10 минг сом (тахминан 1,5 млн сўм), юридик шахсларга 60 минг сом (тахминан 8,9 млн сўм) маъмурий жарима тайинланади. Электрон сигареталарни сотганлик учун эса жисмоний шахслар 20 минг сом (тахминан 2,96 млн сўм), юридик шахслар эса 65 минг сом (тахминан 9,6 млн сўм) жаримага тортилади.

Қонунга биноан, Қирғиз Республикасининг Жиноят кодексига ҳам ўзгартишлар киритилади. Унга кўра, электрон сигареталарни ноқонуний равишда оз бўлмаган миқдорда олиб кирганлик учун 2 ойдан 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 120 минг сом (тахминан 17,8 млн сўм) жарима ёхуд муайян фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқидан 1 йилгача маҳрум қилиш жазоси қўлланади.

Худди шу қилмиш катта ёки ўта катта миқдорда содир этилган бўлса, 150–200 минг сом (тақрибан 22,2 млн – 29,6 млн сўм) жарима ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва маълум фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқидан 2 йилгача маҳрум қилиш жазоси берилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил апрелида Ўзбекистонда ҳам электрон сигареталар ва тамакини қиздириш тизимлари муомаласини тақиқлаш ҳақида қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова мактаб ўқувчилари орасида синтетик наркотик истеъмол қилиш кўпаяётганини айтганди.

Мавзуга оид